СПОРТ МИЛЛАТНИ УЛУҒЛАЙДИ

65

Жорий йилнинг 24 январида Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонга имзо чекди.

Спортчи ва мураббийлар ўзларининг кўплаб саволларига ушбу ҳужжатдан жавоб олишди. Масалан, нуфузли мусобақаларда иштирок этган спортчиларнинг ҳаммаси ҳам олий ўқув юртларига киришга муваффақ бўла олмас эди. Фармон билан республика ва халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришган спортчиларга олий ўқув юртларида грант асосида ўқиши учун имтиёзлар жорий этилди.

Бу узоқ кутилган, нафақат спортчиларнинг келажаги, балки ўзбек спортини қўллаб-қувватлаш йўлидаги муҳим ғамхўрлик бўлди. Эндиликда ўтказиладиган республика мусобақаларининг нуфузи янада ошади. Рақобат кучаяди. Спорт мактабларига келадиган ўғил-қизларнинг сони кўпаяди. Бундан ташқари, шогирдлари муваффақиятга эришган мураббийлар муносиб рағбатлантирилиши, умумтаълим мактабларининг жисмоний тарбия ўқитувчи ва мураббийларига ўқувчиларининг эришган натижасига қараб устама пуллари тўланиши келгусида спортга бўлган ёндашув ўзгаришига хизмат қилади.

Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари ўқувчилари ўртасида “Болалар спорт ўйинлари”, олий ўқув юртлари талабалари ўртасидаги “Талабалар спорт ўйинлари”нинг ўтказилиши ёш иқтидор эгаларини аниқлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади. Фармонда спорт иншоотлари қурмоқчи бўлган тадбиркорлар, ҳомий ташкилотларга ҳам қатор имтиёз ва енгилликлар белгиланган.

Муборак туманида Болалар ўсмирлар спорт мактаби бор-у, унинг спорт зали  ва майдонлари йўқ эди. Машғулотлар умумтаълим мактабларининг спорт залларида ўтказиларди. Жорий йилда мубораклик ёшларга ҳам спорт мажмуаси қурилиши, бунинг дастурга киритилгани ҳақида хабарлар бор. Бундан ташқари, яккабоғлик спортсеварлар учун ёпиқ сузиш ҳавзаси қурилаётгани ҳам яхши янгилик.

Демак, энди спортга ёндашув тубдан ўзгармоқда. Белгиланган чора-тадбирлар қоғозда қолиб кетмаса, спортчиларимиз ғолиб, халқимиз эса соғлом ва бахтиёр бўлади.

Эркин ВОҲИДОВ,

 Қарши ихтисослаштирилган олимпия захиралари

мактаб-интернати директори

Бошқа хабарлар