Мени бошк,аларга ўхшатманг!

44

Муслимбек Йўлдошев кўп қиррали ижодкор. Халқимиз уни телебошловчи, сухандон, шоир сифатида яхши билади ва қадрлайди. «Дилкаш давралар» кўрсатуви орқали ўз мухлислари билан дийдорлашиб келаётган Муслимбек Йўлдошев билан суҳбатимиз кутилганидан-да қизиқарли кечди.

– «Дилкаш давралар»нинг шакли бошқа кўрсатувлардан кўчирилганми?
– Бу кўрсатув ғояси ўтган асрнинг 90-йилларидан кўнглимда туғилган ва қоғозга «Якшанбада бир соат» номи билан қайд этилган эди. 80-йиллар охирида, 1-дастурда (ҳозирги «Ўзбекистон» канали илгари шундай аталар эди) якшанба кунлари кечки соатларда эфирга узатиладиган бир кўрсатувга бошловчилик қилар эдим. Унинг ташкилотчиси ва муаллифи устозимиз Тўра Раҳимов эди. Шу кўрсатув ўзимга ҳам жуда ёқарди. Унда тарихчи олимлар, етук адабиётшунослар, шарқшунос мутахассислар иштирок этар эди. Хуллас, ўша кўрсатувдаги суҳбатлар ичига ўзим ҳам сингиб кетардим. Илгари билмаган ва қизиқмаган нарсаларимни билиб олардим. Бу кўрсатувда қўшиқлар берилмас эди. Ўшанда «Бир муаллифлик кўрсатуви тайёрласам, ичида мана шунақа эркин суҳбатлар, мавзубоп қўшиқлар ҳам бўлса, жуда зўр чиқса керак», деб ният қилиб юрардим. Ўша орзуларим амалга ошди. Аввал «Ассалом, Ўзбекистон» ­тонгги ахборот, мусиқий дастур дунё юзини кўрди. «Дилкаш давралар»нинг шакли ҳам ўшанинг ўзи. Аммо унда мавзулар кенгроқ, тўлиқроқ ёритилади.

– «Дилкаш давралар» шеригингиз Дилфуза Юсупова билан янада дилга ёқяпти…
– Дилфузахон билан ўттиз йиллардан бери бирга ишлаймиз. Жуда кўп тадбирларда, кўрсатувларда ҳамкорликда ишлаганмиз. «Дилкаш давралар» эфирга тайёрланаётган пайтда биринчи бўлиб уни таклиф қилганман. Лекин у ўшанда унамаган. Мана ҳозир бирга ишлаяпмиз. Мухлислар «Муслимбек, Дилфузахонни ёнингизга олиб, жуда яхши иш қилдингиз», дейишади. Ахир, асл баҳо – томошабин баҳоси-ку! Ундан кўнглим тўқ. Ҳозир бошловчи дегани кўп. Аммо Дилфузахонга ўхшагани кам, жуда кам.

– Бугунги телебошловчилар ҳақида фикрингизни ҳам билсак дегандик. Уларга қандай баҳо берган бўлардингиз?
– Бугунги теле ва радиобошловчиларнинг аксарияти қай аҳволдалигини ҳамма кўриб, билиб турибди. Президентимизнинг «Дикторлар мактабини тиклашимиз керак», деб ­айтганлари ҳам бежиз эмас.
Мен бир нарсага ҳайронман. Нима учун юзлаб бошловчилар орасида халқ яхши кўрадиган севимлилари кам? Мен буларнинг сабабларини биламан. Аммо бу – бир ўзим ҳал қиладиган масала эмас. Бу – жиддий муаммо. Мен яна бир нарсадан хавотирдаман. Менинг ҳамкасбларим бошқа бошловчиларга аралашиб, юзларидаги севимлилик нурларини йўқотиб қўйишмаса бўлди.

– Сиз учун муаллифлик қиладиган борми, ким кўрсатув тайёрлаб беради?
– Илтимос, мени бошқаларга ўхшатманг! Балки кимлардир баъзи ­бошловчиларга кўрсатувлар ёзиб беришар, аммо мен ўз кўрсатувларимни ўзим тайёрлайман. Ва бу ижодий ёндашувни кеча бошлаганим йўқ. Кўпчилик мени ўша «эски» замонларда ҳам муаллифлик кўрсатувлар тайёрлаганимни билади. Нокамтарликка йўйманг, гоҳида режиссёрлик ҳам ўзимга қолиб кетарди.

– Мавзуларни қандай танлайсиз?
– Томошабинлар «Фалончи ҳақида кўрсатув қилсангиз бўларкан, пистончини ҳеч ким эсламаяпти», деган мазмунда таклифлар айтишади. Ҳа хўп, дейман-у, фақат ўзим билган, таниган одамлар ҳақида кўрсатув тайёрлайман. Номи таниш-у, ўзи нотаниш одамлар тўғрисида кўрсатув қилсам, саёз, зўрма-зўраки чиқиб қолади.

– У ҳолда сиз танимаган одамлар назарингиздан четда қолиб, улар ҳақида кўрсатувлар қилинмайдими?
– Нега? Ўзбекистонда йигирмага яқин телеканал бор, ўшалар ҳам тайёрлашади, тайёрласин. Уларнинг ҳар бири ҳафтасига 168 соатлаб кўрсатув беради. Мен эса бир ойда 140 дақиқа вақт оламан. Бир одамни – ёзувчи, шоир, актёр, хонанда, раққоса ёки рассомнинг ўзини ёки асарини яхши кўрмай туриб, мавзуга қўл уриб бўлмайди.
– Кўрсатувингизнинг бугунги даражасидан кўнглингиз тўладими?
– Албатта, йўқ. Галдан галга кўрсатув мавзуси, иштирокчилари, уни эфирга узатиш услублари, техник имкониятлардан фойдаланиш ҳақида изланамиз. Аммо ҳамма нарса ҳам биргина муаллиф, телеканал ёки телекомпания­­га боғлиқ эмас. Режа қилган ҳамма ишларим юз фоиз амалга ошиб эфирга чиқса, осмонда учиб юрган бўлардим. Баъзида айрим режаларим лойиҳалигича қолиб кетади. Қанийди, ҳар бир кўрсатув ­бошда сценарийси қандай ёзилган бўлса, эфирга ҳам шундай тайёрлаб узатилса…
Биз имкон қадар шундай бўлишига интиляпмиз. Менимча, энг муҳими шу!

Алижон
АБДУРАҲМОНОВ
суҳбатлашди

Бошқа хабарлар