Эзгулик барҳаёт

70

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мутасаддилигидаги Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Республика Ишчи гуруҳи ўтган ҳафтада Қашқадарё вилоятида бўлиб, қишлоқ ва маҳаллалардаги хотин-қизлар муаммоларини ўрганишди.
Қуйида баъзи бир ўрганиш натижаларини баён қиламиз…

Шаҳло Шоҳимардонова Касби тумани «Пандирон» маҳалласида яшайди. Ўғли Жасурбек ногирон. Ўн йилки, бемор фарзандига парвона бўлаётган она яратгандан фарзандига шифо сўрайди. Дорихоналарга бош суқади. Дорига эса пул керак. Ўзи ишсиз. Ваҳоланки, тиббиёт билим юртини тугатган.
Мутасаддилар хулосасига кўра, Шаҳлохонга тикув машинаси олиб бериладиган бўлди. Қўлидан тикиш-бичиш келар экан. Ҳам боласига қарайди, ҳам ҳунари орқасидан тўрт-беш сўм топади.
Шу маҳаллада яшовчи Саида Бегалованинг икки нафар фарзанди бор. Боқувчиси йўқлиги учун Саида ҳатто 2019 йил учун ер ва мол-мулк солиғини ҳам тўлай олмаган.
Ёш она аҳволини баён қилиб, ишчи гуруҳ аъзоларидан тикув машинаси олишда ёрдам сўради. Чеварлиги ортидан рўзғор тебратмоқчилигини айтди. Ҳарна-да…
Пандиронлик Улғуза Хушвақтованинг эри иккинчи гуруҳ ногирони. Уч нафар фарзанди бор.
– Уйимиз шиферланмаган. Ёғингарчилик бўлганда чакка ўтиб, безорижон қилади, – ­дейди Улғуза ишчи гуруҳ аъзоларига. – Эримнинг 317 минг сўм ногиронлик нафақаси рўзғорга урвоқ ҳам бўлмаяпти. Бу ёқда уй-жойни кадастр қилиш керак. Хуллас, бошим қотиб қолди…
Ишчи гуруҳ аъзолари тавсиясига кўра, бу оиланинг уйи таъмирлаб бериладиган бўлди. Шунингдек, кадастр ҳужжатлаштириш ишлари ҳам ҳал этилади.
«Денов» маҳалласида яшовчи Олтин Муртозаеванинг фарзанди мактабда 8-синфгача ўқиди. Чунки 15 ёшида кўзи кўрмай қолди. Бош мия қисмидаги ўзгариш шундай оқибатга олиб келди. Онаизорга фарзандини даволатиш учун ёрдам кўрсатиладиган бўлди.
«Касби» маҳалласида яшовчи Гулсара Раимова юрак хасталиги бўйича доимий даволаниб келади. Гулсаранинг талабига кўра, энди унга ногиронлик аравачаси берилади.
«Пахтакор» қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи Турсуной Азизованинг оилавий ­шароити оғир. Боқувчиси йўқ. Қизи ва ўғли билан шароити деярли йўқ бўлган хонада яшайди. Уйнинг том қисми шифер қилинмаган. «Пол» ва «потологи» йўқ. Иситишга ҳам имкон йўқлигидан қишда анча қийналишди.
Оиланинг уйи таъмирлаш дастури лойиҳасига киритилди. Қизи Хуршида Самарқанд педагогика коллежини тамомлагани боис, уни иш билан таъминлашга кўмаклашиш тумандаги мактабгача таълим бўлимига тавсия этилди.
«Дўстлик» МФЙда яшовчи Соҳиба Маҳмудова сурункали бронхиал астма билан оғрийди. Унга баҳаво табиат қўйнида муолажа айни муддао. Шу боис, Жиззахдаги «Зомин» сиҳатгоҳига йўлланма ажратиш Қашқадарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси зиммасига юкланди.
Дилбар Рашидова «Оқ булоқ» ҚФЙ ҳудудидаги Пахтачи қишлоғида собиқ сув тозалаш мажмуасининг яроқсиз биносида уч нафар ­вояга етмаган фарзанди билан яшаб келмоқда. Шунга ҳам икки йил бўлибди. Гарчи олти сотих ер майдони бўлса-да, қўли калталик қилса, нимаям қиларди…
Ишчи гуруҳ хулосасига кўра, Дилбархонга уй-жой қуриш учун қурилиш материаллари ажратиладиган бўлди.
Ишчи гуруҳ аъзолари «Талишбе» маҳалласида яшовчи Феруза Исломова билан суҳбатлашганда аёлнинг эри «сурункали гномерунонефрит гипертоник шакли буйраклар иккиламчи бужмайиши» ташхиси билан касалланганини ­айтди. Оила бошлиғининг шифо топиши учун жарроҳлик амалиёти зарур экан. Бунга эса маблағ керак… Ферузахон турмуш ўртоғига бир буйрагини беришга розилигини айтганида, аёл зотининг нақадар буюк хилқат, соҳиби жасорат эканига яна бир бор амин бўлдик.
Бундай ўрганишлар нафақат Касби туманида, балки вилоятнинг барча маҳаллаларида олиб борилди. Ҳар бир хотин-қизнинг манфаатлари йўлида чора-тадбирлар белгиланди.
Мухтасар айтганда, минглаб хотин-қизларнинг турмуш тарзини яхшилаш, уй-жойларини таъмирлаб бериш, узоқ йиллардан буён сурункали хасталиклардан қийналаётган опа-сингилларнинг даволанишига кўмак­лашиш бўйи­­ча дастур шакллантирилди. Қилинажак ишлар режалаштирилди.

Акмал АБДИЕВ,

«Ishonch»

Бошқа хабарлар