Ўзимни, ҳам сизни ўйлаб…

122

Вирус ваҳимаси ва огоҳликнинг оддий қоидалари ҳақида мулоҳазалар

Эрта тонгда анҳор бўйлаб пиёда юриш одатим бор. Бугун ҳам саҳарги сайрдан қайтаётгандим, олдимдан қўшним чиқиб қолди. Мени кўрди-ю, қучоқ очди:
– Ассалому алайкум!
Мен эса қўлимни кўксимга қўйдим-да, саломга алик олдим:
– Ваалайкум ассалом! – сўнгра изоҳ бердим, – сал шамоллабман, шекилли, узр-а?
Қисқа суҳбатдан сўнг ўйланиб қолдим: мени қандай тушунди экан? Ичида мендан ижирғанди, деб ўйламадими, ишқилиб?..
Бироқ, тўғри йўл тутганимга ишончим комил эди. Ҳа, албатта. Ҳозир карантин даврида яшаяпмиз. Коронавирус туфайли. Бундай ҳолатни олдин кўрмаганмиз. Яшамаганмиз. Умуман, тарихимизда таълим муассасаларида карантин таътили берилмаган.
Дунёнинг мана-ман деган давлатлари бу офатда дабдурустдан нима қиларини билмай қолаётганини кўриб, турли хаёлларга боради одам. Дарҳақиқат, одамзод ўз бўйи-бастига қарамай сакраб бошлаганини кўрдик, кўникиб қолган жойларимиз ҳам бўлди. Кимлардир қарғишлардан қўрқмай қўйган эди, яна кимдир сал бўлмаса, Худоликни даъво ҳам қила бошлаганди…
Бугун эса кўр­япмизки… Ҳеч ким Аллоҳнинг измидан ташқарига чиқа олмас экан…
Таассуфки, мамлакатимизга ҳам вирус кириб келди. Давлат ва ҳукумат тегишли чораларни кўрмоқда. «Элга келган тўй» дейди бундай вазиятни кўрган донишманд халқимиз. Аммо халқнинг яна бир нақли ҳам борки, сақланганни асрайди…
Хўш, оддий халқ – сиз-у биз бундай ҳолатда нечоғли тўғри «яшаяп­миз»? Соғлиқни сақлаш вазири, санитария эпидемиологик осойишталик агентлиги раҳбарининг кунда-кунора фуқароларга бераётган тушунтиришлари, эълон қилинаётган маълумотлар оқими бизга қанчалик таъсир ­қиляпти? Биз булардан ва вирус пайдо бўлиб, шу кунгача не-не мамлакатларни довдиратиб қўйганидан тўғри хулоса қиляпмизми? Нималарни нотўғри қиляпмиз? Нималарни зудлик билан амалга оширишимиз керак? Ўйлайманки, бундай пайт­­да кўп нарсаларни таҳлил қилиб, ҳар бир қадамимизни яхшилаб ўлчаб босишимиз, бу синовдан муносиб ўтишимиз лозим.
Асл ҳаётда эса… Афсуски, шаҳар кўчаларини кузатган одам бунинг мутлақо тескарисини кўрмоқда. Эсингиздами, яқин ойлар ичида Хитойдаги Ухан шаҳрининг бўм-бўш кўчаларини телевизорда кўрсатишган эди. Кеча мен ижтимоий тармоқларда Талабалар шаҳарчасининг фотоларини кўриб, шуларни ўйладим… Кўряпсизми, францияликлар ўз уйларидан чиқмай яшашмоқда… Эшитдингизми, энг қудратли Америкада фавқулодда ҳолат…
Ҳа, кўряпмиз, эшитяпмиз, аммо хулоса қиляпмизми?..
Энди эса ҳаётга ҳаққоний қарайлик: вирус қандай юқади? Масофа яқин бўлса ва оғиздан сачраган тупук ёки аксириш ва йўталишда тушадиган сўлаклар орқали. Бирор буюм, ишлатиладиган сочиқ, иш столи, эшик ушлагичи, ҳожатхона жиҳозлари, ручка, қоғоз… Саноғи йўқ, кундалик ҳаётимизда ҳар куни ишлатмасдан туролмайдиган нарсаларимиз. Энг ёмони, вирус қарийб ўн кун атрофида ўзини намоён этмайди. Аммо шу даврда бошқаларга тарқалишда давом этаверади. Ён-атрофимизда ким касал ва ким соғ эканини билолмаймиз.
Хўш, шундай экан, биз огоҳ бўляпмизми? Йўқ! Назаримда, фақат ваҳима қиляпмиз, холос…
Вирус юртимизга кириб келгани ҳақидаги хабарлар тарқалган куннинг эртаси эди. Душанба. Ишхонага келсам, эшик олдида антисептик воситага қўлни чайиб ҳамда оғизга ниқоб тақиб кириш жорий этилибди. Идора ҳисобидан. Ахир идорага бир кунда қанча одам келиб-кетмайди, дейсиз. Лекин ҳар бир кирувчига шу талаб! Демак, кун бўйи хотиржамдек юришга асос бор. Очиғи, мамнун бўлдим: отасига раҳмат раҳбариятнинг… Аслида, ишчи-ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш вазифасини бажараётган ушбу ташкилотнинг ҳақиқий ғамхўрлиги ифодаси, ўрнаги эди бу…
Энди ташқарига чиқайлик… Кўча тўла одам! Озиқ-овқат дўкони-ку майли, кийим-кечак бозорлари, савдо уйларида тумонат одам нималар ­қиляпти? Уларни сийраклашгани сезилмайди. Болаларга таътил берилгани нима учун эди? Уларни ташқи таъсирлардан ҳимоялаш учун эдими? Унда нега аксарият болалар кўчада юрибди? Давлат ўзимизни ўзимиз асрамасак, ҳар бир болага, ҳар бир отага қандай кафолат бера олади!
Оммавий ахборот воситаларида жамоат транспорти муайян даврийлик асосида дезинфекция қилинади, дея жар солишмоқда. Бироқ йўналиш­ли таксиларда ишга қатнайдиган ҳамкасбимиз ҳайдовчининг бунақа тартиб борлигидан бехабар эканини айтмоқда. Уларда вирус кезмаётганига ким кафиллик бера олади? Ҳеч ким!
Кафелар, умумий овқатланиш шохобчаларидаги тумонат одамнинг ўн фоизида ҳам ниқоб йўқ. Улар худди ҳеч нарса бўлмагандек, керилиб овқат тановул қилишяпти, гигиенанинг энг оддий қоидаларига ҳам риоя этишаётгани йўқ. Ошхоналардаги ошпаз-у фаррошларнинг ишлатаётган иш қуроллари, сочиқлар, қошиқ ва санчқилар, ликопча-ю лаганлар, косаларга назорат етарлими?
Ижтимоий тармоқларда беш-олти нафар жонкуяр чиқиб, ҳой, бу иш нотўғри, ҳой, бу иш хавфли деб тургани кимга таъсир қиляпти? Бозордаги номаълум вирус тарқатувчига унинг етиб бориши амри маҳол-ку.
Балки, айтарсиз, одамнинг кўнг­­ли тўғри бўлсин, деб. Аммо вирус кўнгилдан сўраб ўтирармиди? Умуман олганда, ушбу вирус баҳона саришталикнинг, озодаликнинг ва оддий маданиятнинг қандайлиги яққол кўриниб қолмоқда.
Аллоҳ ҳам эҳтиёт бўлганни асрайди. Ҳамма нарсага Аллоҳни рўпара қилавермасдан, ўзимизни эҳтиёт қилишга қачон ўтамиз? Ҳали бирон мамлакат бунақа лоқайдлик билан муваффақият қозонганини кўрмадик.
Ваҳима қилмаслик керак. Бу тўғри гап. Бироқ огоҳликни унутмаслик ҳам лозим. Қанчалик аччиқ бўлмасин, бир ҳақиқат бор: вирус, биринчи ­навбатда, яқинларга илашади.
Биз эса бепарвомиз. Карантин деса, қочишга, тирноқ остидан кир қидиришга тушадиганлар ҳам йўқ эмас орамизда…
Ўзбекистон раҳбарияти ўз халқини асраш учун қўлдан келган ишни ­қиляпти. Хориждан келаётган потенциал хавф бўлиб турган ватандошларимиз, яъни ҳозирча потенциал вирус ташувчиларни карантинга олиш чоралари кўриляпти. Ҳеч бир мамлакатда бўлмагани каби, бизда ҳам бундай ҳолатлар учун доимо тайёр турадиган бинолар шу пайтгача бўлмаган. Шу боис, қаерда санаторийлар, қаерда оромгоҳлар, яна қаерда касалхоналар бўшатилиб, у жойларда одамларнинг икки ҳафта яшаши учун шароитлар яратилмоқда. Тўғри, бу беш юлдузли меҳмонхонага хос шароит эмасдир, бироқ яшаш учун шароит бор! Аслида, шу йўл билан ҳам бу ватандош­ларимизнинг яқинлари, ота-­онаси, фарзандлари, эрлари ёки хотинлари ҳам асралмоқда.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган бир видеолавҳа эътиборимни тортди. «Озодлик» деган радио «бонг урмоқда»! Тошкент вилоятидаги бир оромгоҳда чанглар артилмаган экан. Бир аёл оғзидан боди кириб, шоди чиқиб қарғаняпти (мана шу жойи ўхшамапти). Аммо асл ҳолат қандай? Ҳар бир карантин жорий қилинган муассаса тегишли давлат органлари назоратида, ҳокимликлар, биз кўп зўравонликларга дучор қилганимиз шифокорлар-у ҳамширалар ва яна қанчадан-қанча соҳа вакиллари – ички ишлар, бошқа орган ходимлари тик оёқда хизматда туришибди.
Бунинг ҳаммаси нима учун? Шу халқнинг осойишталиги учун эмасми? Нега шуни тушунмаяпмиз? Уларга ёрдам беришга ўз ҳиссамизни қўшишни истамаяпмиз? Худбинлик қонимизга шунчалик сингиб кетдими? Наҳотки опамиз буни тушунишни истамайди? Ҳамон миллионлаб ҳамюртларимизда бу вирус ҳақида етарли тушунча, ундан сақланиш ҳақида кўникма ва малака йўқ. Бу нимадан далолат?
Ҳали ташвиқот ва тарғиботнинг ўнлаб турли шакл ҳамда форматлари ишга солинган эмас. Бунинг учун мазкур балодан қутулаёзган Хитойнинг тажрибалари ҳақида кўрсатувлар, мақолалар, интернет сайтларига маълумотлар ўқишли, кўриш­ли, тушунарли тарзда бериб борилишига эришишимиз даркор.
Одамлар ўзларини, бу билан эса ўзгаларни ҳам ҳимоя қилишни анг­лаб, қалб амрига айлантириш лозим. Бугун биз бир кунда 2 миллионта ниқоб ишлаб чиқариш билан мақтанишимиз ҳам асоссиз. Ҳолбуки, Тошкентнинг ўзига бир кунда шунча ниқоб керак. Бу масала узил-кесил кўриб чиқилиши ва ҳал этилиши мақсадга мувофиқдир. Яна бир масала, ниқобда юриш, антисептиклар билан қўлларни стериллаш каби ишлар мажбурийлик касб этиши лозим. Одам кўп тўпланадиган умумий овқатланиш, савдо ва бошқа муассасаларда бусиз киришни тақиқлаш талаб этилади. Балки бу кимгадир эриш гапдек туюлар, бироқ бу – самара берадиган асосий чорадир.
Яна сўзимизнинг бошидаги гапга қайтсак.
Ҳурматли қўшнижон, азиз ҳамшаҳарим, дўстларим!
Сиз билан қўл бериб кўришмасам, кўнглингиз озорланмасин. Бу билан фақат ўзимни эмас, балки сизни ҳам ўйламоқдаман…
Ва яна буни ваҳимага ҳам йўйманг. Бу ҳушёрлик, холос. Ҳолбуки, биз бугун кўпроқ офатнинг оқибатларини ўйлаяпмиз ва ваҳимага тушяпмиз. Аслида, унинг олдини олиш ҳақида қайғурсак, тўғрироқ бўлар эди. Ана шундагина бу синовларни енгиб ўтамиз.

Ҳусан Эрматов,
журналист

Бошқа хабарлар