Янги вазирлик тизимда қандай ўзгариш ясайди?

522

Шу йилнинг 18 февралида «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилинди. Унга биноан Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди.

Адлия вазирлигида ушбу фармон бўйича ўтказилган матбуот анжуманида вазирликнинг вазифалари, фаолият йўналиши ва ваколатлари бўйича маълумотлар берилди.

Вазифалар нималардан иборат?

Фармонга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда «Маҳалла» ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот маркази негизида «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти ташкил этилиб, вазирлик тузилмасига ўтказилади.
Маълумот ўрнида, Хотин-қизлар қўмитаси ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши раҳбар органларининг ушбу ташкилотларни тугатиш ҳақидаги қарорлари қабул қилинди.
Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамоат бирлашмаси шаклидаги «Нуроний» жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) бўлимларини тугатиш ҳақидаги қарорлари қабул қилинди.
Янги ташкил этилган вазирлик фаолиятини йўлга қўйиш орқали жойларда муаммоларни ҳал қилишнинг яхлит ва таъсирчан тизимини шакллантириш кўзда тутилган.
Вазир – «Маҳалла» жамғармасига, вазирнинг биринчи ўринбосари – «Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш» жамоат фондига, Кексалар ва фахрийлар бўйича ўринбосар «Нуроний» жамғармасига раисликни ҳам бажаради.
Фармонга кўра, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги оила, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик ўрнатиш бўйича ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади.
Қолаверса, вазирлик хотин-қизлар масалалари бўйича бош­ланғич ташкилотларга ҳар томонлама кўмаклашиш ҳамда уларнинг фаолияти самарадорлигини оширишга масъул ҳисоб­ланади.
Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари – Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари раислари, ҳудудий бўлинмалар бошлиқларининг тегиш­ли ўринбосарлари – Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари раислари этиб белгиланади.

Ўзгаришлар нималарда акс этган?

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига юклатилган 46 турдаги ҳамда профилактика инспекторларига юклатилган 13 турдаги вазифа ва функциялар қисқартирилди.
Қайд этилишича, эндиликда фуқаролар йиғини раиси беш йил муддатга сайланади. Лекин ҳозир сайланган раислар фаолиятини кейинги сайловга қадар давом эттиради.
Профилактика инспекторлари лавозимларига эса қоида тариқасида, олий юридик маълумотга эга бўлган шахслар тайинланади.
Фармонга мувофиқ, ҳар бир маҳаллада «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилига асосланган янги тизим жорий этилади.
Маҳалла институтининг жамиятимиз ижтимоий-маънавий ҳаётида тутган ўрни инобатга олиниб, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 22 март – «Маҳалла тизими ходимлари куни» деб эълон қилинди.
Бундан ташқари, Фуқаролар йиғинларига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ижтимоий дастурлар, шу жумладан «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури, «Ҳунарманд­чиликни ривожлантириш дастури», «Yoshlar – kelajagimiz» ­дастури асосида имтиёзли кредитлар ажратилади.

Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар