ТОШДЕК ҚАТТИҚ, БОЛТАДЕК КЕСКИР

56

Яқинда 469 нафар ходим меҳнат қиладиган «Муборак иссиқлик электр маркази» акциядорлик жамияти касаба уюшма қўмитаси раислигига Тошболта Авазов қайта сайланди. У бу вазифада беш йил ишлаган эди. Хўш, жамоа нега яна Тошболта Авазовни раисликка маъқул кўрди?

Келинг, буни унинг фаолияти мисолида кўриб чиқамиз. Ортда қолган вақт давомида Тошболта ака ҳаёт қозонида «қайнади», ходимлар манфаатига чора излади. Шу сабаб ­жамоанинг унга ишончи, ҳурмати тобора ошиб бораверди.

Санъат шайдоси

Байрам саналари яқинлашиши билан ходимлар Тошболта акадан ­навбатдаги «сюрприз»ни кута бош­лашади. Чунки санъат шайдоси бўлган раис ҳар гал бир-бирига ўхшамайдиган маданий-маърифий тадбирлар дастурини тайёрлайди. Ҳар бир байрам тадбири ишчи-ходимлар мушоираси, рақс ва қўшиқлар танловига айланиб кетади.
Тошболта Авазов давлатимиз раҳбарининг ёшлар маънавиятини янада юксалтириш учун белгилаб берган бешта ташаббусидан руҳланиб, корхонада китоблар ярмаркасини ташкил этди. Кутубхонага энг сара адабиётлар харид қилинди.
Муборак шаҳридаги сунъий қоп­ламали футбол майдони раҳбарияти ва касаба уюшма қўмитаси ўртасида шартнома имзоланиб, шанба-­якшанба кунлари ишчиларнинг спорт билан шуғулланиши учун шароит яратилди. Қолаверса, тренажёр заллари ҳам спортсевар ходимлар билан тўлди. Ишдан бўш вақтларда кимдир жисмоний машқлар, яна кимдир шахмат доналари суриш билан банд бўлиши одатга айланди.
Натижада, корхона ходимлари Ёшлар иттифоқининг Муборак тумани кенгаши ўтказган «Ёшлар кубоги» мини футбол турнирида фахрли учинчи ўринни эгаллади.
Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан 51 нафар ходимага эсдалик совғалари берилди, моддий рағбат кўрсатилди, маданий-маърифий тадбир, волейбол, шахмат-шашка мусобақалари уюштирилди.

Ходимлар манфаати йўлида

Тошболта ака иш берувчи билан ижтимоий ҳамкорликда ходимларнинг оғирини енгил қилиш йўлларини қидиради, касаба уюшма қўмитаси аъзолари билан маслаҳатлашиб, тегишли қарорларни чиқаради.
Масалан, корхона чилангари ­Қудратилло Жалилов Қашқадарё вилояти кардиология марказида юрак-қон томир тизимига стентлаш амалиётини ўтказди ва бунинг учун 15348522 сўм маблағ харажат қилди.
Жамоа шартномасига кўра, корхона мазкур маблағнинг 50 фоизини ходимнинг пластик карточкасига ўтказиб берди. Шу билан бирга, амбулатор тарзда даволанаётган Жалиловга касаллик варақасига кўра, иш ҳақлари тўлаб берилди.
Бундан ташқари, корхонада ишлайдиган икки нафар байналмилал жангчи тиббий қисмда имтиёзли даволанди. Электр цехи телефон оператори Лариса Бородина буйрагини операция қилдирганида ҳам тегишли ёрдам кўрсатилди. Ёлғиз она Дилдора Қурбонованинг уйини таъмирлашга кўмаклашилди…
2020 йилнинг ортда қолган даври мобайнида икки нафар ходимнинг ўзига, яна уч нафарининг яқин қариндошларига санаторий йўлланмалари берилди. Туфлимурод Тошев саломатлигидан шикоят қилган эди, тиббий санитария қисмида даволаниб чиқди.

Касабақўм нимадан ташвишда?

– Корхонада зарарли шароитда ишлаш вазиятлари кузатилади, – ­дейди Тошболта Авазов. – Ходимлар ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб ишлашади. Афсуски, бизда ойлик маошлар кам. 2019 йилнинг октябрь ойи­дан корхонада зарарли шароитда ишлаётгани учун тўланадиган 1,55 фоиз зарарли туман коэффициенти бекор қилинди. Бу эса ҳар бир ишчига 490 минг сўмдан иқтисодий зарар, демакдир.
Шуларни ҳисобга олиб, юқори ташкилотларга зарарли туман коэффициентини тўлашни тиклаш ҳақида хатлар билан мурожаат қилмоқдаман. Аммо туман коэффициентини белгилашни у ташкилот бунисининг, буниси эса яна бир бошқасининг зиммасида эканини билдириб, жавоб қайтармоқдаки, мутасадди ташкилотлардан олган жавобларим бир ботмон бўлди. Энди бор умидим Вазирлар Маҳкамасидан…
Юқоридаги турфа мутасаддилар фақат қоғозбозлик қилмай, «Муборак иссиқлик электр маркази» ҳудудига келиб, ишчилар билан бир ҳаводан нафас олиб, улар билан суҳбатлашиб, уларнинг дардини тинглаб, қандай оғир шароитда ишлашаётганини ўз кўзлари билан кўришганда ва шунга кўра баҳо ва хулоса беришганида, мен бунчалик ёзғирмаган бўлар эдим…
Касабақўм раиси қўшни Бухоро вилоятидаги турдош корхоналар, шундоққина ёндош жойлашган «Муборак газни қайта ишлаш заводи» МЧЖдаги ходимларнинг ойлик маошлари билан ўзлариникини таққослаб, ходимлари улардан анча кам маош олаётганидан ташвишда. Янаям ёмони, у энг фидойи ишчиларнинг иш жойини ўзгартириб кетиш­ларидан хавотирда. Шунинг учун меҳнатига яраша муносиб иш ҳақи олмаётганидан куюниб, тинмай мурожаатлар қилмоқда. Биз ҳам воқеаларнинг ижобий ечим топишини кутиб қоламиз…

Тошболта Авазовнинг ҳаракатлари ва характерига нисбатан ­«тошдек қаттиқ, болтадек кес­кир» сифатларини ҳеч муболағасиз қўллаш мумкин. Жонкуяр касабақўмнинг ўз вазифасига бўлган садоқати барча тўсиқлардан мардона ўтишга, тош келса, кемириб, сув келса, симириб ишлашга ундаб тураверади.

Акмал АБДИЕВ,

«Ishonch»

Бошқа хабарлар