Ўзбекистонда пенсия ислоҳоти яқин

99

Пенсия ислоҳотининг янги концепцияси доирасида пенсия ёшининг босқичма-босқич оширилиши ҳамда уч даражали пенсия таъминоти тизимига ўтилиши кўриб чиқилмоқда.

Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан 2020 йил 1 апрелгача пенсия ислоҳотининг янги концепцияси тайёрланиши ва кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши режалаштирилган. Бу ҳақида Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Бугунги кунда дунёда эркаклар ва аёллар учун ўртача пенсия ёши 62 ёшни, Ўзбекистонда эса 57,5 ёшни ташкил этади. Ислоҳотлар жараёнида 7 йилни ташкил этадиган, пенсия тайинлаш учун энг кам стаж босқичма-босқич оширилиши ҳам режалаштирилмоқда. (Халқаро меҳнат ташкилоти Конвенциясига мувофиқ – 15 йил).

Мутахассислар томонидан пенсия бадалларини тўлашда аҳоли манфаатдорлигини ошириш учун уч даражали пенсия таъминоти тизимига ўтилиши кўриб чиқилмоқда. Биринчи даражасида энг кам миқдордаги давлат пенсияси тўланиши назарда тутилмоқда. Иккинчи даражасида МБ қайта молиялаштириш ставкасидан кам бўлмаган миқдорда фоизлар ҳисобланган ҳолда иш ҳақидан муайян суммадаги ажратмалар асосида шахсий ҳисоб варақда жамланган пенсияни тўлаш. Учинчи ҳолатда Пенсия жамғармасига ажратмалар миқдори аҳоли томонидан белгиланади.

“Жорий йилда фуқароларнинг пенсия таъминоти тўғрисидаги янги қонун қабул қилинади. Амалдаги Қонун 1994 йилда қабул қилинган. Қонунга 26 марта тузатишлар киритилганлигига қарамай, унда ҳаволаки нормалар, ўзини оқламаган имтиёзлар ҳам бор. Ҳозирга қадар алоҳида соҳа ходимлари, мукофотланган ва унвонларга эга фуқароларнинг рўйхати мавжуд, улар муддатидан олдин пенсияга чиқиш имкониятига эгалар ёки пенсияга юқори миқдорда устамаларни асосланмаган ҳолда оладилар. Бундай имтиёзлар 642,4 минг кишига берилган”, ‒ дейилади хабарда.

Идоралараро маълумотлар алмашинувини кенгайтириш мақсадида «Пенсия» дастурий комплексини модернизация қилиш режалаштирилмоқда. Ҳозирги вақтда 2,4 млн пенсионерлар СМС-хабар тизимидан фойдаланадилар, ЯИДХП орқали ахборот олиш учун бошқа онлайн-хизматлар ҳам жорий этилган, давлат хизматлари марказлари орқали бола туғилганлиги ва дафн маросими учун нафақалар олишга буюртмалар бериш жараёни автоматлаштирилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 5.12.2019 йилдаги 971-сон қарори билан тасдиқланган Низомда Ягона миллий меҳнат тизимида жисмоний шахслар ўзининг ўтган даврлардаги меҳнат фаолияти ҳақидаги маълумотларни мустақил равишда жойлаштиришга ҳақли эканлиги назарда тутилган. Бунда киритилган маълумотлар ёзув киритилганидан кейин 15 кун мобайнида Пенсия жамғармаси органлари томонидан верификация қилинади (тасдиқланади). 

2020 йил 1 апрелга келиб ушбу маълумотларни киритиш ва уларни верификация қилиш механизми аниқлаштирилади.

Бошқа хабарлар