«СНОС» ЭПИДЕМИЯСИНИНГ ИККИНЧИ ТЎЛҚИНИ

150

Блогерлар бурчаги

Охирги вақтларда бўлаётган ишларни кўриб, одамларни норози қилган «снос» эпидемиясининг иккинчи тўлқини бошланганига гувоҳ бўляпман.

Афсуски, бу сафар йиллаб фуқароларнинг пешона тери билан пул топиб, қурган уйларини буздириш «акцияси»да фақат ҳокимлар эмас, улар билан бирга аслида ва идеалда фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга масъул ва ваколатли идоралар вакиллари ҳам туриб, фуқароларга қарши зўравонлик олиб бораётгани одамни жуда хафа қилади. Ҳимоя қиладиганларнинг ўзидан ҳимоя керак бўлса, додингни кимга айтасан?
Айниқса, Тошкент ва Сурхондарё вилоятларидан келаётган мурожаатлар ўтган йилги хунук ва Президентни хафа қилган воқеаларнинг қайта бошланишига сабаб бўлади, деган хавотир пайдо қилмоқда. Расмий давлат ОАВ, хусусан «Ўзбекистон 24» канали эса масаланинг тубига етмай, вазиятни холис ўрганмай туриб, бир томонлама фуқароларни айбдор қилиб кўрсатмоқда. Гўёки прокуратура ва ҳокимликлар ҳақ-у, фуқаролар ноҳақ дегандай. Умид қиламанки, бу буюртма эмас. Тағин ким билади…
Аслида, бундай уйларнинг қурилишига ўз вақтида масъуллар рухсат бермаса, давлат еридан ўзбошимча уй-жойни қуриб олишга кимнинг журъати етади?
Кўриниб турганидек, бу яна масъулларнинг навбатдаги «очко» олиш баҳси, кимлардир орден ва медаль олгиси келгани аниқ. Бу уларга ҳам, нохолис ОАВ учун ҳам уят.
Айрим зўравон масъулларнинг ўқувсиз, билимсиз ва қонунлардан бехабарлигини инобатга олиб, уларга Олий Мажлис қабул қилган ва амалда бўлган «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонунни ўқишларини тавсия қилган бўлар эдим. Зора, ҳеч бўлмаса, шу қонунни ҳурмат қилиб, фуқаролар билан муносабат қилишга ўтилса.
Сўнгида зўравон масъулларга одамларни қийнаб медаль олгиси келмасдан, агар адолатли бўлишса, халқ медалдан ҳам ортиғини бериши, бу олий неъмат ишонч ва ҳурмат эканини эслатмоқчиман. Ўйлаб кўринг, ваколатли «зўравонлар!»
Гап эгасини топади…

Расул Кушербаев

Бошқа хабарлар