Доимо халқ хизматида

64

Эрта баҳордан кўчат экиш, заминимизнинг ҳар бир қарич ерини дов-дарахтлар, гул-у райҳонларга буркаш – улуғ ва савобли иш. Касаба уюшма ташкилотлари ҳам ишчи-ходимлар манфаатлари ҳимоясидан ортиб, унга бош қўшаётгани таҳсинга лойиқ.

Шу кеча-кундузда Наманган вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси жамоаси Янгиқўрғон туманидаги «Лола» болалар оромгоҳи ҳудудига 2500 тупдан зиёд манзарали ва мевали, 1000 тупга яқин атиргул кўчати ўтқазиб, катта савобга қолдилар. Ниҳоллар томири заминга ўрнашган дамдаёқ боболаримиз таърифи билан айтадиган бўлсак, ҳар бир кўчат ўз эгасига саловат келтириб тургандек тасаввур уйғонди. Эрта бир кун кўкка бўй чўзган бу дарахтлар соясидан баҳраманд бўлган ёш-у қарининг раҳмати – савобларнинг энг яхшисидир.
Яна бир эзгу иш борки, у ҳам бўлса, хотин-қизлар ва ёшлар қатлами вакилларига ғамхўрлик қилишдир. Ана шу мақсадда вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси Чортоқ туманидаги бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда ишсиз, қўлида ҳунари бўлса-да, ҳали ўз йўлини тополмаган хотин-қизлар ва ёшлар учун меҳнат ярмаркасини ташкил этди. Унда 32 та ташкилот 500 дан зиёд бўш иш ўрни билан қатнашди. Тумандаги «Келажак сифат текс­тил» МЧЖ, «Мега голд текстил» корхонаси, «Мусо текс­тил» ишлаб чиқариш корхоналарига 80 нафар ёшлар ишлаш учун йўлланма олишди. Ана шундай ёшлар орасида 21 ёшли Дилдора Турсунова ҳам бор.
– Мен ишга жойлашган корхонада асосан эркаклар учун ­костюм-шимлар, болалар кийимлари тикилар экан, – дейди Дилдора. – Бунда тикувчиликдан хабарим борлиги менга қўл келди. Шу корхонада ишлаб, малакамни ошириб, келгусида ўзим ҳам тадбиркорлик билан шуғулланиб, ёшларга янги иш ўринлари яратишни мақсад қилганман.
Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси шу кунга қадар аҳолини иш билан таъминлаш борасида вилоят меҳнат бошқармаси, шаҳар, туман банд­ликка кўмаклашиш марказлари билан ҳамкорликда 70 дан зиёд бўш иш ўрни ярмаркаларини ўтказди. Уларда 3493 та корхона ва ташкилот 31942 та бўш иш ўрни билан иштирок этди. 9000 нафардан зиёд фуқаро ишга жойлашган бўлса, 6467 нафарига тегишли маслаҳатлар берилди. Бундан ташқари, бирлашма кўмагида ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган шахсларга кўмаклашиш мақсадида 731 та корхонада банд қилиб қўйилган 6197 квоталанган иш ўринларига 4823 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди. Улар орасида таълим муассасаларини тугатган 3123 нафар ёшлар ҳам бор.
Бугун ёшлар қатламига кўмаклашишни энг асосий вазифалари сирасига киритган касаба уюшмаларидан келажагимиз эгалари бениҳоя миннатдор. Улардан бири «Касаба уюшмалари стипендияси» совриндори, Наманган давлат университети талабаси Дилфуза Тожаҳмедова.
– Келгусида бизни қўллаган «қўлларга» муносиб бўлишимиз керак, – дейди Дилфуза. – Бунинг учун эса тинмай ўқиб, ўрганишимиз ҳаётий заруратдир.
Бугун вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси тизимида 3068 та касаба уюшма ташкилотларига бирлашган 424 минг 192 нафардан зиёд ходим ва талаба ёшлар ижтимоий ҳимоя­­га олинган. Ишчи-ходимлар манфаатларини ҳимоя қилишда бирлашманинг меҳнатни муҳофаза қилиш йўналишида эътиборга лойиқ ишлар амалга оширилди. Ўтган йил якунлари бўйича вилоятдаги касаба уюшмалари қўмиталарининг фаолияти ўрганилиб, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қоида ва меъёрларнинг бузилиши аниқланган 473 та ташкилотнинг 408 тасида йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилди.
Шунингдек, бирлашманинг юридик хизмат кўрсатиш йўналиши бепул ва тизимли йўлга қўйилган бўлиб, иш берувчи томонидан ноҳақ ишдан бўшатилган, ҳуқуқи топталган ёки бўлмаса, юридик ҳимояга муҳтож ҳеч бир ходим мурожаати эътиборсиз қолмаган. Бирлашмага фуқаролардан 230 дан зиёд мурожаат келиб тушган бўлиб, шулардан 70 дан ­зиёди ёзма, қолганлари оғзаки, электрон ва ишонч телефонлари орқали қилинган мурожаатлардир. Мазкур мурожаатлар ўз вақтида, белгиланган тартибда ҳал этилиб, шулардан 90 га яқини қаноатлантирилган, 119 таси тушунтириш орқали ҳал этилган, қолганлари тегишли тартибда ўрганиб чиқилган.
Иш берувчиларга қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этилиши юзасидан ўнга яқин тақдимномалар киритилган ва иш берувчилар томонидан қаноатлантирилган. Иш берувчилар билан олиб борилган музокаралар давомида 20 нафарга яқин ишчи-ходимнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилди. Шу билан бирга, 30 нафарга яқин фуқаронинг манфаатлари ҳимоя қилиниб, судларда иштирок этилди. Меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган 20 нафар ходим ишга тикланди. Ана шундайлар орасида Наманган шаҳридаги 49-мактаб ўқитувчиси Рухшона Эшмирзаева ҳам бор.
– Мурожаатим эътиборсиз қолмаганидан, ишимга қайта тикланганимдан, оиламга ўз меҳнатим билан ёрдам бераётганимдан хурсанд­ман, – ­дейди у. – Илгари касаба уюшмалари тизимининг фаолиятини унчалик яхши тушунмас эдим. Бугун уларнинг биз каби ишчи-ходимлар ҳимояси йўлида доимо камарбаста эканини янада яхшироқ англаб етдим.
Яхши дам, меҳнатга ҳамдам, дейди доно халқимиз. Бирлашманинг ижтимоий суғурта бюджети ҳисобидан ўтган йил давомида 1784 нафар ходим сиҳатгоҳларда дам олдирилиб, соғломлаштирилди. Шунингдек, аъзолик бадаллари ҳисобидан 1960 нафар ишчи-ходим ва уларнинг оила аъзоларини санаторий ва дам олиш уйларида соғломлаштиришга 2812249,7 минг сўмлик маблағ сарфланди.
Барча эзгу амаллар ниятларга боғлиқ, дейишади. Доимо халқ хизматида камарбаста бўлиш, меҳнаткашлар оғирини енгил қилиш, уларга елкадош бўлишни ният қилган вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасининг келгусидаги қамрови бундан-да ­кенгайишига, унга ишонганларнинг ишончини оқлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ўз ижобатини топишига шубҳа йўқ.

Орзугул РУСТАМОВА,

«Ishonch»

Бошқа хабарлар