Ўзгаришлар оғушидаги Бекобод

102

1944 йил 5 март. Ушбу кун – Ўзбекистон металлургия заводи ташкил этилган кун сифатида тарихга ёзилган.
Ўтган давр мобайнида мазкур корхонада кўплаб ўзгаришлар рўй берди. Янги цехлар ишга туширилди. Минглаб ёшлар меҳнатда тоб­ланди. Комбинатдан меҳнат қаҳрамонлари етишиб чиқди. Кўп­лари ватанимизнинг юксак мукофотларига лойиқ кўрилди.

Бугун «Ўзметкомбинат» АЖ транспорт ва ижтимоий инфратузилмасини ўзида мужассам этган мамлакатимизнинг етакчи саноат корхоналаридан бирига айланди.
Сўнгги уч йилда корхонада ҳам улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Шу давр мобайнида давлат раҳбарининг ушбу корхонага икки марта ташрифи бунинг ёрқин ифодасидир.
Шавкат Мирзиёев ўтган йили комбинатга ташрифи чоғида йирик инвес­тициявий лойиҳа – қуюв-прокатлаш мажмуасини амалга оширишга тамал тошини қўйди. Мазкур лойиҳа амалиётга татбиқ этилгач, комбинатда прокат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ­ҳажми 2 миллион тоннадан ошади.
— Президентимизнинг ташрифидан сўнг нафақат корхонамизда, балки бутун Бекобод туманида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди, – дей­ди «Ўзметкомбинат» АЖ бошқарув раиси в.б. Сергей Вьюненко. – Хусусан, давлатимиз раҳбарининг таклифи ва ташаббуси асосида шаҳарда кичик саноат зонаси ташкил этилди. Мазкур зонани ривожлантириш бўйича режалаштирилган 17,7 миллиард сўмлик 11 лойиҳадан ҳозирга қадар 3,4 миллиард сўмлик 3 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Бу 128 кишининг бандлигини таъминлаш имконини берди.
«Бекобод деҳқон бозори»да замонавий услубда кенг ҳажмли қурилиш ишлари олиб борилди. Шаҳарнинг «Янгиҳаёт» маҳалласида 216 ўринли мактаб биноси қурилди. Шаҳарда 3 та хусусий боғча ишга тушди. «Деҳқон­обод» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 3-сонли сув олиш иншооти тўлиқ реконструкция қилинди ва Бекобод шаҳригача бўлган 9500 метр масофага 800 диаметр ҳажмли янги пластик қувурлар ўрнатилди. Бу қувур қўшни Тожикистон Республикаси ҳудудидан ўтгани боис, сўнгги чорак асрда бирор марта таъмирланмаган эди. Ўтган йилнинг 20 март кунидан бошлаб бу қувур орқали Бекобод шаҳар аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланмоқда.
«Бекободматбуот» босмахонасининг бўш ётган биноси «Ўзметкомбинат» АЖ томонидан қайта таъмирланди ва тикув фабрикасига айлантирилди. Комбинатда базальт негизида иссиқликни ўтказмайдиган материалларни ишлаб чиқариш цехида сенд­вич-панелларини тайёрлаш кўпайтирилмоқда. Ўтган йилдан бошлаб цехда гидропоника субстратини ишлаб чиқариш бўйича ишлар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан «Ўзметкомбинат» АЖнинг устав капиталидаги давлат улуши «SFI Management Group» ишончли бошқарув компаниясига берилганига икки йил бўляпти. Ушбу ҳамкорлик туфайли қисқа вақт ичида комбинат тараққиётнинг янги даврига муваффақиятли ўтди. Ўтган йили мавжуд қувватларни кескин оширишга эришилди. Комбинатда 911,2 минг тонна пўлат эритилиб, 1 миллион 60 минг тонна прокат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Бу аввалги йиллардан 137,9 ҳамда 144,6 фоизга кўп деганидир.
Жорий йилда ҳам металлурглар ишлаб чиқаришда яхши натижаларга эришмоқдалар. Йилнинг ўтган 4 ойида комбинатда 309,9 минг тонна пўлат эритилиб, 368,2 минг тонна прокат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Бу борада белгиланган режалар зиёди билан бажарилиши билан бирга, ўтган йил шу даврига қараганда 119,0 ва 109,3 фоиз ўсиш суръатига эришилди.
2017 йилдан буён амалда бўлган жамоа шартномаси иш берувчи ва корхона ишчи-ходимлари ўртасидаги меҳнат, ижтимоий-иқтисодий ва касбий муносабатларни тартибга солишда дастуриламал вазифасини бажармоқда.
2019 йилда комбинатга 639 нафар ходим ишга қабул қилинган бўлиб, шундан 86 нафари олий, 41 нафари ўрта-махсус маълумотга эга ёшлардир. Бундан ташқари, кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш юзасидан бир қатор ишлар бажарилди. 1 минг 627 нафар ишчи-ходим, шундан 336 нафари муҳандис-техник малака ошириш, 979 киши қайта тайёрлаш курсида ўқитилди.
Меҳнат самарадорлиги ошиб бориши билан бир қаторда, комбинат ишчи-ходимларининг меҳнат ҳақи ҳам кўтарилиб бораётгани, айниқса, қувонарли ҳолдир. Масалан, 2015 йилда корхонада ўртача ойлик маош 1 миллион 410 минг сўм атрофида бўлгани ҳолда, 2019 йилга келиб, бу 2 миллион 779 сўмни ташкил этди.
Комбинатда, айниқса, аёллар ва ёшларга алоҳида ғамхўрлик қилинмоқда. 2019 йилда фарзандларини парваришлаш таътилига чиққан аёлларга комбинат ҳисобидан 225 миллион 290 минг сўм нафақа пули тўланди. 14 ёшгача фарзанди бор оналарнинг аризасига биноан қисқартирилган иш вақти белгиланди. Корхонада хизмат қилаётган барча хотин-қизларнинг меҳнат таътилига уч кун қўшиб берилиб, бунинг учун 448 миллион 577 минг сўм маблағ ажратилди.
Жамоа шартномасига кўра, 121 нафар ёшга оила қураётгани муносабати билан 129 миллион 144 минг сўм ҳамда биринчи бор фарзанд кўрган 204 нафар ёш оилага 221 миллион 307 минг сўм атрофида моддий кўмаклашилди. Ишчи-ходимлар қонунларда ҳамда комбинатда қабул қилинган жамоа шартномасида кўрсатилган барча имтиёз ва ҳуқуқлардан фойдаланиши тўлиқ таъминланди. Ўтган йили металлургларга комбинат томонидан 222 миллион 677 минг сўм, касаба уюшмалари қўмитаси томонидан 516 миллион 905 минг сўм моддий ёрдам кўрсатилди. 15 йил (аёллар) ҳамда 20 йил (эркаклар) ишлаганларга юбилей саналари муносабати билан жами 226 миллион 395 минг сўм берилди. Шу давр мобайнида комбинат бошқаруви томонидан МДҲ давлатларидаги санаторийларга 90 миллион 139 минг сўмга 13 та йўлланма, комбинат касаба қўмитаси томонидан республикамиздаги санаторийларга 459 миллион 56 минг сўм эвазига 313 дона йўлланма сотиб олинди ва мазкур йўлланмаларнинг 24 таси бепул, 261 таси 45 фоиз нархига, 28 таси юз фоиз нархига тақдим этилди.
Сирасини айтганда, ислоҳотлар Бекободга кўклам нафасини олиб кириб, барча жабҳаларда янгиланиш яққол кўзга ташланмоқда.

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар