Касаба уюшмаси кашф этаётган иқтидорлар

89

«Ақл ёшда эмас, бошда», деган нақлни хўб топиб айтишган-да! Чиндан ҳам ўз иқтидор-у заковати билан тараққиётга ҳисса қўшаётган навқирон йигит-қизларимиз кам дейсизми?! Шунинг баробарида, жамоатчилик назаридан четда қолаётган шундай қобилиятли ёшлар ҳам борки, улардаги имкониятлар юзага чиқиши учун андак рағбат, эътибор-у қўллов кифоя.

Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш мақсадида касаба уюшмалари фаоллари томонидан йил бошида режа тузилган бўлиб, унга кўра, тизимнинг Андижон вилояти бирлашмаси кенгаши раиси Шокиржон Болтабоев ҳам бир гуруҳ ёшлар билан учрашиши керак эди. Айни шу тадбир олдидан ўтказилган маслаҳат йиғинида раис фаоллар олдига битта вазифа қўйди: «Мулоқотга ҳар тадбирда доимий иштирок этадиган ёшларни эмас, янги қиёфаларни таклиф этинглар. Токи, эрта бир кун бўй кўрсатадиган ноёб истеъдодларни «касаба уюшмаси кашф этган», дея ғурурланиб юрайлик».

Яхши ният юзага чиқди

Айтиш жоиз, бирлашма кенгаши раисининг ёшлар билан учрашуви доирасида ташкил этилган кўргазма ва мусобақаларда Президентимиз илгари сурган беш муҳим ташаббуснинг барча йўналиш­лари қамраб олинди. Жамоат ташкилотининг ҳамкорлик борасидаги таклифига қатор ташкилотлар бажонидил қўшилишди.
Масалан, китоб савдоси билан шуғулланадиган бир қатор тадбиркорлик субъектлари кўчма савдо ярмаркаси ташкил этган бўлса, Бобур номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази тадбир қатнашчиларининг ёшига муносиб, қизиқарли, нодир китоблар жамланмасини кўргазмага қўйди. Кўргазма билан танишув асноси шаҳардаги саноат корхонасида ишловчи ёш ходимлардан бирининг ҳамкасбига айтган ­гаплари қулоққа чалинди: «Шу китобни бир йилдан бери излайман, мана – кутубхонада бор экан. Кутубхонага аъзо бўлиш аввалроқ нега хаёлимга келмаган экан, ҳайронман».
Шу тариқа ярим кун давом этган кўргазма чоғи тадбир қатнашчиларининг қирқ нафари вилоят кутубхонасининг аъзоси бўлди. Бир қатор таклифлардан сўнг яқин кунларда вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси таркибида мазкур кутубхонанинг филиалини ташкил этишга келишиб олинди.
Хуллас, тадбир доирасида мусаввирликка рағбати бор бир гуруҳ йигит-қизлар портрет ишлашди, кимлардир теннис-у шахмат баҳсида ­кўплаб тенгқурларидан устун эканини намоён этди, компьютер тилини яхши тушунадиган ёшлар эса ўзларининг дастурий ижодлари билан атрофдагиларни ҳайратга солишди. Меҳмонлар орасида юрган «Ҳунарманд» уюшмасининг вилоят бошқармаси бошлиғи Шаҳло Солиева эса ҳар бир ҳунарманднинг ишлари билан шошилмай танишар экан, қувончини касаба уюшма фаоллари билан бўлишди: «Келажакда ўз маҳсулотлари билан халқаро кўргазмаларда қатнашиши мумкин бўлган қизларни кўрдим».
– Тўқувчиликни тўққиз ёшимда ўрганишни бошлаганман, – дейди Андижон шаҳрида яшовчи Муслима Мирзаева. – Болалар ва катталар учун мўлжалланган оёқ кийимларидан бир неча хилини тўқиб, сотувга чиқаряпмиз. Ҳозир ўндан ортиқ имконияти чекланган аёлларга бепул ҳунар ўргатяпман. «Ҳунарманд» уюшмаси раҳбари билан яқиндан танишдик. Чақалоқларни солиб кўтариб юришга мўлжалланган саватчага ишқибоз бўлиб, хорижда бунинг харидорлари кўп эканлигини айтдилар. Бугунги тадбир ҳамкорлигимизга туртки бўлганидан мамнунман.

Кул остида… чўғ!

– Кузда ўқитувчиларимиз билан бирга беш муҳим ташаббус бўйича Хонобод шаҳрида ташкил этилган тадбирга бордик, – дея ҳикоя қилади Андижон давлат университети педагогика факультети 3-курс талабаси Дилёра Турсунова. – Кўргазмага ҳунармандлик маҳсулотлари ҳам қўйилган эди. Устозларимиздан бири хилма-хил миллий тақинчоқларни кўриб, ҳайратга тушди, ҳунармандни мақтай бошлади. Шунда секин у кишининг ёнига келиб, «Домла, мақтанишга йўймангу, мен бундан ҳам чиройлироқ тақинчоқлар ясай оламан», дедим. Чиндан-да дастлабки йили ўқишга кира олмагач, мунчоқлардан тақинчоқлар ясашни ўрганган, ҳатто уч-тўрт ой Қўрғонтепа туманидаги «Баркамол авлод» марказида ўқувчиларга тўгарак очгандим.
Хуллас, домла қайси факультетда ўқишим, нега бу ҳунар билан шуғулланмай қўйганлигим билан қизиқди. «Жон-жон деб ҳунаримни давом эттирардим, ҳатто тайёрлаган тақинчоқларимга доимий харидорлар бор эди. Аммо ишни давом эттиришимга маблағ етишмаяпти, ­кон­­­т­рактдан орттиролмаяпман», деб бор гапни очиқ айтдим. Шунда «Университетга боргач, менга учрагин», дедилар. Билсам, устоз ­бошланғич касаба уюшма қўмитасининг раиси Мирзабаҳром Ботиров экан.
Эртасига қўмита раиси керакли хомашё сотиб олишим учун моддий ёрдам ажратиб берди. «Шароит яратсак, шу ҳунарни бошқаларга ҳам ўргата оласанми?», деб таклиф қилганди, бажонидил рози бўлдим. Мана, икки ойдирки, университетдаги тўртта ётоқхонада узоқдан келиб ўқийдиган 100 нафар талаба қизга ҳунар ўргат­я­­пман. Тенгдошларим билан тайёрлаган бир нечта зебигардон ҳамда бошқа тақинчоқларга харидорлар чиқяпти. Севимли ҳунарим билан шуғулланишга яхшигина шароит ва имконият яратиб берган касаба уюшма қўмитасидан жуда миннатдорман.
– Талаба қизларимиз турмушга чиққач, юмуши ҳам кўпаяди, – дейди университет ­бошланғич касаба уюшма қўмитасининг раиси Мирзабаҳром Ботиров. – Ҳунарли инсонга ҳар қандай оилада шароит бор. Дилёрани рағбатлантириш баробарида бу юмушга бошқа қизларни ҳам жалб этишдан асл мақсадимиз шу эди – талабаларимиз ҳам дипломли, ҳам ҳунарли бўлишсин…

Фаолликка доим рағбат бор

Қизғин мулоқотда касаба уюшма фаолларига иштирокчилар қатор саволлар билан мурожаат этишди. Дуч келинаётган бир қатор муаммолар ҳам кун тартибига қўйилди. Ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ҳимоя, меҳнат муҳофазаси масалаларидаги сўровларга атрофлича тушунчалар берилди. Айрим ёшларнинг иш фаолиятида юзага келган бир қатор муаммоларни ҳал этишга кўмак­лашиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.
Пировардида, кимгадир гул, кимгадир пул дегандек – хуллас, бир гуруҳ иқтидорли ёшлар совға-саломлар билан сийланди. Масалан, беш нафар талаба касаба уюшмаларининг бир марталик стипендияси билан, яна беш нафар иштирокчи эса санаторийларга бепул йўлланмалар билан тақдирланди. Андижон шаҳридаги академик лицей жамоаси компьютер жамланмасига, Асака туманидаги 48-мактаб жамоаси тикув машинасига, Марҳамат туманидаги 26-болалар мусиқа ва санъат мактаби чолғу асбоблари ҳамда Қўрғонтепа туманидаги 3-мактаб спорт анжомлари тўпламига эга чиқишди. Яна бир гуруҳ йигит-қизларга ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари ҳадя этилди.
– Касаба уюшмаларининг стипендияси билан тақдирланганимдан жудаям руҳланиб кетдим, – дейди Андижон давлат университети талабаси Мирсаид Иброҳимов. – Очиғи, бу мен учун кутилмаган совға бўлди.

Нурилло НЎЪМОНОВ,

«Ishonch»

Бошқа хабарлар