ЖАМИЯТ БИРДАМЛИГИ ИММУНИТЕТИ

99

Агар унга панд бермасак, биз, албатта, ғолиб бўламиз!

Менимча, бу хасталик бир инсон организмидаги иммунитет билангина даф бўладиган касаллик эмас. Балки у ЖАМИЯТ БИРДАМЛИГИ ИММУНИТЕТИни ҳам синовдан ўтказяпти. Агар ушбу иммунитет панд берса, жамият катта зарбага дучор бўлади. Барча ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилгандагина бу хавфни енгиш мумкин.

Кечаги гап бугунга тўғри келмайди, деган халқ нақли бор. Ҳозирги шароитда унинг нақадар топиб айтилганига амин бўляпмиз. Кечаги хабарларда Ўзбекис­тонда коронавирус юқтирганлар сони 50 нафар бўлган эди. Бугун газета чоп этилиш арафасида улар сони 59 тага етди. Улардан 4 нафари ўпка яллиғланиши босқичини бошдан ўтказяпти ва оғир аҳволдалиги таъкидланмоқда.
Кимдир «мамлакатнинг 34 миллионлик аҳолиси учун бу яхши кўрсаткич» дейиши мумкин. Аммо бундай ўйлашимиз ва айтишимиз нотўғри. Негаки, ­дунёдаги аҳволни таҳлил этар эканмиз, бу «кўринмас қўл» чангалидан ҳеч ким, ҳеч бир давлат четда қолмаётганини кўрамиз. Оддий мисол, жаҳоннинг энг қуд­ратли давлати АҚШнинг президенти Дональд Трамп ҳам тест топширишига тўғри келди. Россиядек қудратли давлатнинг раҳбари Путиннинг карантин ҳолатидагиларни кўришга боргани ҳақидаги видеолар тарқалди. Германия канц­лери Ангела Меркел карантинда экани ва масофадан ишлаётганининг ўзи масаланинг қай даражада эканидан далолат беради. Қўшни давлат Қирғизистон пойтахти Бишкекда комендантлик соати жорий этилди. Кеча эса ­дунёнинг энг чекка ҳудуди ҳисобланадиган – Чилининг Пасха оролида ҳам коронавирусга чалинган илк бемор қайд қилинди.
Бутун дунё бир фалокат олдига қуролсиз чиққан қўшинга ўхшаб қолди. Қай мамлакат кескин чоралар кўрди – аҳолисининг катта қисмини бу вирусдан сақлашга эришди. Бунга Хитой ва баъзи Осиё мамлакатлари мисол. Қай мамлакат бепарво бўлди – бало гирдобида қолди. Хусусан, Америкага беписандларча борган Бразилия президенти Болсонаронинг пушаймонлари энди бефойда. Мазкур сафарда унга ҳамроҳлик қилган 22 нафар делегация аъзоси ҳам бу балони юқтириб келган…
Энди юртимизга қайтайлик. Давлат чоралар кўрмоқда. Кўпчиликнинг фикри якдил – бу балога ҳар бир одам қарши туриши керак. Уни фақат давлатнинг чоралари билангина енгиб бўлмайди. Тўғриси, ҳали иқтисодий ривож­ланиб кетмаган давлат учун анчайин тоши оғирлик қилиши мумкин бўлган чораларни кўраётган раҳбариятга фақат таъзим қилиш керак. Биргина Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги санаторийларнинг аксарияти карантиндагилар учун жалб этилгани, қолганлари ҳам шунга тайёрланаётгани муҳофаза чоралари кўламининг нечоғли эканидан далолат беради.
Аммо мана шу халқпарварликка барчанинг ҳам жавоби муносиб бўлмаётгани чатоқ. Кеча рўйхатга олинган беморлардан бирининг касаллар билан мулоқотда бўлмагани ҳақида хабар қилинди. 20 яшар қиз қаердадир – жамоат транспортидами, лифтдами, зинадами, банкдами, бозордами, кўчадами вирусни ўзига илаштирган. Бу вируснинг, ҳатто, уйда ўтирган одамга ҳам осонгина етиб бориши мумкинлигини кўрсатди. Бу ҳушёр бўлиш лозимлигини яна бир бор уқтирди.
Бироқ қатъий чоралар белгилангани ҳақида ҳар куни юзлаб марта оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётганига қарамай, ҳамон кўчаларда, бирор тайинли сабаби бўлса-бўлмаса, яна ниқобларсиз юрганларни учратяпмиз.
Ахир бу, аввало, ўзингизга, қолаверса атрофингиздагилар, ана боринг, отангиз, онангиз, фарзандларингизга нисбатан ­ХИЁНАТ эмасми?
Биз вирус ҳақида етарли маълумотга эгамиз-ку! Унинг инсон организмидаги иммунитетга қараб ҳаракат қилиши, агар иммун тизими кучсиз бўлса, у ғолиб келиши, агар акси бўлса, чекинишини яхши биламиз-ку! Унда бошқаларни хавфга қўйишга нима ҳақимиз бор?
Менимча, бу хасталик бир инсон организмидаги иммунитет билангина даф бўладиган касаллик эмас. Балки у ЖАМИЯТ БИРДАМЛИГИ ИММУНИТЕТИни ҳам синовдан ўтказяпти.
Агар ушбу иммунитет панд берса, жамият катта зарбага дучор бўлади. Барча ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилса, вирусни, албатта, енгиш мумкин.
Яна хабарлар оқимини кузатамиз ва бу йўлдаги ҳаракатларни кўрамиз. Мана мисол, Қозоғистон Элбошиси мурожаатига бир кунда «лаббай» деган қозоқ биродарларимиз ва Қозоғистонда яшаётган бойлар 41 миллион АҚШ доллари миқдорида маб­лағ ­тўплади.
Бизда-чи? Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошида ташкил этилган «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамғармасига 5 миллиард сўм маблағ йиғилибди. АҚШ доллари ҳисобида эса бир миллионга ҳам етмайдиган рақам!
Биз шунчалик қашшоқ одамлармизми? Ўзбекистонда бойлар Қозоғис­тондан кам деб ўйлайсизми? Асло ундай эмас! Бизда ҳам бойлар кўп. Балки улар тепадан мурожаат кутаётгандир? Кутманг, аввало, бизнинг давлат кимдандир мурувват сўрамайди. Қолаверса, хайрия кимгадир кўриниш, кўз-кўз қилиш учун қилинадиган иш эмас. Баъзи маълумотларга кўра, ­Қозоғистонда тадбиркорлик қилаётган ўзбекис­тонлик Фаттоҳ Шодиев мамлакатимизда коронавирусга қарши курашга ўз ҳиссасини қўшишга тайёрлигини билдирибди. Отасига раҳмат! Аммо ўзимизникилар қани? Ёки бизнинг кунимиз фақат ниқоб тарқатадиган тадбиркорнинг мурувватига қолдими?
Гапнинг очиғи, бизда чин ватанпарварликни кўрсата олувчи жамоатчилик реакцияси кўринмаяпти. Одамнинг юрагини «жиз» эттирадиган бирон бир ташаб­бусни кўрмаяпмиз.
Телесаҳнада ҳар куни чиқиб, тўртта қўшиққа оғзини қимирлатиб, элнинг тўйи­­га минг-минг долларга борадиган «хушовоз» ҳофизларимиз бугун фақат «Уйда қолинг» челленжида иштирок этишмоқда, холос. У ҳам топшириқ асосида. Қани ўша доимо эъзоздаги халқ артистлари?
Газеталарнинг кўпчилиги Саъдулла Ҳакимнинг «Коронавирус» шеърини босиб чиқди. Бош­­қа яхши шеър йўқ! Қани, қалбларни ларзага солувчи шеър­лар «ҳурматли» халқ шоирлари?
Ёки бир пайт­лар одамларга маънавий йўл кўрсатувчи «Маънавият ва маърифат» деган ташкилот бўлар эди, ёпилганми?
Бугун биз жамият бирдамлиги иммунитетини оширишда уларнинг кучига таянмасак, кимнинг кучига суянамиз?
Халқ эса ўз билганича, ўз идрокига суяниб давом этаверар йўлида – Аллоҳга таваккал қилиб… Оддий мусулмон инсоннинг фарзанди сифатида мен ҳам бу мўмин халқнинг бошига катта кулфатлар ёғилишига ишонмайман. Давлатнинг бошида турганлар Аллоҳга ёққан одамлар, уларнинг мақсад-у муддаолари ҳам Аллоҳга маъқул келади. Шу сабаб, ишонамизки, биз енгамиз, иншаАллоҳ.
Бироқ, бунинг учун, ҳеч қурса, шу ишонганларимизнинг талабларига ­«лаббай» деб жавоб берайлик. Зарур ишимиз бўлмаса, уйимизда ўтирайлик! Бу ҳам бир ёрдам! Бу ҳам бир ватанпарварлик! Давлат барча шароитларни яратиб бермоқда. Озиқ-овқат етарли, электр, сув, газ бор, дорихона, дўхтирлар ишлаяпти, ҳатто, телефонингизнинг пулини тўламаганингизга қарамай ўчиришмаяпти. Телевизорда фарзандларингизга керакли дарслар ўқитилмоқда, ўзингизга турли қизиқарли фильмлар, дастурлар тайёрланмоқда. Яна нима керак? Фақат ўзингизни, фарзандларингизни асраб, уйда ўтиринг!
Ижтимоий рекламаларда кўр­япсизми, вирус ташувчи воситалар жуда кўп. Бироқ агар жиддий ҳаракат қилсангиз, сиз ўзингизни ҳам, яқинларингизни ҳам бу балодан асрай оласиз!
Бугун барчамиз учун ягона ҳимоя – ЖАМИЯТ БИРДАМЛИГИ ИММУНИТЕТИ керак. Агар унга панд бермасак, биз, бу вирусдан холи бўламиз, уни енгамиз, ғолиб бўламиз!

Ҳусан ЭРМАТОВ,
журналист

Бошқа хабарлар