Гурланда нима гаплар?..

344

Хотин-қизлар муаммоларини уйма-уй юрган ҳолда ўрганиб, ҳал қилиш масаласи бежизга қайта-қайта кун тартибига олиб чиқилаётгани йўқ. Ўзбек аёли дардини дастурхон қилишга одатланмаган. Ҳасратдан куйса-куядики, хасталикка чалинса-чалинадики, аммо дардини ичига ютиб, унча-мунчага ­достон қилавермайди. Бунинг учун уларнинг ҳузурига бориш, нима хоҳлашини, нимадан қийналаётганини сўраш керак. Аслида, аёлнинг ичида айтадиган гапи кўп…

Президентимиз топшириғига биноан, хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­­си раиси Қудратилла Рафиқов раҳбарлигида тузилган ишчи гуруҳ аъзолари Гурлан туманидаги хонадонларга ташриф буюриб, хотин-қизлар билан суҳбатлашганда юқоридаги фикрлар исботини топмоқда.
Гурлан тумани ҳокимлигида ишчи гуруҳ аъзолари ва туман мутасаддилари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Шундан сўнг ишчи гуруҳи маҳаллалар кесимида хотин-қизлар муаммоларини ўрганишни бошлади.

Маълумот Учун:

Гурлан тумани аҳолисининг 72 минг 856 нафари хотин-қизлар. Улардан 14 минг 226 нафари ишга лаёқатли.
746 та оила кам таъминланган сифатида рўйхатга олинган.
144 та оила ажрим ёқасида.
73 нафар аёл оғир ижтимоий шароитда турмуш кечирмоқда.
2575 нафар аёл ишлаш ва бош­­қа мақсадларда хорижий давлатларга чиқиб кетган.

«Фидокор» маҳалласида яшовчи Шаҳло Матёқубова ўн беш йил муқаддам турмушга чиққан. Ўшанда қуда томон «Никоҳни кейин расмийлаштираверамиз» деган. Бу орада икки фарзандли бўлди. Турмуш ўртоғи эса, ҳатто, оталик ҳам белгилатмади. Шаҳло ўз-ўзидан ёлғиз она бўлиб қолди. Турмуш ўртоғи ишлаш учун хорижга кетгач, қайнонаси келинни ҳайдаб юборди. Шунга ҳам ўн йилдан ошди. Бу орада Шаҳлонинг ота-онаси вафот этди. Ҳозирда у икки фарзанди билан укасининг уйида. Бу хонадонда яна бир укаси оиласи билан яшайди. Катта укасининг «топганим сизлардан ортмаяпти» дегани оғир ботиб, Шаҳло қозон-товоғини бўлаклади. Укаси ажратиб берган бир хонада 14 яшар қизи ва 12 яшар ўғли билан кун ўтказмоқда.
– Ошхонада ишлайман, – дейди Шаҳло. – Кунига 20 минг сўм пул топаман. Ишдан ортмаганлигим учун болаларимга тузукроқ овқат қилиб беролмайман. Ўғлимнинг қалин кийими йўқлигидан қишда жуда қийналди. Яқинда қизим қаттиқ бетоб бўлиб, бир ҳафта ётди. Пулим бўлмагани панд бериб, дўхтирга олиб боролмадим. Болаларимнинг кўнгли яримлиги қалбимни ўртайди…
Ишчи гуруҳ Шаҳлони қийнаётган муаммоларни ёзиб олди. Аёлга турар-жой, муқим иш ўрни керак.
Ўрганиш жараёнида ушбу маҳаллада 535 хонадонда 735 оила истиқомат қилиши, 8 нафар аёл боқувчисини йўқотгани, 45 нафар ногиронлиги бўлган фуқаролар борлиги, 13 та оила кам таъминланган сифатида рўйхатда туриши аниқланди. 53 фуқаро меҳнатга лаёқатли, ишсиз сифатида қайд қилинган. 121 фуқаро ризқ излаб хорижга чиқиб кетган. Маҳалладаги 140 ўринли МТМ 217 нафар болани қамраб олган. Ҳудудда мактаб йўқ. Ўқувчилар қўшни маҳаллалардаги 4 та мактабга қатнайди. Маҳалла фуқаролар йиғини биноси қўшни маҳалладаги 43-сонли ихтисослашган мактаб-интернатда жойлашган.
«Зиёкор» маҳалласида яшовчи Гавҳаржон Собирова турмуш ўртоғининг вафотидан сўнг қизини ёлғиз ўзи катта қилди. Маҳлиё 2017 йилда коллежни тамомлади, аммо уйда, ишсиз. Она мактабгача таълим ташкилотида ишлайди, ойлиги 450 минг сўм. Кредитга маиший техника олганига пушаймон. Рўзғордан орттириб, кредитини тўлашга қийналяпти.
Ишчи гуруҳ онани муносиб ҳақ тўланадиган иш билан таъминлаш, қизни тикувчиликка қайта ўқитиб, тикув машинаси олиб бериш керак, деган фикрга келди.
Шу маҳаллада яшовчи Гулнора Аҳмедова тақдир синовларини мардонавор енгиб келаётган аёл. Бундан ўттиз йил муқаддам ёш она илк фарзандини дунёга келтириш чоғида оёқ-қўли ишламай қолди. Турмуш ўртоғи эса аёлдан ва фарзандидан воз кечиш орқали ўз муаммосини ҳал қилди. Гулнора чақалоғи билан акасининг уйидан қўним топди.
– Тақдиримдан нолимайман, – дейди у. – Акам, чечам менга меҳр кўрсатишди. Шу уйда келин олдим, неварали бўлдим.
Ишчи гуруҳ аъзолари уни уй-жойга муҳтожлар рўйхатига киритишга қарор қилишди.
– Йўқ, йўқ, – деди шоша-пиша аёл. – Менинг бошпанам бор. Акам бирон марта хафа қилмаган. Балки уй-жойга мендан-да муҳтожлар бордир?..
Гулнора жимиб қолди. Бироз истиҳола қилиб, секингина гапирди:
– Агар иложи бўлса… ногиронлик аравачаси олиб берсангиз. Ҳадемай баҳор келади… Мен ҳам тоза ҳавога чиқардим. Озгина моддий қўллаб-қувватласангиз, даволанардим. Акам яхши… Аммо, унга оғирлигим тушмасин, дейман…
Ишчи гуруҳ аъзолари жойларда Гулнора каби шукрона билан яшаётган, ҳаётни севувчи, дардини достон қилишни истамайдиган, машаққатларни меҳнат билан енгиб келаётган кўплаб аёлларни учратдилар.
– Биз бугун ўрганган маҳаллада 19-сонли мактаб, 25 ўринли давлат-хусусий шерикчилигидаги мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатади, – дейди ишчи гуруҳ аъзоси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси «Меҳнат муҳофазаси» бўлими ­бошлиғи Нодира Каримова. – Оилавий поликлиника йўқ. Маҳаллада иккита дўкон бор, улар ҳам хонадонларда очилган. 14 та кўчага асфальт ётқизилмаган, фақат тош тўшалган. 1983 йилда маҳалла газлаштирилган. 2016 йилда босим пастлиги туфайли табиий газ тармоғидан ажратилган. Ҳозирда суюлтирилган газдан фойдаланаётган аҳоли газ ўз вақтида етказиб берилмаётгани ва газ баллонлари кўчага ташлаб кетилаётганидан норози. Хонадонлардан бирига борганимизда эр ҳам, аёл ҳам олий маълумотли бўлгани ҳолда ишсиз ўтирганига гувоҳ бўлдик. Маҳаллада ишсизлик муаммоси кўп оилаларни қийнаяпти. 1793 нафар хотин-қиз истиқомат қилувчи маҳаллада бор-йўғи 126 аёл муқим иш ўрнига эга. Аслида, маҳаллада бекорчи аёлнинг ўзи йўқ, кимдир томорқасида ишлайди, кимдир ёлланма ёки мавсумий ишчи. Демак, норасмий банд­ликни расмий бандликка айлантиришда амалий ёрдам зарур. Умуман, «Зиёкор» маҳалласи аҳолиси жуда меҳнаткашлигини кўрдик.
Пойтахтдан муаммоларни ўрганиш учун ишчи гуруҳ келганини эшитган маҳалла аҳли тозаланган ичимлик суви масаласини ҳал қилишда амалий ёрдам сўради. Маълум бўлишича, маҳаллага тозаланган ичимлик суви келган, аммо уни хонадонларга улашда, ҳужжатлаштиришда тушунмовчиликлар бор. Аҳоли ўз маблағлари ҳисобига кўчага тош ётқизган. Ичимлик суви қувурларини ўрнатиш жараёнида кўча яна таъмирталаб бўлиб қолган. Ишчи гуруҳ вакили мутасадди идорага қўнғироқ қилди. Мутасадди идора раҳбари зудлик билан етиб келди ва аҳолига тушунтириш­лар берди, муаммо жойида ҳал қилинди.
Ишчи гуруҳнинг Гурландаги биринчи иш куни самарали бўлди. Шу куннинг ўзида 200 тадан зиёд хонадонда бўлиб, хотин-қизларни қийнаб келаётган муаммолар таҳлил қилинди. Ўрганишлар давом этмоқда…

Муҳаббат Тўрабоева

Бошқа хабарлар