Пул номусдан афзалми?

85



…Қўйлиқ бозори ерости йўлидан ҳафтада икки-уч марта ўтишимга тўғри келади. У ердаги  манзарага йўловчиларнинг кўзи ўрганиб кетган чоғи, ҳеч ким парво қилмайди. Ҳар ким ўз иши, ташвиши билан андармон. Ёшгина лўли жувон норасида гўдакни бағрига босганча, ўтган-кетганга қўл узатиб ёрдам сўрайди. Бошқа томонда “Яхшилар, ёрдам беринг!”дея  қўлларини чўзиб, моддий кўмак кутаётган ўзбек онахонининг ҳолати янада ачинарли… Ўйланиб қоласан, киши: қайсидир фарзанднинг онаси, қайсидир маҳалланинг фуқароси, кимнингдир қўшниси, яна кимнингдир қудаси бўлган бу аёл наҳотки, садақага муҳтож бўлса?!

Қўлида тутиб турган елим халта беш юз, минг сўмлик билан тўлиб қолибди. Тик оёқда йўловчиларга “пешвоз” чиқаётган кекса онахонни зимдан кузатиб турдим. Ахири, онахонни суҳбатга тортдим.

— Олтмиш тўрт ёшга тўлганимда, элдан эҳсон сўраб олишнинг ўзи бир номус, — дей­ди оққўрғонлик Назокат ая (исми шартли ўзгартирилди) кўзлари ёшга тўлиб. — Бир неча ойдан бери ерости йўлида “тирикчилик” қиламан. Икки марта милиционерлар “Тузель”га  олиб боришди. Кичик қизим келиб, жаримани тўлаб, олиб чиқди. Начора, яна шу “касб”имни давом эттиряпман.

Аёлнинг айтишича, олти ой аввал эҳтиётсизлик оқибатида фуқаролик пас­портини йўқотгач, ёшга доир пенсияси тўхтатиб қўйилган. Аёл ўзи истиқомат қилаётган “Уста Нормат” маҳалла фуқаролар йиғини раисига мурожаат қилиб, икки бор моддий ёрдам сўраган. Маҳалла раиси эса Назокат аянинг ўғли Кореяда ишлаётгани сабабли, қўшимча таъминот бор, дея рад жавобини берган.

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида “Уста Нормат” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Алишер Икромовга мурожаат қилдик. Унинг сўзларини тинглагач, фикримиз ўзгарди.

— Назокат опа ўзига тўқ оилада истиқомат қилади, — дейди А.Икромов. —  Онахонни болалигимдан танийман. Азалдан тиланчиликни касб қилиб олган. Фарзандлари топармон-тутармон йигитлар. Шу масалада бир неча бор маҳалла фаоллари билан суҳбатлашганмиз. Афсуски, аёлни бу йўлдан қайтаролмаяпмиз. Шу кунгача пенсиясини мунтазам олиб келяпти. Очиғи, кўздек маҳалладошимни айбламоқчи ёки ўзимни оқламоқчи эмасман. Кексаларимизнинг гапи бор, “бир боланинг гапига бир шаҳар бузилибди”, деган. Онахон эсли-ҳушли, гапга тушунмайдиган одам эмас. Ёши бир жойга борганда ёлғон гапиришдан нима наф?

Маҳалла раисининг гапларида жон бор. Нима учун норғулдек ўғиллари бўла туриб, аёл шу йўлга кирди? Суҳбат жараёнида онахон кунига 130-150 минг сўм тушиши ҳақида гапирувди. Ё, тавба пул номусдан кучли келса-я?! Қарилик гаштини суриб, набиралар қуршовида яшашга не етсин?

Гавжум ерости йўлидан нафақат юртдош­ларимиз, балки хорижий меҳмонлар ҳам ўтиши та­йин. Бизни ташвишлантиргани, сайёҳлар наздида мамлакатимизда нуронийларга эътибор йўқ экан, деган салбий фикр уйғониши мумкин. Аслида, кекса онахоннинг тиланчилик қилиши барчамизни ташвишга солиши керак.

Нигора ЎРОЛОВА,

Манба: “Nuroniy” газетаси



Бошқа хабарлар