Юрт тараққиёти йўлида бирлашиш имконияти

261

Эртага Ўзбекистон Республикасининг «Касаба уюшмалари
тўғрисида»ги қонуни кучга киради

Янгиланиш эҳтиёжи

Мамлакатимизда шу вақтгача амалда бўлган «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунни янгилашга қандай зарурат бор эди? Янги қонунда бу эҳтиёж нечоғли амалга ошди?
Аввало, шуни айтиш керакки, бугунги Ўзбекистон кечаги, нари борса, тўрт йил илгариги Ўзбекистондан кескин фарқ қилади. Суд-ҳуқуқ, ижтимоий секторлар, банк-молия соҳаси, фан-таълим, қўйингки, барча жабҳада бирдек ўзгаришлар амалга оширила бошланди. Қисқа қилиб айтганда, бугун давлат тузилмаси ичдан қайта қурилмоқда. Буни нафақат ўзимиз, балки жаҳон ҳамжамияти ҳам кўриб, билиб ва кузатиб турибди. Ва айнан шу янгиланиш тўлқинлари «ҳуқуқий картотекамиз»ни янгилашни ҳам тақозо этди. Зотан, мавжуд қонунчилигимиз кўзланган марраларни забт этишга дош беролмаслиги аён бўлиб қолди. Бунга жамиятдаги шаффофлашув, Президентимизнинг одамлар узоқ келажакда эмас, бугун бахтли яшашлари шарт, деган адолатпарвар тезислари ҳам туртки бўлган бўлиши мумкин. Моҳиятан олиб қараганда, «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилинишини ҳам шу маънода тушуниш керак.
Аслида, аввалги қонун 1992 йилда қабул қилинган бўлиб, унга 2001 ва 2016 йилларда қўшимча ҳамда ўзгартишлар киритилган эди. Бироқ, шундай бўлса-да, унинг бир нуқсони кўзга ташланиб турарди. Яъни, унда аниқ, тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳуқуқий нормалар жуда кам эди.
Бундан ташқари, 1992 йилдан бери ўтган вақт мобайнида «Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги, «Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида»ги, «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги, «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги каби қатор қонунлар қабул қилиндики, натижада қонунчиликдаги бу ўзгаришлар мазкур қонун иммунитетини пасайтирди. Халқона тилда айтганда, излар бир-бирига аралашиб кетди. Албатта, қонунчиликдаги бундай тафталогик қусурлар одамлар, жамият ҳаётида изсиз кетган эмас. Бироқ, бу алоҳида мавзу бўлгани учун, биз ҳозир фақат ўз мавзуимиз ҳақида гапирсак, мақсадга яқинроқ бўлади. Хуллас, замон ўзгариб мазкур қонунни янгилаш, уни янгидан қабул қилиш учун бир қанча талаб ва ­эҳтиёжлар пайдо бўлдики, улар қуйидаги мақсадларда ўз аксини топган эди:

  1. Халқаро меҳнат ташкилотининг Конвенцияларига мос равишда касаба уюшмаларининг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш;
  2. Касаба уюшмасига бирлашиш имкониятларини кенгайтириш;
  3. Касаба уюшмалари органларини давлат рўйхатидан ўтказишни соддалаштириш;
  4. Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилишда асосий институтлардан бири бўлган касаба уюшмалари инспекцияларини қайта тиклаш;
  5. Меҳнат соҳасида ижтимоий шериклик ҳамда жамоатчилик назоратини амалга оширишни тартибга солувчи нормаларни қонуний мустаҳкамлаш;
  6. Амалдаги қонунда мавжуд бўлган декларатив тусдаги нормаларни бартараф этиш.
    Айтиш мумкинки, санаб ўтилган ушбу омиллар моҳиятан қонунни халқаро стандартларга тенглаштириши керак эди. Чунки ушбу жиҳатлар хорижий илғор тажрибалар ва Халқаро меҳнат ташкилотининг талабларидан келиб чиқиб татбиқ этилганди. Бироқ мазкур қонуннинг қабул қилиниш жараёнидаги яна бир муҳим жиҳат шундаки, қонун фақат халқаро ва умуминсоний нормалардан ташқари, миллий менталитетимизни ҳам ўзида акс эттирди. Яъни, лойиҳа кенг миқёсда халқ муҳокамасига қўйилди.

Умумхалқ муҳокамасида

Қонун лойиҳаси муҳокамасига кенг жамоатчилик жалб қилинди, жараёнда кўплаб таклифлар ўртага ташланди. Бу уч йўналишни ўз ичига олди. Биринчи йўналиш – интернет тармоғи орқали ўтган йилнинг июль-август ойларида ўтказилиб, лойиҳа матни Қонунчилик палатасининг «parlament.gov.uz» веб-сайтига жойлаштирилди. Натижада, юртдошларимизнинг 300 тага яқин таклифи электрон тарзда қабул қилинди. Иккинчи йўналиш – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси муассислигидаги «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталарида қонун ­лойиҳаси матни чоп этилиб, касаба уюшмалари фаоллари иштирокида республикамизнинг барча ҳудудларида 30 дан ортиқ жамоатчилик муҳокамалари ўтказилди. Уларда 500 дан зиёд таклиф билдирилди. Биргина «Ishonch» газетасида юртдошларимизнинг 100 дан ортиқ таклифлари эълон қилинди. Учинчи йўналиш – соҳа экспертлари, мутахассислар, олимлар ва илмий тадқиқотчилар иштирокида 10 га яқин тадбирлар ташкил қилинди. Лойиҳа иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида ишчи гуруҳ йиғилишлари, парламент қуйи палатасидаги қўмиталар ҳамда сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида кенг муҳокама этилди. Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, бугун жамият анча уйғонган, одамлар бефарқ эмас. Буни мазкур лойиҳа сабаб жойларда ўтказилган муҳокамаларда Олий Мажлис ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатларининг «қайноқ» фаолияти ҳам кўрсатиб турди. Қонун қабул қилишдаги яна бир муҳим жиҳат шу бўлдики, бунга тўхталмасликнинг иложи йўқ, бу қонуннинг тили билан боғлиқ масала. Бугунгача қабул қилинган кўплаб қонунларимиз «тили»ни тушуниб олиш жуда мураккаб эди. Чунки кўпчилик ҳолларда у бошқа тилдан шундоқ ўгирилиб, қонунчилигимизга мослаштирилар, энг қизиғи, қабул қилаётганларнинг ўзлари ҳам ўша қонун матнини аниқ-тиниқ шарҳлаб беролмасди…
Шу боис, мазкур қонун лойиҳасини ишлашда масаланинг ана шу жиҳатига алоҳида эътибор қаратилди. Зотан, қонун халққа хизмат қилиши, ундан фойдаланадиган одамлар эса уни тушунишлари керак. Қонуннинг тили норматив-ҳуқуқий атамалар комиссияси томонидан ўзбек адабий тили қоидалари ва белгиланган талаблар асосида қайта-қайта кўриб чиқилди.
Ана шундай кенг кўламда ўтказилган муҳокамалар чоғида билдирилган таклиф-мулоҳазалар синчиклаб ўрганилиб, қонун лойиҳасига 150 тадан ортиқ ўзгартириш ва тузатишлар киритилди. Матндаги 30 дан зиёд ўзини оқламайдиган нормалар чиқариб ташланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, муҳокамалар жараёнида нафақат мутахассислар, касаба уюшма фаоллари, балки оддий аъзолар ҳам фаол иштирок этишди.

Қонун кучга киргач…

Бугунги кунда касаба уюшмалари ўз сафига қарийб беш миллион нафар аъзони бирлаштирган. Бу – жуда катта куч, бу – катта армия. Унинг қонуний ваколат ва имкониятларидан фуқароларимиз қай даражада хабардор? Очиғини айтиш керак, ҳали-ҳануз жамиятда касаба уюшмасига дам олиш масканларига йўлланма тарқатадиган, байрам тадбирларини ўтказадиган ташкилот сифатида қараш мавжуд. Ҳолбуки, касаба уюшмаларининг ишчи-ходимлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамоа шартномасида назарда тутилган бандларнинг ижро этилишини таъминлаш, иш жойларида меҳнат муҳофазаси талабларига риоя этилишини назорат қилишдаги ўрни ва аҳамияти жуда катта. Афсуски, бугунгача бизда ушбу сектор фақат кўргазма учун бор эди, холос. Давлат унинг ҳуқуқларини норасмий равишда чеклаган, овозини ўчириб қўйган эди. Чунки, кўпчилик ҳолларда ушбу тизимнинг ишчи-ходимлар манфаати юзасидан «қозилик» қилиши меҳнат сафарбарлигини сўндиради, одамларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқига бўлган қарашларини ўзгартириб юборади, деб қараларди. Негаки, тизим эски тотал бошқарувга жуда яқин эди. Шунинг учун касаба уюшмаси одамлар орасида фақат санаторийга йўлланма, нари борса, таътилга чиқаётганда арзимас чойчақа улашадиган бир хайрия ташкилоти мақомида шаклланиб қолган ва бу мутлақо табиий эди. Аслида, касаба уюшмаси, касабақўм иш берувчидан қонунчиликка амал қилишни талаб қилса, корхона ва ташкилотлардаги муҳит ҳар тарафлама соғломлашган бўлар эди. Бизда эса бунинг акси бўлиб келди. Ва бу қараш жамиятда чуқур илдиз отди. Бугун кўпчилик иш берувчилар жамоат ташкилотига аъзоликдан қочади. Нега? Негаки, уларга сўрайдиган, талаб қиладиган бош оғриғи керак эмас. Бунинг оқибатида эса оддий ишчи-хизматчининг ҳуқуқлари поймол этилаверди…
Аслини олганда, касаба уюшмасига аъзолик ихтиёрий. Бунинг ҳам ижобий, ҳам салбий томонлари бор. Салбий томони шундаки, қонунчиликдаги бу эркинлик, яъни, ихтиёрийлик кўпчилик иш берувчиларга қулай «имконият» яратади. Улар ўз ишчилари олдидаги баъзи ­масъулиятдан шу йўл билан қочмоқчи бўлишади. Аъзолик эса улар зиммасига қонунга асосан қуйидаги вазифаларни юклайди. Масалан, иш берувчининг касаба уюшмасига алоқасизлиги қуйидаги «имконият»ларга йўл бериши мумкин:
– ёш йигит-қизларни синов муддати билан ишга олиб, сўнг уларни синовдан ўтмадинг, деб қуруқ қайтариш ;
– ишчи-ходимларга муносиб меҳнат ­шароити яратмасдан, меҳнат муҳофазаси талабларига риоя этмасдан ходимларни ишлатиш;
– белгиланган иш вақтидан (кунига саккиз соат) кўпроқ вақт ишлатиш, ёш келинларга туғуруқ таътили берилмайди, ҳомиладор бўлганлар ишдан бўшайди, деб шарт қўйиш, хаста бўлганларга касаллик варақаси билан эмас, ўз ҳисобингдан таътилга чиқасан, деб ноқонуний талаб қўйиш;
– турли баҳоналар билан маошни, товон пулини ўз вақтида тўламай юриш ва ҳоказолар…
Мантиқ шундаки, агар корхона ва ташкилотларда касаба уюшма қўмитаси ташкил этилса, юқоридаги каби саволларга ўрин қолмайди, иш берувчиларнинг ноқонуний талаб ва ҳаракатларига чек ­қўйилади. Ва, албатта, ходимларнинг меҳнат муҳофазаси ҳамда ижтимоий ҳимояси кучаяди.
Тасаввур қилинг: биргина пойтахтимизда қанчадан-қанча овқатланиш шохобчалари, ишлаб чиқариш цехлари, қурилиш ташкилотлари бор. Аммо ҳеч ким ўша жойларда ишлаётган аёлларни, йигит-қизларни тўлиқ меҳнат қонунчилиги асосида ишлаяпти, деб айта олмайди! Чунки жуда кўп жойларда иш берувчилар меҳнат шартномасига, меҳнат дафтарчасини юритишга амал қилмайди. Улар имкон қадар рўйхатда йўқ ишчилар сонини ошириш, уларга энг кам ойлик иш ҳақидан ҳам камроқ ҳақ тўлаш пайида бўлишади. Бу – аччиқ гап, бироқ ҳақиқат.
Сир эмас, қурилиш ташкилотлари, умумий овқатланиш шохобчаларида ишлаётганлар учун кўп ҳолларда зарур шарт-шароит яратилмаган, меҳнат муҳофазасига амал қилинмайди. Афсус­ки, уларнинг аксариятида на касаба уюшмалари тузилган, на расман ойлик тўланади. Махсус ­кийим-бошлар билан таъминлаш ҳаминқадар даражада. Кўпчилик юртдошларимизнинг ҳуқуқий саводхонлиги жуда паст. Уларнинг кўпчилиги нафақат ўзи ишлаётган жойда касаба уюшмаси бор-йўқлиги, балки ҳуқуқларини ҳимоялайдиган шундай ташкилот борлигиниям билишмайди. Бу, албатта, жиддий ўйлаб кўриладиган масала…
Бироқ, шунга қарамай, жамият тўлиқ ҳуқуқий соҳада ортда, деб бўлмайди. Буни Касаба уюшмалари Федерациясига ва унинг ҳудудий бирлашмаларига ҳар ойда юзлаб ариза ҳамда мурожаатлар келиб тушаётганидан ҳам билса бўлади. Уларнинг аксарияти ишдан ноҳақ бўшатилиш (айниқса, ҳомиладор аёлларнинг бўшатилиши), маош ва товон пулини ўз вақтида ололмаслик тўғрисида. Ушбу мурожаатларни ўрганиш, ариза эгаларига ҳуқуқий ҳамда амалий ёрдам бериш жараёнида шу нарса маълум бўляптики, иш берувчи ё меҳнат қонунчилигини билмайди ёки билса-да, унга амал қилмайди. Бундай маҳалда, албатта, ишчининг ҳуқуқлари қонуний тикланиши ва талаби қондирилишига эришилаётир. Аммо, афсуски, ўз ҳақ-ҳуқуқини билмасдан юрганлар сафи кам эмас.
Шу ўринда яна бир мулоҳаза: соғлиқ учун хавфли, ўта хавфли, зарарли бўлган ва оғир меҳнат шароитида ишлаётганлар ҳам бор. Аслида, уларга белгиланган тартибда қўшимча имтиёз берилиб, ҳақ тўланиши керак. Лекин, афсуски, зарарли шароитда сут-қатиқ, махсус кийим-бош, гигиена воситалари ва, албатта, қўшимча имтиёзларни олмай ишлаб юрганлар ҳам бор. Агарда ўша корхонада касаба уюшма қўмитаси мавжуд бўлиб, касабақўм янги қонун асосида фаолият юритса ва иш берувчидан муаммолар ечимини талаб қилса, масала деярли ҳал этилар эди…
Конституциянинг 38-моддасида «Ёлланиб ишлаётган барча фуқаролар дам олиш ҳуқуқига эгадирлар. Иш вақти ва ҳақ тўланадиган меҳнат таътилининг муддати қонун билан белгиланади», дейилган. Бу ўша, юқорида айтилган, ҳеч бир ҳужжатсиз, «яширин» меҳнат бригадаларигаям тегишли, аслида. Таъкидлаш жоизки, янги қонун Конституциямиз меъёрларига мос равишда ишлаб чиқилди. Эндиликда ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда, амалга ошириладиган давлат дастурлари, қонунлар, меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш, уларнинг халқимиз манфаатига хизмат қиладиган тарзда ишлаб чиқилишида қатнашишда кенг имкониятлар яратилди.
Масалан, аввалги қонуннинг 7-моддасида «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси меҳнатга ва бошқа ижтимоий-иқтисодий масалаларга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга» ­дейилган бўлса-да, бундай ваколат қуйи бўғинларда йўқ эди. Бундан ташқари, амалдаги қонунда ҳужжатларни қабул қилишдан аввал Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси хабардор қилинади, дейилган эди. Аслида, бу норма ҳеч қандай ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармасди, у декларатив характерда эди.
Янги қонуннинг 28-моддасига кўра, бундан буён ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда тегишли касаба уюшмаси ёки касаба уюшмалари бирлашмаси билан келишиб олиниши шарт. Аҳамият беринг, бундан буён … ҳужжатлар мажбурий тартибда келишиб олиниши шарт!

Аниқ мақсадлар сари

Касаба уюшмалари ҳақида сўз борганда, энг аввало, кўз ўнгимизда тизим пойдевори ҳисобланмиш бошланғич ташкилотлар гавдаланади. Бироқ эски қонунда уларни ташкил қилиш чекланган эди. Янги қонунга кўра, уларнинг фаолияти, ҳақ-ҳуқуқи ва мажбуриятлари аниқ-тиниқ белгилаб берилди.
Маълумки, ҳар қандай қонунни янгилаш эҳтиёжи маълум бир зарурат туфайли юзага келади. Биз ҳам янги қонунни яратишда бир қанча мақсадларни кўзлагандик. Хусусан, касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқи ва имкониятини кенгайтириш шу истакларимиздан бири эди. Тўғри, бу имконият эски қонундаям «ходимлар касаба уюшмасига бирлашиш ҳуқуқига эга» дея номигагина акс этган эди. Аммо унинг ишлаш механизми чўлтоқроқ эди. Янги қонунда эса бу нормалар конституциявий ҳуқуқ даражасида кенгайтирилиб, бу янги қонуннинг халқаро ҳуқуқ тамойилларига тўлиқ мос келиши билан янада аҳамиятлидир. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ҳар ким касаба уюшмасига бирлашиши мумкин, дейилган. Ана шундан келиб чиққан ҳолда, эндиликда нафақат фуқароларимиз, балки фуқаролиги бўлмаган шахслар, хорижий фуқаролар ҳам касаба уюшмаларига бирлашиши мумкин бўлади. Бундан ташқари, аввалги қонунда касаба уюшмаси корхонада тузилади, дейилган бўлса, ҳозирда уни хоҳлаган жойда, меҳнат турининг хоҳлаган шакли мавжуд бўлган жойда тузиш мумкин. Яширишнинг ҳожати йўқ, бизда норасмий банд аҳоли – расмий иш жойига эга бўлмаган, халқ тилида айтганда, ёлланма ишчи (мардикор)лар синфи мавжуд. Эндиликда аҳолининг бундай қатламига ҳам касаба уюшмасига бирлашиш ҳуқуқи берилди. Бу ўринда ташаб­бускорлар чиқиб, туман, шаҳар ва вилоят миқёсида касаба уюшмасига бирлашиши мумкин.
Аввалги қонуннинг 2-моддасида «Ходимлар барча корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда, якка тартибдаги тадбиркорлик ва ўзга меҳнат фаолиятини амалга ошираётган бошқа иш жойларида камида уч нафар ходимнинг ташаббуси билан касаба уюшмаларини тузишга ҳақли», деб белгилаб қўйилганди.
Бу бир корхона ёки ўқув муассасасида ишлаётган, таълим олаётган шахслар бирлашиб, касаба уюшмаси тузиши мумкинлигини англатган ҳолда, бир неча корхоналарда, аниқроғи, бир неча иш берувчиларда ишлаётган шахсларга ўзаро бирлашиб, касаба уюшмаси тузиш ҳуқуқини бермас эди.
Янги қонуннинг 19-моддасида «Касаба уюшмалари бир ёки бир нечта ташкилот ходимларининг ташаббусига кўра ташкил этилади», деб белгилаб қўйилди.
Бу билан Халқаро меҳнат ташкилотининг «Бирлашиш эркинлиги ва бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги 87-конвенциясининг нормаси имплементация қилиниб, нафақат битта ташкилотда ишлаётганлар, балки бир неча ташкилотда ишлаётган ходимларга ҳам ўзаро бирлашиб, касаба уюшмасини тузиш имкони берилди.
Бугунги кунда иш берувчиларнинг турлари ўзгарди. Хусусий тадбиркорлар кўпайди. Ҳатто 18 яшар фуқаро ҳам иш берувчи мақомида бўлиши мумкин. Шундай экан, янги қонунга асосан 15 ёшга тўлган фуқаро, ҳаттоки, уй хизматчилари ҳам касаба уюшмасига бирлашиши мумкин. Ва бу қонундаги яна бир энг муҳим янгиликлардан биридир.

Муносабатни ўзгартирадиган тамойил

«Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Қонунда Қонун ҳужжатларида касаба уюшмалари томонидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланиши мумкин деб қайд этилган бўлса-да, бироқ бу қонун ёки меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат билан тартибга солинмаган эди. Эндиликда қонунда касаба уюшмалари томонидан жамоатчилик назоратини ташкил қилишнинг ўзига хос хусусиятлари, кафолатлари, қўшимча имтиёзлари, умуман айтганда, унинг ҳуқуқий мақоми аниқ белгилаб берилди.
Эски қонунда ижтимоий шерикликни тартибга солиш, уни энг қуйи бўғинларда ҳам янги босқичларга кўтариш масаласида қийинчилик­лар мавжуд эди. Яъни, бу жараённи қуйи поғонагача етказишда анча мураккабликлар бошдан кечириларди. Янги қонун ижтимоий шериклик тамойиллари, унинг механизмлари, хусусиятлари ва ҳуқуқий мақоми аниқ белгилаб қўйилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Янги қонунда яна бир муҳим жиҳат ўз аксини топган. Бу – бошланғич касаба уюшмаларининг бахтсиз ҳодисаларни махсус текшириш комиссия­ларидаги иштироки билан боғлиқ бўлиб, илгари бу ваколат ҳудудлар ва тармоқлар бўйича кенгайтирилмаган эди. Эндиликда меҳнат жамоалари ўз вакиллик органларини шакллантириб, аъзоларини мазкур комиссия таркибига киритиш имконига эга бўлди.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, касаба уюшмалари бирлашмаларининг ­меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишдаги ваколатларининг кучайтирилиши ҳам муҳим янгиликдир. Чунки илгари фақат касаба уюшмалари Федерациясигина шундай ваколатга эга эди. Эндиликда барча касаба уюшмалари бирлашмалари меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиши мумкин.
Қонундаги яна бир муҳим янгилик шуки, илгари касаба уюшмалари тизимида мавжуд бўлган, аммо турли сабаблар билан йўқотилган касаба уюшмалари инс­пекцияси эндиликда тикланяпти. Буни бугунги давр, ўзгаришлар тақозо этмоқда. Очиғи, илгари меҳнат муҳофазаси бўйича иш берувчи номига тақдимномалар киритилар, таклиф ва мулоҳазалар билдирилар, лекин уларга муносабат ва эътиборни тўлиқ ижобий деб бўлмасди. Энди бу каби беписанд­ликка, нотўғри муносабатларга қонун йўли билан чек қўйиладиган бўлди.
Инспекциялар ишчи-ходимларнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилишда энг асосий омиллардан бири ҳисобланади. Қонунда касаба уюшмалари инспекциясининг ваколатлари, ҳақ-ҳуқуқлари ва имкониятлари аниқ белгилаб қўйилди. Эътиборлиси, инспекторлар ҳар қандай ишхонада (у ерда касаба уюшма қўмитаси ташкил этилганми ёки йўқ, бундан қатъи назар) ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига қай тарзда риоя қилинаётганини ўрганиш ҳуқуқига эга.
Шу ўринда илгари муаммо бўлган яна бир жиҳатни тилга олиб ўтиш зарур. Олдинлари касаба уюшма ташкилотлари вакиллари давлат идораларининг очиқ мажлисларида, йиғинларида тўғридан-тўғри иштирок этиш ҳуқуқига эга эмас эди. Дейлик, масалан, бирорта ходимнинг манфаати кўзланиб, даъво аризаси кўрилаётган суд мажлисида қатнашиш учун рухсатнома, ишончнома олиниши керак эди. Энди янги қонун бўйича бундай тўсиқларга ўрин қолмади.
Халқаро меҳнат ташкилотининг талабларидан келиб чиқиб яратилган қонунда касаба уюшмаларини тузиш ва рўйхатдан ўтказиш таомиллари ҳам соддалаштирилди. Хусусан, унга кўра, фақат юридик шахс мақомига эга бўлган касаба уюшмаси давлат рўйхатидан ўтади. Агар бирорта ташкилотда ходимлар бирлашиб, бошланғич касаба уюшма ташкилотини тузса-ю, лекин юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтиш ниятида бўлмаса, бунга ҳам имконият бор. Бундай ҳолларда касаба уюшмасининг ўзи рўйхатга олади.
Халқаро меҳнат ташкилотининг 98-сонли Конвенциясида касаба уюшмаларининг мустақиллигини таъминлаш мақсадида иш берувчилар касаба уюшмаси таъсисчиси ва сайлаб қўйиладиган органи аъзоси бўла олмаслиги қатъий белгилаб ­қўйилган. Янги қонунда ҳам ушбу жиҳатлар эътиборга олинган. Яъни, қонун касаба уюшмаларининг мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.
Шуни қайд этиш жоизки, илгари касаба уюшмаси органига иш берувчилар ҳам, раҳбарлар ҳам киритилиб, улар уюшмани хоҳлаганича бош­қаришга уринарди. Эски қонунда бунга имкон бор эди. Бу эса ўз-ўзидан касаба уюшма фаолиятига иш берувчининг манфаатидан келиб чиқиб, таъсир ўтказиш имкониятини берар эди. Бундан буён иш берувчилар, уларнинг вакиллари касаба уюшмасининг раҳбар органига сайланиши ҳамда касаба уюшмасини ташкил этишда ташаббускор бўлиши мумкин эмас. Мана шу янги норманинг киритилиши касаба уюшмаларининг янада мус­тақил бўлишини таъминлаб, иш берувчининг мажбуриятини ҳам кучайтирди.
Ҳаётий тажрибадан келиб чиққан ҳолда, айтиш мумкинки, баъзи ҳолларда ишга кираётган ходимга иш берувчи касаба уюшмасига аъзо бўлмаслик ёки аъзоликдан чиқиш шартини қўяр эди. Бу ходимнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини чеклаш билан баробар эди. Янги қонунга кўра, энди бундай ҳолларга буткул барҳам берилади.
Умуман олганда, 9 та боб, 56 та моддадан ташкил топган янги қонун эскисига нисбатан бир қатор янги, аниқ, тўғридан-тўғри амал қиладиган нормаларни ўз ичига олгани билан ажралиб туради. Қолаверса, аввалги қонунда касаба уюшмалари фаолиятида қўлланиладиган асосий атамаларнинг мавжуд эмаслиги муайян тушунмовчиликларга, баъзан эса турли мунозараларга сабаб бўларди. Янги қонуннинг 3-моддасида эса бундай ҳолатларга барҳам берувчи норма ўз аксини топ­­ди.
Таъкидлаш жоизки, янги қонун қатор янгиликларни ўзида акс эттиргани билан аҳамиятлидир. Хусусан, касаба уюшмаларини ташкил этиш, қайта ташкил қилиш ва уларнинг фаолиятини тугатиш, давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби, устав ва рамзларга қўйилган талаблар меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солиб келинган бўлса, эндиликда мазкур тартиб-тамойиллар қонун ҳужжати асосида амалга оширилади.
Бундан ташқари, янги қонун билан касаба уюшмаларининг ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш, бандликка кўмаклашиш, меҳнат низоларини кўриб чиқиш, жамоатчилик назоратини амалга ошириш, ходимлар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш масалаларини ҳал этишда қатнашиш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш бўйича ҳуқуқлари кенгайтирилди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, ҳудудий бирлашмалар ва тармоқ ташкилотлари томонидан янги қонунни ҳаётга татбиқ этиш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Жойларда қонун моҳиятини тушунтириш, тарғибот қилиш бўйича тизимли ишлар бажарилмоқда. Албатта, бу борадаги саъй-ҳаракатлар тез орада ўз самарасини беради.
«Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун фаолиятимизни ҳуқуқий жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишда, унинг ваколатлари ва имкониятларини кенгайтиришда ҳамда ходимлар манфаатларини тўлақонли ҳимоялашда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Бизнинг зиммамиздаги энг муҳим ва масъулиятли вазифалардан бири – қонуннинг тўлиқ ишлашини таъминлаш ва унинг ижросини талаб қилишдан иборат бўлиб қолади.

Қудратилла РАФИҚОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси раиси, сенатор.

Бошқа хабарлар