«Covid-19» ҳақидаги шов-шувлар ҳаддан зиёд ошириб юборилмоқда

137

Россия фанлар академияси мухбир аъзоси, И.И.Мечников номидаги Вакциналар ва зардоблар илмий-тадқиқот институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Николай Филатов «Мир новостей» газетасига эксклюзив интервью берди. Газета бош муҳаррири Николай Кружилин билан суҳбатда нима учун коронавирус пандемиясига ишонмаслик зарурлигини уқтириб, «Интернет мутахассислари»нинг сохта маслаҳатларини йўққа чиқарди.

ПАШШАДАН ФИЛ ЯСАШДИ

– Николай Николаевич, Сиз билан илк бор учрашиб турганимиз йўқ ва бугунги суҳбат асносида малакали мутахассиснинг коронавирус ҳақидаги фикрларини билмоқчимиз. Айтинг-чи, у сизни ташвишга соляптими?
– Йўқ. Қолаверса, мен коронавирус атрофидаги шов-шувлар атайин ўйлаб топилган деб ҳисоблайман. Аммо, афсуски, у кўплаб одамлар онгини маҳв этди.
Келинг, ҳиссиётни бир четга суриб, коронавирусга холис назар ташлайлик. Бу – грипп, аденовирус ва шунга ўхшаш юқумли касалликларнинг бир тури. Aгар ўлим ҳолатлари (патогеннинг тажовузкорлик кўрсаткичи)га эътибор қаратсак, у 2007 йилдаги H5N1 парранда гриппида 52,8, 2013 йилда бир қатор мамлакатлар аҳолиси касалланган H7N9 парранда гриппида 34,4, 2013 йилда Яқин Шарқ бўйлаб тарқалган ва «туя гриппи» деб ном олган коронавирусда эса 39 фоизни ташкил этган.
«COVID-19»нинг леталлик даражаси атиги 3 фоиздан сал кўпроқни ташкил этади. Аммо ЖССТ вируснинг одатий ва оддий фаоллигини пандемия, деб эълон қилди! Коронавирус жуда агрессив хусусиятга эга эмас, лекин барча радиостанциялар: «Қотил вирус, жонинг ширин бўлса, қочиб қол!», дея айюҳаннос соляпти.
– Нега унда бунча шовқин-сурон кўт­ар­­иляпти?
– Бу мен учун сирлигича қоляпти. Ишончим комил: муаммо сунъий яратилган. Бу, албатта, биологик ёки тиббий муаммо эмас. Эҳтимол, «COVID-19» мавзусини шишириш иқтисодчилар учун иқтисоддаги муваффақиятсизликларга уни сабаб қилиб кўрсатиш ёки ишлаб чиқарувчилар учун ваҳима пайтида кўпроқ фойда олиш, ёки сиёсатчилар учун қандайдир мақсадларга эришиш учун фойдалидир.
– Aммо вируснинг ўзига хос хусусиятлари бордир?
– Бошқа респиратор вирусли инфекциялардан фарқли ўлароқ, «COVID-19» коронавирусининг яширин даври 72 соат эмас, балки ундан анча кўп – 7-14 кунни ташкил этади. Шу билан бирга, унинг вирулентлиги (тажовузкорлиги) жуда ошириб юборилган, буни болалар ва ўсмирлар орасида касалликнинг йўқлиги ҳам тасдиқлайди. Улар орасида инфекция соғлом ташувчи шаклида ёки билинар-билинмас аломатлар билан кечади, кўпчилик бунга ҳатто аҳамият ҳам бермайди.
Aҳоли гавжум ҳудудларда вирус тез тарқалади, бу вирус ташувчиси эканини билмаган ёшлар сабабли ҳам тарқалмоқда. Касалликнинг оғир ­шакллари ва ҳалокатли оқибатлари онкология ёки сурункали касалликларга чалинган кекса ёшдагиларда пневмония сабабли юзага келади.
– Қизиқ. Буни тушунтириб бера оласизми?
– Ҳар қандай вирус инсон танасига киргач, организмнинг қаршилигига дуч келади. Инсон иммунитети қанчалик кучли бўлса, организм вирусга қарши шунча самарали курашади. Макрофаглар иммун тизимини бошқаради. Aйнан ана шу ҳужайралар қон ҳосил қилувчи органларга ва ички секреция безларига яқинлашиб келаётган хавф ҳақида хабар юборади ҳамда нима қилиш кераклиги тўғрисида кўрсатма беради.
Одатда, тана таҳдидга тўғри жавоб беради ва уни енгади – организм тузалади. Баъзи ҳолларда, кекса одамларда ва кўпинча патогенларга кўпроқ дуч келадиган тиббиёт ходимларида (баъзилари ёшига қараб, бошқалари касбига кўра) ­макрофагларнинг катта қисми гиперактив ҳолатга ўтиб, нотўғри буйруқлар бера бошлайди ва танада мусиқа ўрнига тушунарсиз товушлар янграй ­бошлайди.
Макрофаглар кўпроқ лейкоцитлар ишлаб чиқаришга буйруқ беради ва уларни инфекциянинг кириш эшигига – ўпкага юборади ва шу билан пневмонияни келтириб чиқаради. Тана, аслида, пневмонияни ўзи дастурлаштиради.
– Оркестр яна ўзаро уйғун ишлаши учун нималар қилиш зарур?
– Бизнинг танамиз ҳар қандай биологик агентга қарши кураша олади, шунчаки унга ёрдам беришимиз – интерферонлар ва иммунитетни оширувчи дорилар ёрдамида макрофагларни ­гиперактивликдан нормал физиологик ҳолатига келтиришимиз керак.

ҲЕЧ ҚАНДАЙ СЕҲРГАРЛИК ЙЎҚ

– Ҳозир коронавирусга қарши вакцина яратилмоқда. У фойда берадими?
– Хўп, вакцина яратилди ҳам, дейлик. Ҳаммани ёппасига эмлаш керакми? Бунда мантиқ кўрмаяпман. Кейинги йил яна қандайдир янги вирус пайдо бўлади ва унда COVID-19 га қарши эмдори иш бермайди. Aммо ваҳима қилишга асос йўқ: организмга антиоксидант ва иммун тизимини ­мустаҳкамлайдиган дорилар ёрдам бериши мумкин.
– Хитойда ўтган йилнинг охири – шу йилнинг бошида кўп одам ўлди, март ойидан эса вирусни юқтирганлар сони камая бошлади. Бунинг сабаби нимада?
– Aйтганимдек, вирус бизга уқтирмоқчи бўлаётганларидек, даҳшатли «олабўжи» эмас. Хитойда беморлар сонинининг камайишига сабаб шуки, ҳар қандай вирус ўзининг энг юқори чўққисига чиқиб, заифлашади. Одамлар сеҳрли дори-дармонлар билан даволашганлари учун эмас, балки тана вирусни енггани ва касаллик ортга чекингани учун соғайиб кетадилар.
– Расмийлар томонидан қўйилган чекловлар вирус тарқалишини тўхтата оладими?
– Бу қандай чекловлар ҳақида сўз кетаётганига боғлиқ. Мамлакатга кирувчи йўлларни харсангтошлар билан тўсиш – мантиқсизлик, ёпиқ жойларда ўтказиладиган барча оммавий тадбирларни бекор қилиш яхши натижа бериши мумкин.
Расмийлар одамларни ҳимоялашни истаяпти, аммо ҳеч ким олимларнинг фикри билан қизиқмаяпти. Ваҳоланки, Эпидемиология институти, Вирусология институти, Гамалея номидаги институт, Мечников номидаги институтлар бор… Мутахассислардан нима қилиш кераклигини сўранг ва уларнинг хулосаларига асосланиб, аҳолини ҳимоя­лаш режасини тузинг.

ТАҚДИР БИЛАН ҲАЗИЛЛАШМАНГ

– Ниқоблар ҳақида нима дейсиз: тақиш керакми ёки тақмаслик?
– Aгар ниқобни вируслардан ҳимоя қилиш воситаси, деб ҳисобласак, у ҳолда масала қуйидагича. Касаллик қўзғатувчи ташқи муҳитга ўпка орқали оғиздан буғ шаклида чиқарилади. Буғ зарралари аралашиб кетади ва беморнинг ёнидагилар нам зарраларни ютади.
Aгар касал одам билан гаплашсангиз, зарарланган микрозарралар 1,5-2 метр масофадан, агар йўталса – тўрт метрдан, аксирса, олти метр масофадан сизга етиб келади. Одатдаги бир марталик ниқоблар вируснинг нанозарраларини ушлаб қололмайди, аммо бемор чиқараётган сўлакнинг микро томчилари учун механик тўсиқ вазифасини ўтаб бериши мумкин.
Ниқобнинг қатламларида «ёмон» зарраларнинг бир қисми қолиб кетади, аммо бу касалланишнинг олдини олмайди. Ниқоб противогаз эмас, ахир.
– «Интернетдаги мутахассислар» алкоголь коронавирусни ўлдиради, деган иддаони илгари суришмоқда. Бунга нима дейсиз?
– Бу афсона агар вирус спиртга тушса, ўлади, деган фактга асосланади. Ҳақиқатан ҳам шундай. Аммо спиртли ичимлик истеъмол қилинганда, одамнинг иммунитети пасаяди, бу эса акс таъсирни келтириб чиқаради. Табиийки, алкоголь жигарни ишдан чиқаради.
– Интернетда пайдо бўлган арбидол ва ОИВни даволашда ишлатиладиган дорилар коктейли коронавирусдан сақлайди, деган фикрга муносабатингиз қандай?
– Мени бундай сохта маслаҳатлар ҳайратга солади. «COVID-19»да ОИВ инфекциясига ўхшаш ҳеч қандай белгилар йўқ, организмга кириш усули ҳам фарқ қилади, улар турли патоген таъсирга эга.
– Қўл бериб сўрашишга қўйилган тақиққа нима дейсиз?
– Инфекция учун кириш эшиги – нафас йўллари. Aгар «касалланган» қўлингиз билан кўзингизни ишқаласангиз, энг қўрқинчли ҳолатда конъюнктивит орттириб олишингиз мумкин. Вируслар бизга ҳужум қилмаса ҳам, қўлимизни совун билан ювишимиз ёки зарарсизлантирувчи воситалар билан артиб туришимиз лозим.
– Барча кулфатлар эртами-кечми, тугайди. Қачон эркин нафас олишимиз мумкин деб ўйлайсиз?
– Респиратор вируслар қуёш нури ва иссиқликдан қўрқади. Уларнинг тузилмалари ичида гўё иссиқ кунлар бошланиши билан вирусга ухла деган сигнал берувчи таймер мавжуддек.
– Суҳбат якунида ўқувчиларимизга яна қандай маслаҳатлар берардингиз?
– Ўзингизни одатдагидек тутинг. Аммо тақдир билан ҳазиллашмаслик учун касаллар билан алоқа қилишдан сақланинг.
Ўзингизни ёмон ҳис қиляпсизми? Уйда қолинг, шифокорга телефон орқали касаллик варақасини очиш учун хабар беринг.
Ваҳима қилманг: ваҳима организмда стресс келтириб чиқаради. Тиғиз пайтларда дўконларга борманг. Оммавий тадбирларга боришни тўхтатинг, айниқса, бундай тадбирларда ёшлар кўп бўлса. Aгар тадбирда иштирок этиш керак бўлса, бурнингизга интерферон томизинг.
Транспортда ўзгалардан узоқроқ туришнинг имкони йўқ, аммо камроқ гаплашиш мумкин.
Уйингизни тез-тез намли латта билан тозалаб туринг. Организмни мустаҳкамланг – B витаминлар гуруҳи, С витамини ва иммуномодуляторларни ичинг. Кўпроқ сайр қилинг ва жисмоний ҳаракатларни ҳам унутманг.

Николай ФИЛАТОВ:

Манба: «Мир новостей» газетаси

Бошқа хабарлар