“Бугун ишдан бўшатмасам, одаммасман!” – Марҳамат тумани ҳокими ўринбосари маданият бўлими раҳбарини нега ҳақоратлади?

798

Ishonch.uz таҳририятига Андижон вилоятининг Марҳамат туманидан мурожаат келиб тушди. Унга илова қилинган аудиоёзувдан туман ҳокимининг ўринбосари, айни вақтда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимининг раҳбари Маъмурахон Сотволдиева туман маданият бўлими бошлиғи Акмал Юлдашевни илон пўст ташлайдиган сўзлар билан ҳақорат қилганлиги англашилади.

Ҳоким ўринбосари ҳамда маданият бўлими бошлиғи ўртасидаги телефон орқали мулоқотда Маъмурахон Сотволдиева айни кунда ўтган тадбирга ишора қилиб, “Қўлингдан келмаса айтмайсанми? Мени шарманда қилдинг! Вилоят ҳокимининг олдида туман ҳокимини шарманда қилдинг!” дея танбеҳ беради. Узуқ-юлуқ суҳбат асноси Акмал Юлдашевни курак тугул, тувакда турмайдиган сўзлар билан хумордан чиққунча “сийлаб”, “Бугун ишдан бўшатмасам одаммасман!” деб огоҳлантиради ҳам.

Маълум бўлишича, бир гуруҳ ишсиз ёшларга деҳқончилик билан шуғулланишлари учун Марҳамат туманининг Полвонтош қишлоғи адирликларидан ер ажратишга қарор қилинган ҳамда жорий йил 10 март куни тадбирнинг очилиш маросими ўтказилиши режалаштирилган. Шу боис туман маданият бўлимига қарашли овоз кучайтиргич мосламалари тадбир манзилига етказилган. Бироқ маросим санаси 11 мартга қолдирилади. Айни шу куни туман марказида янги ишлаб чиқариш цехларини фойдаланишга топшириш маросими ҳам ўтказилиши сабаб овоз кучайтиргич ускунаси Полвонтошдан марказга қайтариб олиб кетилади, аммо айтилган жойга белгиланган вақтдан бироз кечикиб етказиб борилади.

“Аслида, тадбир чиройли ўтди, меҳмонлар ҳам ускуналар ўрнатилгандан бироз кейин етиб келди, – дейди Акмал Юлдашев. – Ҳоким ўринбосарининг ташкилотимдаги шароитни била туриб, камига нафсониятимга текканлигини ҳазм қилолмадим. Ўз ўрнида мен ҳам “саломга яраша алик” қайтардим”.

Маданият бўлими бошиғининг қайд этишича, ташкилот балансида бирорта хизмат машинаси йўқ, алмисоқдан қолган биргина овоз кучайтиргични эса тадбирларга кўчадан такси ёллаб етказиб боришади.

Ishonch.uz айни масалада ҳоким ўринбосаридан ҳам телефон орқали изоҳ олди.

“Ишлаб чиқариш цехининг очилиш маросимига овоз кучайтиргич мосламаси олиб келиш маданият бўлими бошлиғи зиммасига юклатилганди. Аммо аппаратура вақтида келмагани сабаб тадбир кечикди, меҳмонлар олдида хижолатда қолдик. Мен ҳам гап эшитдим. Тўғри, жаҳл устида Акмалга қаттиқ танбеҳ бердим, бу ишда бўладиган ҳолат. Ҳақоратомуз сўзларни гапирмадим, аммо сени ишдан бўшатаман, деган жойим бор”, – дейди Маъмурахон Сотволдиева.

 Дарвоқе, таҳририят мухбирининг Маъмурахон Сотволдиева билан телефон орқали кечаётган суҳбати ўртасида нариги томондан гўшакни бошқа бир шахс тортиб олиб, ўзини Марҳамат тумани ҳокимининг ёрдамчиси Умиджон деб таништирди ҳамда бу масалалар телефонда ҳал этилмаслигини, “ҳокимиятга келинса, бафуржа гаплашиб олишини” писанда қилди.

Жамоатчиликка маълум қилинаётган айни далилларга ҳуқуқий баҳо бериш прокуратура органларига тан.

Маданият вазирлиги эса ҳудудий бўлимдаги шарт-шароит масаласи юзасидан ўз нуқтаи назарини билдириши зарур.

Бошқа хабарлар