Қалбда бир олам шижоат билан

71

Ўтган йилнинг ёз ойларида бу аёлнинг номи Фарғонанинг Риштон туманида тез-тез тилга олинди. Давраларда у ҳақда кўп ва хўб сўзлашди. Ёши кекса-ю улуғлар дуо қилди.

Хўш, Израбу Усмонова ким? Бу гап-сўзлар ортида нима бор эди?
Гап шундаки, 55 ёшли тадбиркор Израбу Усмонова муборак Ҳаж зиёратига бориш учун атаган маблағини уйи бузилган 60 та оилага ёрдам сифатида ун ва ёғ сифатида беғараз улашди. «Ўнг қўл берганини чап қўл билмасин» деган ҳикматга ҳар қанча амал қилишга уринган бўлса-да, аммо элнинг оғзида гап турармиди? Бир зумда опанинг номи туман, сўнгра вилоят, кейин водий, сўнгра довон ошиб, бутун Ўзбекис­тонга ­ёйилди.
Израбу опа танти ва меҳнаткаш, жафокаш ўзбек аёли. У 2012 йилда «Халқ банки»нинг Риштон тумани филиалидан 50 миллион сўм кредит олиб, Хитойдан технология олиб келди ва туманда кичик пайпоқ цехи ташкил этиб, 15 нафар маҳалладошини иш билан таъминлади. Айни пайтда цехда бир йилда буюртмага қараб 100 мингдан 200 минг донагача пайпоқ ишлаб чиқарилмоқда. Опанинг яна бир тадбиркорлик йўналиши – чинни идиш­ларга безак бериш. Олтмиш нафар хотин-қиз хонадонларда касаначилик асосида Израбу опа келтириб берадиган ярим тайёр чинниларга безак бериш билан машғул. Ушбу идиш­лар Тожикис­тонга экспорт қилинади. Ўтган йилда опа ўзлаштирилмаган тошлоқ ҳудуддан 5,5 гектар ерни обод қилишга киришди. Израбу опа ишчилари ва фарзандлари билан ерга астойдил меҳр берди. Тошлоқ ерга узоқдан катта миқдорда тупроқ ташиб келтирилиб, ўрнида иссиқхона барпо этилди.
– Мен иссиқхонада ишчилар билан тенгма-тенг меҳнат қилиб юрган оддий тадбиркор аёлман, – дейди Израбу опа. – Уч нафар ўғлим бор. Икки ўғлим ва келинларим ҳам ёнимда ўзимга ёрдамчи. Кичиги Исроилжон эса Фарғона давлат политехника институти талабаси.
Опа қиёфасида нафақат меҳнаткаш аёл сиймосини, балки атрофдан камчилик эмас, имконият қидириб яшаётган ва жамиятда яхшилик амалини авлодларга етказишга беминнат ҳисса қўшаётган самимий инсон, куюнчак аёл тимсоли мужассамлашган.
Израбу опа шу йил 8 март байрами арафасида Президентимиз фармони билан «Дўстлик» ордени билан тақдирланди. Бу унинг меҳнатига берилган муносиб баҳодир.
– Давлатимиз раҳбарининг «Раҳмат сизга! Сизга ўхшаган аёллар бизга керак. Оллоҳ сизга янада куч-қувват берсин!» дея айтган сўзлари мен учун энг катта совға бўлди, – дейди опа. – Бу эътибордан чексиз руҳландим, келгусида янада ғайрат-шижоат билан меҳнат қилишга қалбимда бир олам шижоат туйдим.

Зебо НАМОЗОВА,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар