Буюклар қадами узилмас маскан

509

Ижод мактабларининг очилиши барча шоир ва ёзувчилар учун инқилобий воқеа бўлди. Барча шоир ва ёзувчилар бозор иқтисодиётидан сўнг адабиётнинг яшаб қолиш қолмаслигидан ички хавотирга тушган эдилар. Гап шеър ва романларнинг ёзилиш ва ёзилмаслигида эмас, ҳаммаси ёзилаётган, газета ва журналлар шеъру достонларга тўлиб босилаётган, адабий китоблар тинимсиз чоп этилаётган эди. Гап, бу адабий маҳсулотларнинг сифати тугаб бораётганида, шеъру достонларнинг жаҳон адабиётидан узилиб, тобора маҳаллийлашиб, тобора чучмаллашиб, тобора сийқаси чиқиб, маза матрасини йўқотиб бораётганида эди. Иқтисодий боқувчисини йўқотган адабиёт, оч наҳор, силласи қуриб, кун кўриш, жон сақлаш, ўлганини билдирмаслик учун, замонга мослашишга, маҳаллий сиёсатнинг югурдагига айланишга мажбур эди. Агар у шундай қилмаса, ҳеч ким бир тишлам нон бермас эди. Кўплар, садақа қилинган бир тишлам нонга қарамай, юзини мағрур ўгирганча, ўлимга тик қарадилар ва оғизларидан қон келиб, ғазаб ва нафрат билан бу дунёни тарк қилдилар. Бу кунларни, бу аламли лаҳзаларни ўз кўзимиз билан кўрдик ва бу ситамли, қайғули, юракни тилка пора қилиб юборадиган онлар, бирор сония бўлсин хотирамиздан нари кетмайди.

Шунинг учун, ижод мактабларининг очилиши худди коронавирус вақти тугаб, вабо ва ўлат даври тугаб, соғлом турмуш тарзи бошланган сингари барча шоир ва ёзувчилар ўзларини қайтадан тирилгандай ҳис этган бўлсалар, бу байрам шукуҳи қалбларида сурур ва ғолиблик нашидаси каби кайфиятларини кўтариб турган бўлса, ҳеч ажабланмайман.

Бу нашидани мен, Ижод мактабига Маҳорат дарси ўташ учун кимни таклиф этган бўлсам, барчасининг кўзида, сўзининг оҳангида, юзларидаги изтиробда кўрдим. Мен, болаларни ёзувчилар билан юзма-юз кўриштиришдан мақсадим, аввало адабиёт, шеърият бу фақат китобдаги асарлар эмас, адабиёт бу китобий нарса эмас, адабиёт бу ҳаёт эканлигини, бу китобни ёзувчилар, бошқа олам одамлари эмас, айнан сиз-у биз яшаётган оламларнинг одами эканлиги, сиз-у бизга ўхшаган одамлар эканлиги, фақат сизу биздан фарқли ўлароқ, катта меҳнат, катта заҳмат, катта жасорат ва матонат қилиб келаётган, ижоднинг узун ва машаққатли йўлида қаҳрамонларча курашиб, ғолиб бўлиб келаётган ажойиб инсонлар эканлиги, ва сизлар ҳам улардан ўрнак олишга шай бўлишингиз лозимлиги, ўрнак олишларингиз учун улар олисдаги, кўзга кўринмайдиган одамлар эмас, ёнингиздаги одамлар эканлигини уқтириш, тушунтириш, англатиш, назарияни амалиётда қўллаш дейиладиган эзгу тилакни рўёбга чиқариш, буюклар дунёқарашига ошно қилиш, уларнинг ички оламининг чексиз фазосида сизларни сайр қилдириш, уларнинг руҳияти билан сизларнинг руҳиятингизни таништириш эди. Ва мен бунга муваффақ бўлдим.

Ижод мактабимизга биринчи бўлиб забардаст олим, буюк мутафаккир, дунё адабиётининг энг улуғ асарларини таржима қилиб, адабиёт уфқларини кенгайтириб бераётган улуғ устоз Иброҳим Ғофуров ташриф буюрдилар. Иброҳим акани мактабимизга таклиф этганимда, у кишининг турмуш ўртоқлари, Ўзбекистон халқ шоири Ойдин опа Хожиева хаста эдилар. “Тез ёрдам” машинаси чириллаб келиб, ғириллаб кетиб турган пайт эди. Ўйлайманки, таклифимга рози бўлишлари мен учун эмас, умуман ҳеч нарса учун эмас, адабиётимизда рўй берган янгиликни кўриш, адабиётимизни ҳалокатдан қутқаришга шайлантирилаётган муждаларнинг бири билан танишишга иштиёқмандлик, умуман адабиётни яхши кўрганликлари, адабиёт подшо бўлса, у киши қул эканликларини ҳис қилганликлари учун розилик берган эдилар.

Муҳаммад Исмоил

Бошқа хабарлар