Яна ваъда ваъдалигича қоляпти…(ми?)

58

Жамиятда бошланган очиқлик, ошкоралик туфайли оммавий ахборот воситаларида доимий равишда танқидий-таҳлилий мақолалар чоп этиляпти. Албатта, уларнинг эълон қилингани яхши. Аммо танқиддан сўнг жойларда вазият қайси томонга ўзгаряпти? Масъуллар мақолаларда келтирилган камчиликларни қай даражада ўрганмоқда? Умуман, танқидларга эътибор қаратиляптими? Айни саволларга жавоб излаб Самарқанд ва Жиззах вилоятларининг айрим маҳаллаларида бўлдик.

Абдурофи ака нимадан норози?

“Mahalla” газетасининг 2019 йилдаги 50-сонида чоп этилган «Масъуллардан қуруқ ваъдабозликдан бошқа нарсани эшитмаяпман» номли танқидий мақолада Жиззах вилояти Арнасой тумани Ғолиблар шаҳарча фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи I гуруҳ ногирони Абдурофи Қўқоновнинг яшаш шароити ҳақида гап борган эди.

Иш жараёнида бахтсиз ҳодиса туфайли икки оёғи фалаж бўлиб қолган, 2 қаватли уйнинг иккинчи қаватида яшаётган бу отахон қарийб 3 йилдан буён ташқарига чиқиб, ёруғ дунёни кўролмаётгани, агар иложи бўлса, унга биринчи қаватдан ёки намунали уйлардан бирини бепул ажратишларини сўраб, туман мутасаддиларига мурожаат қилгани, аммо унинг илтимоси қондирилмаётганини айтган эди. Бу масалани ўрганиш давомида туман ҳокими ўринбосари Рўзимурод Бобоев бу мурожаат 2020 йилнинг бошида, албатта, ҳал қилинишини ваъда бе рганди.

— Газетада чоп этилган мақоладан сўнг туман ҳокими ўринбосари бир марта олдимга келди, — дейди отахон. — Мен унга янги уйга тўлов учун маблағим етишмаслиги, агар иложи бўлса, яшаб турган хонадонимни 1-қаватда яшаётганлардан бирига алмаштириб беришга ёрдамлашишини илтимос қилдим. Ўринбосар шундай қилишга ваъда бериб кетди. Бироқ орадан 3 ой ўтса ҳамки, натижа йўқ. Яна ваъда ваъдалигича қоляпти…

Мазкур муаммо бўйича Арнасой тумани ҳокими ўринбосари Рўзимурод Бобоев билан боғланиб, у кишига берган ваъдасини эслатдик.

— Ҳа, бу масала йил бошида ҳал бўлиши керак эди, аммо ҳозиргача туманда намунали уйларни қуриш бўйича режа тасдиқлангани йўқ, — дейди у. — Қаерда, нечта, қандай уй барпо этилишини ҳозирча ҳеч ким билмайди. Айтишларича, март ойининг ўрталарида ҳаммаси аниқ бўлар экан. Режа тасдиқланиши биланоқ, биринчи навбатда, А.Қўқоновнинг масаласини ҳал қилишга киришаман. Аммо бир нарсани айтиб қўяй: янги уйга тўлов қилинмаса, ҳеч кимга бепул уй берилмайди. Бу аниқ. У кишининг уйини биринчи қаватга алмаштириш масаласи эса 2020 йилга мўлжалланган уйлар қуриб битганидан сўнггина ҳал қилинади.

Ўринбосарнинг жавоби эса А.Қўқоновни яна қониқтирмади. Отахон яна тегишли жойларга мурожаат қилишда давом этажагини айтди.

«Тоза сувнинг ҳар тоннасини 20 минг сўмдан сотиб оляпмиз…»

“Mahalla” газетасининг ўтган йилдаги 46-сонида эса «Жўжани санайдиган палла яқин: масъуллар уялиб қолмайдими?» сарлавҳали мақолада Каттақўрғон шаҳар Ингичка қўрғонидаги «Каттақўрғон» маҳалласидаги ичимлик суви билан боғлиқ вазият ҳам танқид қилинганди. Маълумотларда маҳаллага 2,2 километр ичимлик суви тармоғи тортилиб, аҳолининг сув муаммоси бартараф этилди, дея ёзилган бўлса-да, тоза сув мазкур ҳудудда ҳамон асосий муаммога айланган. Чунки маҳалланинг 60 фоиз аҳолиси қўшни Нуробод туманидаги булоқлардан машиналарда олиб келинган сувни сотиб олиб ичади.

— Ичимлик суви ва канализация тармоқлари биз учун ҳамон ечилмайдиган жиддий масала бўлиб қоляпти, — дейди маҳалла раиси Инобат Қурбонова. — Ҳозирда тоза сувнинг ҳар тоннасини 20 минг сўмдан сотиб олиб, рўзғоримизга ишлатиб келяпмиз. Баъзида қудуқда сақлаб қўйган сувлардан фойдаланиб ҳам бўлмайди. Шу боис аҳоли, айниқса, ёш болалар орасида ошқозон-ичак ва турли юқумли касалликлар билан оғриганлар кўп.

Масъулларнинг айтишича, ичимлик суви нафақат «Каттақўрғон» маҳалласида, балки Ингичка қўрғони аҳолиси учун ҳам катта муаммо ҳисобланади.

— Аҳолини тоза сув билан таъминлаш учун 9 километр узоқликда жойлашган Сепки қишлоғидаги қудуқдан тармоқ тортиб келиш керак, — дейди Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги қурилиш бўлими мутахассиси Акрам Аҳмедов. — Чунки қўрғонча ҳудудида қазилган артезиан қудуқларининг сувини ичиб бўлмайди. Бунинг учун, аввало, у томонга электр тармоғи тортиб бориш лозим. Бу ишлар учун қарийб 5 миллиард сўм маблағ керак. Шунга қарамай, ҳозирда мазкур муаммони бартараф этиш масаласи жорий йилги «Йўл харитаси»га киритилди. Насиб қилса, жорий йилнинг биринчи ярмигача бу масала ўз ечимини топади.

Ҳамон эски тос, эски ҳаммом…

Жомбой туманидаги «Наймантепа» маҳалласи марказини Туркман қишлоғи билан боғловчи йўлнинг таъмирталаб ҳолга келиб қолгани, Қозон қишлоғидаги мактабгача таълим муассасаси биносининг қайсидир тадбиркорга сотиб юборилгани, ҳозирда бинонинг ўрнида хусусий уйлар қад ростлаётгани ҳақида газетанинг 2018, 2019 йилги сонларида 3-4 маротаба танқидий материаллар берилган эди.

Эскирган трансформатор бироз таъмирланиб, қайта жойига ўрнатилгани, сайловлар арафасида йўлдаги чуқурлар ҳафсаласизлик билан ямаб чиқилганини айтмаса, мазкур ҳудудда бошқа бирорта ўзгариш бўлгани йўқ. Газетадаги танқидий чиқишларга 2 йил давомида туманнинг собиқ ҳокими Умид Назаров бирор жўяли муносабат билдирмагани ажабланарли.

Яқинда туманга янги раҳбар — Ҳамза Тўйчиев тайинланди. У киши дастлабки кунларданоқ «Наймантепа» маҳалласи ёшлари, тадбиркорлари билан учрашиб, ҳудуддаги муаммоларни бартараф этишга ваъда берди.

— Ҳоким йўлимизни таъмирлаш, қишлоқда аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича ўзининг режалари билан ўртоқлашди, — дейди меҳнат фахрийси Эркин Омонов. — У кишининг топшириғи билан биринчи қадам сифатида қишлоқда сартарошхона ва қассобхона қурилиши бошланди. Демак, қолган муаммолар ҳам яқин орада ўз ечимини топишига ишонамиз.

Бўлар экан-ку!

“Mahalla” газетасининг 45-сонида эълон қилинган «Кушхоналар фаолияти қачон тартибга тушади?» номли мақолада Пастдарғом туманидаги эса «Пастдарғом мева-сабзавот деҳқон бозори» масъулияти чекланган жамиятига туташ ҳудудда жойлашган кушхонадан атрофга доим бадбўй ҳид тарқалиб туриши, ветеринар врачларда чорва молларининг саломатлигини текшириш учун бирорта ускуна йўқлиги, техника хизматининг йўлга қўйилмагани ва бошқа қатор камчиликлар танқид қилинганди.

Худди шундай ҳолат «Пастдарғом автосервис кушхона» масъулияти чекланган жамиятига қарашли мослаштирилган кушхона «Искандари» маҳалласида жойлашган «Идеал Солиҳа» оилавий корхонасига қарашли кушхона ва яна шу маҳаллада жойлашган «Амиржон Саидафзал» фермер хўжалигига қарашли кушхонада ҳам мавжудлиги таъкидланганди.

Яқинда мазкур манзилларда бўлганимизда бутунлай бошқа манзаранинг гувоҳи бўлдик. Кушхоналарга Россия Федерациясидан замонавий жиҳозлар келтирилиб ўрнатилибди ва бунинг натижасида кунига 40-50 тагача чорва молини сўйиш имконияти яратилибди. Кушхоналар ҳудуди яроқли тўсиқ билан тўсилиб, майдон ва йўлакларни ювиш сувларини оқизиб кетадиган тармоқ билан таъминланган. Кириш ва чиқиш дарвозалари олдида махсус кюветлар-дезинфекция тўсиқлари ташкил этилган.

— Айни пайтда ҳудудларда тозалик-озодаликни сақлаш, ходимларннг мавжуд қоидаларга риоя қилиши масаласи бизнинг ходимларимиз томонидан тўлиқ назоратга олинган, — дейди Пастдарғом тумани ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Илёс Болиев. — Бундан ташқари, бу ердаги ифлосланган сувни олиб кетиш учун «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхонаси билан тегишли шартнома тузилиб, иш бошлаб юборилган. Ветеринария врачининг текшируви ва рухсатисиз бирорта молнинг сўйилиши таъқиқланган.

* * *

Газеталарда берилаётган танқидий мақолалар ҳаётимизда учраётган муаммоларга кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш, жамият ривожига хизмат қилади. Уларга беписанд муносабат эса одамлар фикрига салбий таъсир кўрсатади, жойлардаги муаммолар ҳал бўлишини кечиктиради. Бу эса оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари ҳақидаги амалдаги қонунларимизга ҳам зиддир. Ўйлаймизки, тегишли мутасаддилар бу жиҳатга эътибор қаратишади.

Ёрмамат РУСТАМОВ

Maнба: «Mahalla» газетаси

Бошқа хабарлар