Ходим ҳар доим ҳимояда бўлиши шарт

32

Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Жиззах шаҳар кенгаши 100 та бошланғич касаба уюшма ташкилотини бирлаштирган. Шундан олий ва ўрта махсус таълим тизимида 7 та, халқ таълими ташкилотлари ва муассасаларида 40 та, мактабгача таълим ташкилотларида 31 та, маданият муассасаларида 10 та ­бошланғич ташкилот фаолият кўрсатади.

Ўтган даврда ташкилот томонидан қатор хайрли тадбирларни амалга оширди. Хусусан, Жиззах шаҳридаги мактаб ва мактабгача таълим муаассаларида Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббуси асосида ўқувчи-ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ишчи-ходимларнинг дам олиш вақтларини мазмунли ўтказишини ташкил этиш мақсадида шу йилнинг март ойига қадар вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи, Ш.Рашидов номли ёдгорлик филиали, Ҳамид Олимжон ва Зулфия бўлимларига касаба уюшмалари фаолларининг саёҳатлари уюштирилди. Бундан ташқари, ички туризмни ривожлантириш дастури доирасида ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ходимларнинг дам олиши учун етарлича шароитлар яратилди. Самарқанд шаҳрига 300 нафар, Бухоро шаҳрига 100 нафар, Хива ва Урганч шаҳарларига 100 нафар, Тошкент шаҳрига 125 нафар ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ­саёҳатга олиб борилди.
Жамиятда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ходимлар ўртасида жисмоний тарбия ва спорт ишларини йўлга қўйиш борасида спортнинг волейбол, футбол, шахмат, шашка, стол тенниси, армрестлинг, веломарафон турлари бўйича минтақавий ва шаҳар миқёсида спорт мусобақалари ўтказилди. «Спорт – мустаҳкам оиламиз пойдевори» номли спартакиада мусобақаларининг вилоят босқичида ота-она ва қиз бола йўналиши бўйича 14-мактабдан Маҳмудовлар оиласи, ота-она ва ўғил бола йўналиши бўйича «Умид» мактаб-интернатидан Ш.Худойбердиевлар оиласи ғолиб бўлиб, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши таъсис этган диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Шунингдек, меҳнат муносабатларини янада такомиллаштириш учун тарғибот ишлари тизимли йўлга қўйилган. Шу йўналишда бошланғич касаба уюшмаларида ўтказилган тадбирларда мутахассислар меҳнатни муҳофаза қилиш, иш ўринларини шаҳодатдан ўтказиш, ходимларни махсус кийим ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш ва бошқа масалаларга оид кўтарилган саволларга батафсил жавоб бердилар.
Айни вақтда таълим ва маданият ­масканларида карантинни белгиланган меъёрлар ва қоидалар асосида ўтказиш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда. Интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали тизимдаги ишчи-ходимларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, таълим ва тарбия ишларининг узлуксизлигига эришиш учун соҳада рақамли технологиялардан унумли фойдаланилаётир.

Рустам ИСОҚОВ,
Таълим, фан ва маданият ходимлари
касаба уюшмаси Жиззах шаҳар кенгаши ходими

Бошқа хабарлар