ҲАЁТГА НУР, ҚАЛБГА ИШОНЧ ОЛИБ КИРАЁТГАН ТАШАББУС

86

Ишчи гуруҳ фаолияти:

Бу йил хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилмоқда. Буни биргина давлатимиз раҳбари ташаббуси билан «Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш» бўйича Касаба уюшмалари федерацияси мутасаддилигида тузилган Республика Ишчи гуруҳи мисолида ҳам кўриш мумкин.
Ишчи гуруҳ ҳозирги кунга қадар Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Хоразм ва Навоий вилоятларида яшаётган хотин-қизларнинг муаммоларини ҳар томонлама ўрганди. Бу жараёнда уларга амалий ёрдам кўрсатиш билан бирга, мавжуд муаммо ва камчиликларни ҳал этиш юзасидан амалий чоралар кўрилмоқда.

Оилаларга татиётган байрам

Умрини рўзғор, фарзанд ташвишидан бошқа нарсани ўйламай, на ичимлик суви, на гази бор, хароба уйда (агар уни уй дейиш тўғри бўлса) ҳали вояга етмаган фарзандлари билан жон сақлаётган аёлни кўз олдингизга келтира оласизми?

Ҳатто орзу қилишни унутган оилани-чи?
Афсуски, аччиқ, аммо очиқ ҳақиқат бу. Фақат биз уларни узоқ вақт кўриб, кўрмасликка олдик, холос. «Жаннатдан хабарлар» берадиган телелавҳаларда гул-гул яшнаган аёлларни кўрсатдик, матбуот саҳифаларида шодон қиёфаларни ёритдик.
Айниқса, байрамларда шундай чеҳраларни кўрганда, ночорлик, тушкунлик туфайли йиғлашга кўзида ёш ҳам қолмаган аёллар қандай ҳисларни бошдан кечирган экан…
Ахир узоқ йиллардан буён уларнинг кўчасида байрам бўлмаган-да…
Навбаҳор тумани «М.Улуғбек» МФЙда уч фарзанди билан на девори, на дарвозаси бор, ўғри тушган оғилхонадек ҳувиллаб ётган кулбаи вайронада истиқомат қилаётган Зарифа Чинмирзаева ана шундай аёллардан бири. Зах босган хонадонида гилам у ёқда турсин, ҳатто, тузукроқ шолчаси ҳам йўқ бу хокисор аёлнинг энг катта ва биттаю-битта орзуси – бошпанасини одам яшайдиган ҳолга келтириш ва атрофини девор билан ўраш… Турмушга чиққанидан буён бирор марта ўзига тузукроқ оро бермаган, рўзғордан орттириб, бир йилда битта янги либос киймаган ­қишлоқ аёлининг ягона истаги бу. Аммо…
Шу маҳаллада яшовчи яна бир аёл бор – Дилдора Омонова. Тўртинчи синфда таҳсил олаётган фарзанди оққон касаллигига чалинган. Унинг дарди дунёсидан кўнгиллар бузилиб, кўзлар ёшга тўлади. Зах хонада шифтга термулиб ётган Жаҳонгирнинг соғлиғи учун шу бошпанани ҳам сотувга қўйган. Муҳими – ўғли тузалиб кетсин! Ахир ота-бобомиздан қолган нақл бор: бош омон бўлса, дўппи топилади.
Бу Президентимиз топшириғига биноан Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Республика ишчи гуруҳининг Навоий вилоятидаги фаолиятидан бир лавҳа.
Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов раҳбарлик қилаётган мазкур ишчи гуруҳ Навоий вилоятида уйма-уй юриб, аҳоли яшаш шароити билан танишди.
– Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, вилоятда 1 минг 205 нафар аёл оғир турмуш шароитида яшамоқда, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Раҳматилла Қорабоев. – Оилавий ажримлар сони 942 тани ташкил этмоқда. Ажримларнинг асосий сабаби оилавий келишмовчиликлар ва ишсизликдир.
Уйма-уй юриб, муаммоларни ўрганиш натижасида вилоятнинг биргина Навбаҳор туманида 414 та кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва нотинч хонадон, 198 та уй-жойга муҳтож ва мавжуд уй-жойини таъмирлашга эҳтиёжманд оила аниқланди.
Баъзи муаммоларни жойида ҳал этиш мумкин. Шундан келиб чиққан ҳолда, 24 нафар аёлга даволаниш, дори-дармон, уй-жойларини таъмирлаш ҳамда турмуш тарзини яхшилаш учун ўртача 2 миллион сўмдан 50 миллион сўмгача нақд пул кўринишидаги моддий ёрдам кўрсатилди. 50 нафар кам таъминланган, боқувчиси йўқ аёлларнинг фарзандлари учун кийим-бош жамланмаси олиб берилди. 10 нафар хотин-қизга соғлиғини тиклаш учун санаторийга йўлланма ажратилди. 30 нафар хотин-қизга маиший техника воситалари берилди. 50 нафар мактаб ўқувчисига ­кийим-бош ва ўқув қуроллари, 10 нафар аёлга ногиронлик аравачалари топширилди.
Туманда камбағалликни камайтириш учун Касаба уюшмалари Федерацияси 2 миллиард сўм маблағ ажратадиган бўлди. Бу билан 400 та янги иш ўрни яратилади. Демак, шунча оилага барака кириб боради.
Сўзимиз давомида бир ҳолатни келтириб ўтишни жоиз топдик. Бугун турмуши ўрганилган оилаларнинг аксарияти шу вақтгача ҳеч қаерга мурожаат этмаган. Балки… Уларнинг бундан умиди бўлмаган.
Мана, масалан, Бахмал Тўлаева. У авария ҳолатидаги икки хонали уйда учта оила билан яшаб келмоқда. Бу ҳам етмаганидек, бир фарзанди ногирон. Оиланинг асосий даромади ногиронлик нафақаси ва яна ёлланма ишчиликдан келадиган арзимаган даромад. Бахмал опа эса шу вақтгача ҳеч қайси идора эшигига сарғайиб бормаган…
Ишчи гуруҳи ўрганишларида бу каби ­кўплаб оилалар аниқланди ва тез орада уларнинг муаммоларини бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
… Ўрганишларнинг бир куни шундай ниҳоясига етди. Ортга қайтар эканмиз, кўзига қувонч, қалбига ишонч қайтган аёлларнинг сўзлари қулоғимиз остида жаранглаб турарди:
– Очиғи, шу пайтгача байрам нималигини ҳис этмаганман. Бу байрам мен учун унутилмас кун бўлди. Энди бизнинг уйга ҳам рўшнолик кирди.

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«Ishonch»

Қарор топаётган адолат

Ишчи гуруҳнинг Жиззах вилоятидаги ўрганишлари давомида кўплаб оилаларга нур, қалбларга ишонч кирди.

– Оилада беш фарзандмиз, – дейди Пахтакор тумани «Буюк ипак йўли» маҳалласида яшовчи Фазилат Шаҳриева. – Ўзим ҳеч қаерда ўқимаганман. Сингилларимдан бири Фотима Самарқанд давлат чет тиллар институтига, Зуҳра эса Жиззах давлат педагогика институтига ўқишга кирди. Бироқ шартнома пулларини тўлашга қийналдим. Таълим кредити олиш учун бир неча маротаба банкларга мурожаат қилдим, аммо умидларим ушалмай қолаверди. Мен бугун бахтлиман. Сабаби – икки синг­лимнинг муаммоси ҳал бўлди. Улар ўқиш­ларини давом эттиришмоқда.
– Шу кунгача тикув машинасини олиш учун кўплаб ташкилотлардан ёрдам сўраган эдим, – дейди «Мингчинор» ҚФЙда яшовчи Саодат Эгамова. – Аммо натижа бўлмаган. Ишчи гуруҳи оиламизга келиб, шароитимизни ўрганишди. Қўлимда ҳунарим борлигини эътиборга олиб, мени замонавий тикув машинаси билан таъминлашди. Энди мана шу тикув машинаси туфайли оиламнинг иқтисодий аҳволини яхшилаш имконига эга бўлдим. Мен бир нарсани айтмоқчиман: бугунгача кўп сансалорликларни кўрдим, лекин муҳтарам Президентимиз аёлларга юқори минбардан туриб эътибор қаратганлари натижасида менга ўхшаган кўплаб хотин-қизларнинг мушкуллари осон бўлиб, муаммолари ҳал этилмоқда.
– Оиламиз билан 10 йилдан бери ижарама-ижара кўчиб, яшаб келмоқдамиз, – ­дейди «Ғалаба» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Турсуной Султонова. – Турмуш ўртоғимнинг соғлиғи ёмонлиги боис, ҳеч қаерда ишламайди. Молиявий имкониятимиз чекланган. Кичик ёшдаги фарзандимни боғчага беролмаганман. Ишчи гуруҳи оилавий шароитимизни ўрганиб чиққач, амалий ёрдам кўрсатилди. Йиллар давомида ушалмаган орзуимизга етадиган бўлдик.

Муқимбой ИСМОИЛОВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар