Эй дўст…

143

Эл шоири Азим Суюн хотирасига

Мард кетди майдондан, мардон ҳам кетди,
Қўлингдан ер-ку ер, осмон ҳам кетди.
Қирқ отар қўй сўйиб кутсанг ҳам қайтмас,
Эй дўст, деб чорлаган инсон ҳам кетди.

Ўлмаган қул борми, кўпдан айрилдик,
Галма-гал сувдан ҳам, ўтдан айрилдик.
Абдулла, Муҳаммад, Ҳалима каби,
Эй дўст, бугун яна дўстдан айрилдик.

Топганин йўқотиб бормоқда дунё,
Кунма-кун тутоқиб бормоқда дунё.
Қанчалар қўймасин чидаймиз, эй дўст,
На чора ютоқиб бормоқда дунё.

Йироқдан, Ироқдан келиб аллаким,
Қўлини оларди вазир-у ҳоким.
Эй дўст, шоирни бир кўргандан сўра,
Азим Суюн бўлиб қололмас ҳеч ким.

Бўлсанг, бир кўнгилнинг қуроғи бўлгин,
Қуроғин лойлаган тупроғи бўлгин.
Магар шоирликдан муродинг бўлса,
Эй дўст, Азим Суюн чироғи бўлгин.

Зўр кетди, зар кетди, зардон ҳам кетди,
Ҳам яхши, ҳам ёмон, шодмон ҳам кетди.
От бериб, мот бериб, кутсанг ҳам қайтмас,
Эй дўст, деб имлаган инсон ҳам кетди.

Нормурод МУСОМОВ

Бошқа хабарлар