Аҳил жамоанинг баракали ишлари

35

Қўнғирот минтақавий темирйўлчилари касаба уюшмаси ҳудудий қўмитаси, темирйўл узели унитар корхонаси раҳбарияти билан биргаликда амалга ошираётган ишларда Наврўз фалсафаси мужассам десак, асло муболаға эмас. Биргина 2018-2020 йиллар учун мўлжаллаб тузилган жамоа шартномаси асосида бажарилаётган тадбирлар ҳам бунга яққол мисол бўла олади.

Шартнома бандларида бир муҳим жиҳат – аҳиллик тамойили ёрқин бўй кўрсатиб туради. Хусусан, ушбу ҳужжат асосида 2019 йилда қатор амалий ишлар бажарилди. Масъул ходимлар иштирокида «Қўнғирот» МТУ, «Қўнғирот Локомотив депоси», «Қўнғирот вагон таъмирлаш депоси», «Қўнғирот электр таъминлаш ва сигналлаштириш ҳамда алоқа масофаси», шунингдек, «Урганч Локомотив депоси», «Урганч темирйўл масофаси», «Урганч сигналлаштириш ва алоқа масофаси» ва «Урганч темирйўл шифохонаси» каби ташкилотларда сайёр қабуллар ташкил этилди. Аъзоларнинг иш шароитини ўрганиш давомида бошланғич касаба уюшма қўмиталари фаолиятига амалий-услубий ёрдамлар кўрсатилди.
Ватан ҳимоячилари куни арафасида мамлакатимизнинг мудофаа қудратини юксалтириш, ҳудудий яхлитлиги ва чегараларимизнинг дахлсизлигини таъминлаш, халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришида миллий армиямизнинг тутган ўрни борасида ёшларимиз орасида тарғибот ишлари олиб борилди. Жойларда «Миллий армиямиз – ғуруримиз ва ифтихоримиз!», «Менинг армиям – менинг фахрим!», «Ватан ҳимояси – муқаддас бурч!» каби мавзуларда «Маънавият соатлари» ўтказилди.
Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан «Қўнғирот минтақавий темирйўл узели» тасарруфидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда ўтказилган «Темирйўл маликаси» кўрик-танлови қизиқарли ва таассуротларга бой бўлди. Танлов шартларига мувофиқ, биринчи ўринни «Қўнғирот Локомотив депоси» оператори Галья Салжигитова эгаллади. Тадбирнинг барча қатнашчилари танловнинг қўшимча номинациялари ­бўйича тақдирланди ва уларга касаба уюшма ­маблағлари ҳисобидан қимматбаҳо совғалар топширилди. Соҳада меҳнат қилаётган 214 нафар хотин-қизга эсдалик совғалари берилди.
Хайр-саховат, меҳр-оқибат, бунёдкорлик ва бағрикенглик айёми – Наврўз байрами муносабати билан 56 нафар инсонга озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилиб, 152 нафар темирйўлчининг Самарқанд шаҳрига саёҳати уюштирилди. Жамоа жорий йилда ҳам миллий анъаналаримиз ва қадриятларимиздан андоза олиб, савоб ишларда фаол қатнашмоқда.
«Қўнғирот минтақавий темирйўл узели» унитар корхонаси маъмурияти билан ҳамжиҳатликда ҳар йили ёз мавсумида ишчи-ходимларнинг фарзандлари таътилни қувноқ ва кўнгилли ўтказишлари учун олдиндан режа тузиб олинади. Ушбу режага мувофиқ, Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида 1650 нафар болажонга аттракцион чипталари олиб берилди. Таътил пайтида Қўнғирот болалар соғломлаштириш марказида 4-навбатда 280 нафар ўқувчининг кўнгилли дам олишига эришилди. Жумладан, Тошкент вилоятидаги ­«Қибрай» дам олиш оромгоҳига ишчи-ходимларнинг 347 нафар фарзандига йўлланма берилди.
Ходимларга ҳақ тўлаш, уларнинг ҳаёт даражасини янада ошириб бориш, иш вақти ва дам олиш режимлари, меҳнат муваффақиятлари учун моддий ҳамда маънавий рағбатлантириб боришни назорат қилиш ҳудудий қўмита эътиборида. Раҳбарият ўрнатган тартиб асосида меҳнат фаолияти давомида туман коэффиценти, тунги ва байрам кунлари ишлагани учун ва ёнилғи сарфлашда иқтисодий кўрсаткичлари эътиборга олиниб, мукофот пуллари бериб борилмоқда.
Ходимлар ўртасида спортнинг футбол, волейбол, баскетбол, стол тенниси каби турлари бўйича мусобақалар ўтказиш анъана тусини олган.
Соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратишга алоҳида эътибор берилмоқда. Бугун «Қўнғирот минтақавий темирйўл узели» корхоналарида ходимларни махсус кийим-бош ва ҳимоя воситалари билан таъминлаш 92 фоизни ташкил этмоқда. Меҳнат муҳофазаси ­бўйича ­масъул ходимларни ўқитиш амалга оширилаётир.
2019 йилда аъзолардан 2369 та мурожаат келиб тушган бўлса, шулардан 2153 таси қаноатлантирилди ва 216 та шикоят эгаларига тушунтиришлар берилди.
7 минг 34 нафар ишчи-ходим фаолият юритаётган аҳил ва иноқ жамоа кўплаб меҳнат ютуқларини қўлга киритмоқда. Чунки ҳамжиҳатлик бор жойда доимо барака бўлади.

Амир ЕМБЕРГЕНОВ,
Қўнғирот минтақавий темирйўлчилари
касаба уюшмаси ҳудудий
қўмитаси раиси

Бошқа хабарлар