Тинчлик сулҳига тамал Ўзбекистонда қўйилган

94

Афғонистонда барқарор вазият ўрнатиш бўйича эришилаётган муваффақиятда мамлакатимизнинг ўрни жаҳон сиёсий доиралари томонидан тан олинмоқда

2020 йилнинг 29 феврали тарихга зарҳал ҳарфлар билан битилажак. Шу куни Қатар пойтахти Доҳада АҚШ ва «Толибон» ҳаракати ўртасида тинчлик битими имзоланди. Ушбу битимга кўра, хорижий аскарлар 14 ой ичида Афғонистонни тарк этиши, Афғонистон ҳудудида Америка ва унинг ­иттифоқчиларига қарши террор хуружлари амалга оширилмаслиги ҳамда афғонлар ўртасида бевосита музокаралар бошланиши керак.

«Толибон» гуруҳи айни пайтда Афғонистон ҳудуди ҳеч бир давлат учун таҳдид бўлмаслигини таъкидламоқда. Трамп маъмурияти битим имзоланиши билан АҚШ аскарларини бу мамлакатдан олиб чиқиш учун замин яратилишини билдирди. Тинчлик битими имзоланиши ортидан Афғонис­тон Президенти ва АҚШ мудофаа вазири Кобулда қўшма баёнот эълон қилди. Баёнотда АҚШ Афғонистонга ёрдам беришда давом этиши қайд қилинган. Шунингдек, Афғонистон-Покистон ўртасида музокара бош­ланиши, мулоқотларда икки давлатнинг ҳамкорликни кучайтириши тилга олинган. АҚШ – «Толибон» ҳаракати ўртасида сулҳ битими имзоланиши Афғонистондаги сиёсий гуруҳлар томонидан олқишланмоқда. Минтақа ва дунё давлатлари ҳам Афғонис­тонда тинчлик таъминланишидан умидвор.
Юзага келган ижобий ўзгаришлар кўп жиҳатдан минтақада шаклланган ўзаро ҳамжиҳатлик муҳити билан боғлиқ, десак, янгишмаган бўламиз. Айниқса, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё, хусусан, Афғонис­тонда тинчлик, барқарорлик қарор топган давлат ташкил этилишини мамлакат ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилаб бергани ушбу муҳитни яратишда муҳим роль ўйнади. Дарҳақиқат, мамлакатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси, изчил ташқи сиёсати ва қатъий қарорлари натижасида минтақадаги ўзаро ишончсизлик йўқолди, «музликлар» эриди, қўшни давлатлар ўртасидаги қарама-қаршиликлар бартараф этила бош­лади, ҳамкорлик ва ҳамфикрликка асосланган янги сиёсий муҳит вужудга келди.
Ўзбекистон Президенти бир неча бор, ҳатто, БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида ҳам таъкидлаганидек, «Афғонистон муаммосини ҳал этмасдан туриб, тинч ва гуллаб-яшнаётган Марказий Осиё ҳақида гапириш мумкин эмас».
Узоққа бормайлик, 2018 йилнинг март ойида Тошкентда Президент ­Шавкат Мирзиёев ташаб­буси билан Афғонистон бўйича юқори даражадаги халқаро конференция Ўзбекистоннинг афғонлараро тинчлик жараёнини фаоллаштиришга қўшилган катта ва муҳим ҳисса бўлди. Тошкент конференциясида сўзга чиққан Ўзбекистон Президенти Афғонистон можаросини ҳал қилишга йўналтирилган аниқ стратегик қарашларни баён этди ва афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатлар фаоллашишида «тамал тоши» бўлган «Тошкентнинг Афғонистон бўйича сиё­сати»нинг устувор йўналишларини белгилаб берди. Форумда Афғонис­тонда тинчлик ва барқарорликни ўрнатишнинг асосий тамойиллари бўйича минтақавий ва глобал даражада тўлиқ консенсусни ўзида муҳрлаган Тошкент декларацияси бир овоздан қабул қилинди. Тошкент анжумани Афғонистон муаммосини халқаро кун тартибининг марказига қайтариш имконини берди. Унда белгиланган янги принципиал ҳолат Афғонис­тондаги вазиятни барқарорлаштириш масалаларида минтақавий ва глобал ёндашувларнинг тобора муҳим аҳамият касб этишидан иборат бўлди. Бир нарсани унутмаслик керак, минтақамиздаги қўшни давлатлар ва дунёнинг етакчи мамлакатлари саъй-ҳаракатларисиз ушбу низони ҳал этиб бўлмаслиги аниқ эди. Шунинг учун ҳам айнан халқаро конференция­­да халқаро ҳамжамиятнинг «Толибон» ҳаракати билан ҳеч қандай муқаддам шартларсиз тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйишга тайёрлиги намоён этилди. Янада очиқроқ айтганда, айнан Тошкентда Ўзбекистон ташаббуси билан «Толибон»ни тинчлик музокаралари жараёнига жалб этиш учун туртки берилди. Бундан ташқари, халқаро ҳамжамият тинчлик жараёнини фақат Афғонистонга қўшни бўлган давлатларнинг фаол иштирокида амалга ошириш мумкинлигини англаб етди. Шу нуқтаи назардан АҚШ Президентининг Афғонистон масалалари бўйича маслаҳатчиси Залмай Халилзоднинг Ўзбекистон Президенти Шавкат ­Мирзиёев билан бир неча бор мулоқотда бўлганини таъкидлаш ўринлидир.
Афғонлараро тинчлик келишуви иш бериб, Афғонистонда якуний тинчликка эришилса, тинч Афғонис­тон Марказий Осиё учун энг қисқа йўл орқали денгиз коммуникацияларидан фойдаланиш, транспорт йўлакларимизни диверсификация қилиш ва шу билан маҳаллий маҳсулотларни экспорт қилиш учун кенг бозорларни очиш имкониятларини таъминлаш, икки марта қуруқлик билан ўралган мамлакатимиз маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш имкониятини яратади. Боз устига, Афғонистон ҳудудидаги таҳдидлар қанчалик кам бўлса, миллий хавфсизликни таъминлашга сарф этиладиган харажатларимиз шунчалик қисқаради. Тежалган маблағлар мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий масалаларини ҳал этишга, фуқароларнинг турмуш даражасини оширишга хизмат қилади.
Доҳадаги анжуманда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳам иштирок этди. Унинг хорижий ОАВга берган интервьюсида таъкидланганидек, «Толибларга кундан-кунга ишонч пайдо бўляпти. Биз кеча бу ерда толиблар офисининг бош­лиқлари билан учрашдик. Бундан олдин Тошкентда бир неча марта қабул қилдик. Булар бизга ваъда беришдики, олдиларида турган асосий мақсад шартномани амалга ошириш. Агар шартнома амалга оширилса, жуда катта қадам бўлади. Толиб­ларга нисбатан қандайдир ишонч пайдо бўлади. Бундан ташқари, толиб­лар бизга ваъда беришдики, Ўзбекис­тон ёки бошқа Марказий Осиё давлатларига нисбатан ҳеч қачон хавф туғилишига йўл қўйилмайди». Демак, ўртада кучли ишонч бор. Ўзбекистон тутган позицияси туфайли Афғонистоннинг барча сиёсий кучлари, шу жумладан, «Толибон» ҳаракати орасида ўз обрў ва эътиборига эга бўлди. Уларнинг барчаси республикамизнинг бу мамлакатда тинчлик ўрнатишга қаратилган самимий саъй-ҳаракатларини тан олмоқда ва қўллаб-қувватламоқда.
Аммо Афғонистонда тинчлик ҳақида келишувларнинг барқарорлиги, аввало, мамлакатдаги барча сиёсий кучларнинг – сиёсий партиялар, ҳаракатлар ва этник гуруҳларнинг ўзлари ушбу жараёнга жалб қилинишига боғлиқ бўлади. Умуммиллий келишув ва ярашувсиз сезиларли тараққиётга эришиш мумкин эмас. Давлатга қарашли ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларини сақлаб қолиш ва ривожлантириш, фуқаролик жамияти тузилмасининг тўлиқ ишлаши, Афғонистон хотин-қизларининг ҳуқуқ­ларини таъминлаш ва бошқалар, бир сўз билан айт­ганда, ­мустақил афғон давлатини қуриш ва фуқаролик жамияти асосларини яратиш йўлида сўнгги 18 йил ичида эришилган барча ижобий ютуқларнинг асраб қолиниши фавқулодда муҳимдир. Бунинг учун хавфсизлик ва иқтисодиёт соҳаларидаги вазифаларнинг самарали ечимини топа оладиган барқарор умуммиллий ҳукумат тузилиши керак. Афғонистон самарали минтақавий ҳамкорлик майдонига айланиши зарур. Қолаверса, ҳали ҳам жаҳон ва минтақа давлатларининг қарама-қаршилик ҳамда рақобат майдони бўлиб қолаётган Афғонис­тондаги мазкур ёндашув ўзгариши керак. Демакки, Ўзбекистон позициясида баён этилганидек, доимо барқарор тинч­ликни ўрнатиш бўйича сиёсий жараёнлар фақат афғонлар томонидан ва Афғонистон халқи раҳбарлигида олиб борилиши лозим. Бу жараён ҳар қандай ташқи аралашувдан холи бўлиши керак. Мухтасар айтганда, Афғонистон тақдири афғонларнинг ўз қўлидадир.

Абдували
СОЙИБНАЗАРОВ,
сиёсий шарҳловчи

– Тан олиш керак, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкентда уюштирилган Афғонистон бўйи­­ча халқаро анжуман мазкур келишувга пойдевор вазифасини ўтади. Қолаверса, дастлаб АҚШ ва «Толибон» ҳаракати иштирокида бошланган музокаралар эндиликда икки томонлама шаклдан чиқиб, айни пайт­­да Афғонистондаги ички сиёсий кучларнинг тинчлик ўрнатиш йўлидаги ­саъй-ҳаракатларига йўл очди.
Бугунги кунда нафақат минтақа давлатлари, балки бутун дунё афғон заминида шаклланган халқаро терроризм унсурларига қарши курашда бирлашмоқда. Имзоланган битимга кўра, бундан буён Афғонис­тон замини халқаро террор гуруҳларига ҳеч қандай бошпана бермайди. Бу борадаги келишувлар келажакда битимга имзо чекканлар томонидан қатъий мониторинг қилиб борилади. Асосий мақсадимиз Афғонистон ҳудудида тинчлик ва барқарорлик ўрнатишдир.
Яна бир бор таъкидлайман, Президент Шавкат Мирзиёевнинг бу масаладаги ташаб­буслари ижобий натижага эришилишида ниҳоятда катта роль ўйнади. Узоқ кутилган тинчлик жараёни нафақат минтақа, балки бутун дунёдаги тинчликсевар эллар учун кенг имкониятлар эшигини очади.
Хусусан, АҚШ ва Ўзбекистон учун ҳам минтақада савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, интеграция жараёнини жадаллаштириш имконини беради. Минтақада саноат, транспорт-логистика хизматлари ривож­ланади, янги иш ўринлари пайдо бўлади. Бундай ижобий ўзгаришлардан барча томонлар манфаатдор.

Залмай
Халилзод,
АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили:

– Биз жаноб Президент Мирзиёевнинг Афғонистондаги тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик борасидаги ижобий ташаббус­ларини юқори баҳолаймиз. Ўзбекистон ва Афғонистон халқи азалдан бир-бири билан оға-ини, дўст. Биз ҳаммамиз бир вужудмиз. Бу минтақада яшаётган барча мамлакатлар, барча миллатлар ҳаммалари, иншаоллоҳ, келажакда ҳам бир жойда аҳил яшашлари керак. Афғонистон хавфсизлиги бу Ўзбекистоннинг ҳам хавфсизлигидир.

Абдул Салом
Ҳанафий,
«Толибон» ҳаракатининг Қатардаги сиёсий ваколатхонаси раҳбари ўринбосари:

Бошқа хабарлар