Кимнинг ўзи ўзида?

147

Чўкаётган тоғлар оралиғида, чағир тошли тепа устида жойлашган ғариб уйимиз сўнаётган ой нурида мудраяпти. Мен сўқмоқдан пастга, туман-туман замонлардан бери тинмай оқаётган сойга эндим.
У келди. (Исмини сир тутаман. Сабаби, ҳозир унинг болалари, набиралари бор).
Юрагим ҳаприқди.
«У» деганим ҳар ишга чечан қиз. Боғдонда атлас кўйлак, лозимларни ундан яхшироқ тикадиганини эшитмаганман. У кигиз ҳам босади, тери ҳам ошлайди, гилам ҳам тўқийди. Каштачиликкка ҳам уқуви бор. У тирикчиликдан ортган пайтлари бадиий китоблар ўқийди, митти ҳикоялар ёзади. Рамзга йўғрилган… Мен учун у гўзал, тенгсиз қиз. Балки, шунгами, уни ортиқча мақтаётгандирман. Қанча мақтасам ҳам оздай туюлади менга.
У келди. Хомуш келди.
Тегра ялпиз, совунак, сачратқи каби ҳўл ўтларнинг ҳидларига ғарқ. Сал қуйи­­да каллакланган тут. Ёнида йиқиқ тегирмон. У дунёдан ўтган бобо-момоларимни эсга солади. Кўнглим ғамга тўлади.
Юксакда, Оққоя томонда бўри увлайди. Чўзиб-чўзиб, мунгли-мунгли увлайди. Этакда, Боғдонда «Қишлоқ қўриқчиси бор» дегандек ит акиллайди. Уни бошқа итлар қувватлайди:
Вов-вов-в-в…
Вов-вов-в-в…
Вов-вов-в-в…
Вовуллашларда сохталик, қўрқув, ишончсизлик сезилади.
Хиёнат ҳам…
– Энди, бир-биримизга ёт бўлиб қоламизми, Тенгсизим? (У мени шундай айтарди. Эшитишимча, бир ўғлига ҳам шу исмни қўйибди), – Қиз ногоҳ менинг бағримга ўзини ташлади. Ўксиб йиғлади.
Гўё кутилмаган ўқ юрагимни яралади.
– Нега бундоқ дейсан? – дедим титраб.
– Бугун… – У куйиб бўзлади, – мени унаштиришади…
– Йўқ – йўқ!!!
– Отам…
Ёниб кетдим. Ўзимни тутолмай:
– Ўз сўзинг, Ўзинг қаерда қолди? – дедим тутоқиб.
У совуқ оҳангда мени бўлди: – Бу замонда кимнинг Ўзи ўзида? Элнинг Ўзи ўзидами? Энг таниқли кишиларнинг-чи?..
Мен мулзам бўлдим. Орага сукунат чўкди. Ақл-ҳушимни йиғиб, дедим:
– Сен ўз бахтингни отанг учун қурбон қиласанми?
– Ота-онам менинг бахтим, – қизнинг кўзларида ёш оқди.
– Тўғри, лекин сен тушунтир… Ўз бахтинг учун ҳам кураш.
– Китобий гапни қўйинг, – У мендан ўзини тортди.
Ой тоғ ортига ботди.
– Хайр!
У зўр қайғу қуршовида бир шарпадек қоронғуликка сингиб кетди.
Қиз ўн етти ёшда эди.
Мен ўн тўққизда.
Шундан кейин мен уни сира кўрмадим. Армия… Ўқиш… Узун йиллардан бери Тошкентда яшаяпман. Аммо қаерда бўлмай, унутмадим. Унутолмадим.
Замон-замонда Боғдонга бориб тураман. Бундай онларда уни кўриш истагида ёнаман. Аммо беҳуда…
Ҳар гал харобага айланаётган кулбамизни зиёрат этаман. Сўнг энг сўнгги учрашган вақтимизда, ҳа, айнан ўша вақтда, ботиб бораётган сўниқ ой шуъласига беланиб оқаётган сойга энаман. Кимсасиз сой… У билан қўнишаман. Хаёлан…
Охирги марта Боғдонга бундан ўн уч йил аввал борганимни эслайман, армон, ҳасрат билан эслайман. Ҳамон ўша манзара. Сой. Энди у ирмоққа айланиб қолган. Йиқиқ тегирмон эса гўрга… Каллакланган тут гўё эгаси ўлган кимсадек мўнғайиб турибди.
Қари тут.
Ичи ковак тут.
У борлиғидан айрилган, адойи-тамом бўлган, кўчада қолган тиламчига ўхшайди…
Оққояда бўри улийди.
Сўнг бўрилар.
Оч бўрилар…
Боғдонда ит акиллайди.
Сўнг итлар.
Ялтоқ итлар…
Фақат соққуш саси эшитилмайди.
Чакалак кесилган…
Орадан қирқ йил кечди.
Қирқ йил!..
Худди бир зум кечгандек кечди.
Вақт дегани нима ўзи?
Инсон вақти…
Миллиард йилимиз Осмон вақти учун бир сония.
Ана, у, ўн етти ёшли қиз. Озғин, сочлари сарғиш, кўзлари мовий малак. У менга совуқ ва ғамгин боқиб ­дейди:
«Бу замонда кимнинг Ўзи ўзида?»…
Қизнинг кўзидан ёш юмалади..
Ой чўққидан қулади.
Борлиқни қоронғулик қуршади.
У ғойиб бўлди. Ғойиб бўлди, тенгсиз малак. Унинг сўнгги сўзи қулоғим остида жаранглаб қолди:
«Бу замонда кимнинг Ўзи ўзида?..»
Тоғда бўриларнинг увлашлари ваҳимали тус олди.
Итлар жазавага тушдилар.
Боғдон уйқуда…
Мен ўйга кўмилдим…

Эврил ТУРОН

2011 йил 8 январь

Бошқа хабарлар