«Мўътабар»лик мақоми муборак!

58

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида «Мўътабар аёл» кўкрак нишонини топширишга бағиш­ланган тадбир бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини ­мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ «Мўътабар аёл» кўкрак нишони таъсис этилганди.
Унга мувофиқ, ўтган йили Халқаро хотин-қизлар куни арафасида халқ эътирофига сазовор бўлган, меҳнат фаолиятида ­кўплаб ютуқларга эришган, оиласи билан намуна бўлаётган 290 нафар хотин-қиз тақдирланган эди.
2020 йилда кўкрак нишони йўриқномасига ўзгартириш киритилиб, ушбу нишон 50 ёшдан юқори бўлган, оиласидаги муҳит билан бошқаларга ўрнак бўлишни ҳаёт тарзига айлантирган аёлларга берилиши белгилаб қўйилди ва 287 нафар аёл «Мўътабар аёл» кўкрак нишонига муносиб кўрилди.
Эътиборли жиҳати, бу йил узоқ йиллар халқимизга хизмат қилган, бироқ ҳозирда орамизда бўлмаган аёллар ҳам ушбу кўкрак нишонига муносиб кўрилди. Масалан, ўз асарларида Ватанга эътиқод, эл меҳри, одамийлик ва яхшиликни тараннум этган сурхондарёлик ёзувчи Жамила Эргашева ҳамда Наманган вилоятида хотин-қизлар билан ишлаш тизимида ва тиббиёт соҳасида сидқидилдан хизмат қилган Манзура Азизоваларнинг меҳнатлари ва шахсий намунаси инобатга олинди. Эътиборли нишон марҳуманинг яқинларига топширилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда аёл зотини улуғлаш борасида кўрсатилаётган эътибор учун миннатдорлик билдирдилар.
Санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокидаги концерт тадбирга янада файз бағишлади.

Комила БОЙМУРОДОВА,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар