“Эски ҳаммом, эски тос”

78

Газетанинг ўтган сонларида “Nuroniy” бонг уради!” рукни остида “Янги турмуш номига муносибми?” номли мақолада Пис­кент туманидаги Янги турмуш қишлоғидаги муаммолар ёритилди. “Муаммо қачон ечим топади?” сарлавҳали мақолада эса Оққўрғон тумани Қўнғирот қишлоғида ичимлик суви етишмаслиги, йўллар таъмирталаблиги танқидий таҳлил қилинган эди. Орадан уч ойга яқин вақт ўтибдики, мақолаларнинг ҳеч бирига мутасаддилардан муносабат ҳам билдирилмади, муаммо ҳам ҳал этилмади. Пискентлик ва оққўрғонлик нуронийларнинг қайта мурожаатидан сўнг мавзуга қайтишга қарор қилдик.

—  Мақола чоп этилгач,  муаммоларимиз ҳал этилади, деб ўйлагандик, — дейди Янги турмуш қиш­лоғида яшовчи отахон Алмат Йўлдошов. — Афсуски, “чуч­варани хом санабмиз”. Ҳатто, қишлоқ йўлини Давлат дастурига киритиш тўғрисидаги ёлғон ваъдалар ҳам тиниб қолди. Ўтган йили “Файзобод” маҳалласида “Обод қишлоқ” Давлат дастури доирасида бунёд­корлик ишлари амалга оширилди. Шу маҳалла таркибига кирсак-да, биз дастурдан четда қолдик. Ҳудудимизда муаммолар кўп­лигидан қай бирини тилга олишга ҳам ҳайронмиз. 41-сонли умумтаълим мактабида қад кўтараётган спорт зали қурилиши тўхтади. Тиббий хизмат сифати сустлиги ҳақида гапиравериб, чарчадик. Биз, кексалар тиббий хизмат учун етти чақирим масофага қатнайвериб, тинкамиз қуриди. Муаммолар ҳақида ёзмаган жойимиз, тақиллатмаган эшигимиз қолмади, натижа йўқ.

Қўнғирот қишлоғи Оққўрғон тумани марказидан унча узоқ эмас. Масъуллар эса қишлоқдаги муаммолардан бехабар. Улар “Муаммо қачон ечим топади?” сарлавҳали мақолани ўқиб ҳам, ўрганиб ҳам кўрмаган.     

— Ёшинг бир жойга борганда, давлат ташкилотлари эшигини чертишга ийманаркансан киши, — дейди пенсионер Карима Усмонова. — Муаммоларимизни ҳал этишни сўраб, вилоят ҳокимигача арз қилдик. Фойдаси бўлмади. Истагимиз, юқори ташкилотларда хизмат қилаётган “катта”лар беш-ўн кун қишлоғимизга келиб яшашсин. Занглаган сувдан ичиб, уйдим-чуқур йўлларимиздан юришса, кўзлари “ярқ” этиб очиларди. Қишлоғимизда болалар учун мактабгача таълим муассасаси йўқ. Хусусий боғчалар нархини эса чўнтагимиз “кўтармайди”.

Шундан сўнг Оққўрғон тумани сув оқава бўлими раҳбари Эрали Баҳромов билан боғланиб, айрим масалаларга ойдинлик киритдик. У Қўнғиротдаги ичимлик суви муаммоси 2022 йилги Давлат дас­турига киритилганини айтди. Туман сув оқава бўлими раҳбари рост айтдими ёки “қулоғимизга лағмон илдими” буни вақт кўрсатади. “Nuroniy” воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Нигора ЎРОЛОВА,

Манба: “Nuroniy” газетаси

Бошқа хабарлар