Сен баҳорни соғинмадингми

136

Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида Наврўз умумхалқ  байрами муносабати билан “Сен баҳорни соғинмадингми” деб номланган бадиий мусиқий кеча бўлиб ўтди…

Халқимизнинг севимли шоираси Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби  фаолият бошлаганига ҳам кўп вақт бўлгани йўқ. Қисқа вақт ичида шу кунга қадар ижод мактабига бир қанча машхўр эл таниган инсонлар ташриф буюриб ижод мактабида меҳмон бўлмоқдалар. Мана бугун ҳам

Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабига Наврўз умумхалқ  байрами муносабати билан “Сен баҳорни соғинмадингми” деб номланган бадиий мусиқий тадбирга Ўзбекистон, Тожикистон халқ артисти Шерали Жўраев, Ўзбекистон ва Тукманистон халқ артисти Бобомурод  Ҳамдамов, Ўзбекистонда Ҳизмат кўрсатган артист Асатулла Ҳолиқов ҳамда Сирдарё вилоятининг бир гуруҳ таниқли ҳонандалари ва Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раҳбари, сенатор Ҳаётхон Ортиқбоева, Сирдарё вилояти ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар бўйича  ўринбосари Носиров Отабек Ўралович,  Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Анорқул Бойбеков, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими бош мутахассиси Норинисо Қосимова Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Баҳор Холбекова ва бошқа бир қанча нуфузли меҳмонлар ташриф буюрдилар.

Тадбирни Сирдарё вилояти ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар бўйича  ўринбосари Носиров Отабек Ўралович  очиб берди ва қуйидагиларни сўзлади:

Ассалому алайкум ҳурматли меҳмонлар!

Яқинлашиб келаётган яшариш ва янгиланиш байрами Наврўз айёми билан барчангизни муборакбод этаман.

Муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган Бешта муҳим ташаббуснинг  биринчи йўналиши бўлмиш Ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида санъат ва мусиқани  кенг тарғиб қилиш бўйича Сирдарё вилоятида ҳам самарали ишлар амалга оширилмоқда.

 Вилоятимизда бунёд этилган Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабига Ўзбекистон ва Тожикистон  халқ  артисти Шерали Жўраев ҳамда Ўзбекистон ва Туркманистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамовларнинг ташриф буюрганлари ҳам шу ташаббуснинг ижросидир десак муболаға бўлмайди.

Бу улуғ халқ ҳофизларига ижод мактабига ташрифларидан бошимиз кўкка етди.“Бешта муҳим ташаббус” доирасида ташкил қилинган  адабий мусиқий тадбирлар ва севимли санъаткорларимизнинг ташрифи ижод мактаби ўқувчиларига  янада илҳом беради –дея бошқа бир қанча эзгу тилакларини билдириб сўзини якунлади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Ҳаётхон Ортиқбоева ҳам сўзга чиқиб, барча тадбир иштирокчиларини бугунги айём билан табриклади ва  қуйидагиларни сўзлади:

Ассалому-алайкум азиз меҳмонлар! Мана бугун Ҳалима Худойбердиева номидаги Ижод мактабида Наврўз умумхалқ  байрами муносабати билан “Сен баҳорни соғинмадингми” деб номланган адабий мусиқий тадбир бўлиб ўтмоқда. Бу тадбирга Ўзбекистон халқ артистлари Бобомурод Ҳамдамов, Шерали Жураевлар ташриф буюрганлар. Бу ташрифдан  бошимиз кўкка етди. Ижод мактаби ўқувчиларининг бу эл ардоғидаги санъаткорларнинг жонли  ижросидан баҳраманд бўлиши бешта муҳим ташаббуснинг биринчи йўналишини бўйича ёшларни мусиқа ва санъатга бўлган қизиқишни янада оширади десак, адашмаган бўламиз – дея бир қанча қимматли маълумотлари сўзлаб йиғилганлар олқишига сазовор бўлди.

Наврўз умумхалқ байрами ҳамда “Бешта муҳим ташаббус” доирасида ташкил қилинган бадиий мусиқий кечада Шерали Жўраев ва Бобомурод Ҳамдамовлар қўшиқлар куйлаб барчанинг олқишига сазовор бўлдилар.

Шерали Жўраев Ҳалима Худойбердиева сўзи билан айтилувчи “Онагинам” қўшиғини куйлаганда залда олқишлар тинмади. Ижод мактаби ўқувчилари уларнинг энг севимли шеъри билан айтилувчи бу қўшиқни тинглаб, ҳофизга ҳамоҳанг ҳолда бирга қўшилиб куйладилар. Шерали Жўраев “Замон бизники”, “Муқаддас аёл” ва бошқа бир қанча қўшиқларни куйлаб, барчанинг олқишига сазовор бўлди.

Бобомурод Ҳамдамов “Хоразмча”, “Бу ким экан” ва “Ҳиндча” қўшиқларни куйлаб, барчани ҳушнуд этди. Тадбир иштирокчилари ва ижод мактабининг ўқучи ёшлари бу жозибадор қўшиқларга рақс тушиб, дам олдилар.

Ижод мактабининг ўқувчилари Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойберидева ҳамда севимли шоиримиз Муҳаммад Исмоилнинг шеърларидан намуналар ўқиб йиғилганларни ҳушнуд этдилар.

Тадбирнинг бадиий  қисми якунлангач ижод мактаби жамоаси барчани Наврўз байрами дастурхонига таклиф этдилар. Меҳмонлар ноз-неъматлардан танаввул қилиб кўнгил ёздилар.

Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан ташкил қилинган тадбир жуда мароқли ўтди. Ташкил қилинган бундай тадбирлар ёшларнинг эртанги кунга бўлган ишончини ошириб,  ижод аҳлига янада илҳом беради.

Ҳалима Худойбердиева номидаги

Мамадалиева Шохиста

Ижод мактабининг ўқитувчиси         

        

Бошқа хабарлар