Қалбларни нурлантирган ташаббус

44

Пешку туманидаги «Қучоқ» маҳалласида яшовчи Тожида Бердиева уч йилдирки оғир касалликдан азоб чекади – инсультга чалинган. Боз устига, ёлғиз ўзи ягона фарзанди Марисабени тарбиялаб, вояга етказмоқда.

Таассуфки, хаста онани боқиш, унга қараш, умуман, рўзғор ташвиши 10-синфда ўқиётган қизи зимасида қолган. Марисабе дарсдан бўшади, дегунча онасига қарайди, ҳовлидаги ўн-ўн бешта паррандани боқиб, томорқада у-бу нарсани етиштириб, тикувчилик қилиб, уч-тўрт сўм пул топади. Янада ачинарлиси, қиз волидасини узоқ вақтга ёлғиз қолдиришга ҳам қўрқади. Чунки, аёлни исталган пайтда қон босими кўтарилиши мумкин. Хуллас, хонадондаги умумий аҳвол шу.
Президентимиз ташаббуси билан Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Касаба уюшмалари Федерацияси мутасаддилигида тузилган Республика Ишчи гуруҳининг галдаги манзили – Бухоро вилоятида аниқланган ҳолатлардан бири айнан шу ночор оила билан боғлиқ.
– Ушбу хонадонда бўлганимизда яна бир жиҳат эътиборимизни тортди, – ­дейди ишчи гуруҳ аъзоси, Ўзбекистон темир йўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмалари Республика кенгаши бўлим йўриқчиси Шамил Ханиев. – Маҳаллага газ қувури ўтказилган-у, аммо бу ҳовлида мавжуд эмас. Уйларига кириб кўрганимизда, томларидан чакка ўтганига, она-бола зах, совуқ жойда яшаётганига амин бўлдик. Газсиз хонадон аъзоларининг ягона нажоти тараша-ю ўтиндан. Энди уларнинг қаҳратон қишни қандай ўтказганини тасаввур қилаверинг.
– Улар келишганида уйимизга нур киргандек бўлди, – дейди Тожида Бердиева. – Қалбим қувончга тўлди. Биз дардимизни ҳали айтишга улгармасимиздан, ўзлари ёрдам берадиган бўлишди. Улар кетгач, кўзим ва қалбим равшан бўлди.
Ишчи гуруҳи аъзолари хонадонга газ қувури ўтказиш ва газ плитаси билан таъминлаш борасида тўхтамга келди.
Касаба уюшмалари вакиллари ва маҳаллий мутасаддилар кўзи ожиз мурғак боласи парвариши билан банд Шарифа Нурова хонадонида ҳам бўлди. Олти яшар туғма ногирон Ширинойнинг кўзидан пардаларни жарроҳлик йўли билан олиб ташлаш керак. Бунинг учун эса «Саройча» маҳалласида истиқомат қилувчи оила 35 миллион сўм ­маблағга муҳтож. Бу оиланинг турар жойи ҳам ҳавас қилгулик эмас. Мутасаддилар мавжуд аҳволни ўргангач, ушбу ночор оилага тегишлича моддий ёрдам кўрсатишга қарор қилди.
Ўрганишлар давомида ишчи гуруҳ вакиллари Манғитлар қишлоғида яшаётган Робия буви Султонова хонадонида ҳам бўлишди. Онахон 120 ёшда. У бугун набира ва эваралари билан бир хонадонда истиқомат қиляпти. Аммо уларнинг яшаш шароитлари яхши эмас. Момонинг невара келини онкологик хасталикка чалинган. Аммо аёлнинг қўлидан тикиш-бичиш келади. Шунинг учун унга тикув машинаси олиб беришга қарор қилинди. Юз йигирма довонни ортда қолдирган онахонни эса тиббий каравот билан таъминлашга келишилди.
Таъкидлаш лозимки, Пешкуда 37 та маҳалла мавжуд. Ишчи гуруҳи вакилларининг мақсади шу маҳаллалардаги 366 та хонадонда яшаётган аёлларнинг муаммоларини чуқур ўрганиш, шу орқали эҳтиёжмандларга мадад қўлини чўзишдир. Бу борадаги ўрганишлар давом этмоқда.

Рустам ИБРОҲИМОВ

Бошқа хабарлар