Юртдошларимиз манфаати бор жойда бошқа ташвишларни бир чеккага суриб қўйиш керак

437

Орамизда шундай инсонлар борки, уларни машҳур ҳам, таниқли ҳам деб бўлмайди. Аслида эса, уларнинг ўша машҳур ва таниқли одамлардан жамият ва давлатга нафи кўпроқ тегаётган бўлади. Шундай фидойи инсонлардан бири Фарида Акбаровадир.
Мақоламиз қаҳрамони ўзининг 40 йилдан ошиқроқ меҳнат фаолияти давомида соғлиқни сақлаш тизимида, Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани ва Тошкент вилояти ҳокимликларида ­масъул вазифаларда, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимларида, Ўзбекис­тон касаба уюшмаларининг санатор-курортлар тизимида самарали фаолият олиб борган. Айни вақтда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги «Бўстон санаторийси» МЧЖ директори сифатида фидокорона меҳнат қилмоқда

– Фарида Шораҳимовна, Сизнинг турли масъул лавозимларда катта масъулият билан ишлаганингиздан яхши хабардормиз. Ҳозирги иш жойингиз «Бўстон санаторийси» фаолияти ҳам кейинги бир-икки йилда кўп тилга олиняпти. Шундай эмасми?

– Бунга сабаб менинг фаолиятим эмас, албатта. Давлатимизнинг ишончи. Ўтган йилнинг май-июнь ойларида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан «Меҳр-1» давлат дастури бўйича Суриядан 55 нафар хотин-қиз ва уларнинг 99 нафар фарзанди, октябрь-ноябрь ойларида эса «Меҳр-2» дастури бўйича Ироқдан 64 нафар ёш болалар юртимизга олиб келинган эди. Ҳар иккала дастур бўйича юртдош­ларимиз санаториямизга жойлаштирилди. Уларга малакали тиббиёт ходимлари сифатли хизматлар кўрсатишди. Адашган, чалғиган юртдошларимиз, шунингдек, ҳеч қандай айби йўқ, беғубор болажонларимизга ҳам руҳан, ҳам жисман кўмаклашиш мақсадида турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Қисқаси, уларни соғлом турмуш тарзига қайтаришга эришилди.

– Мана уч-тўрт ойки, дунё аҳли фақат бир мавзуни тилга олмоқда. Коронавирус пандемияси. Маълумки, сиз раҳбарлик қилаётган санаторийда ҳам хорижликлар ва юртдошларимиз карантинда сақланди. Шу ҳақда қисқаса маълумот берсангиз.
– Аввало, шуни алоҳида ­таъкидлашни истар эдимки, давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан «Меҳр-1» ва «Меҳр-2» дастурларининг амалга оширилиши, бугунги кунда коронавирус балосининг юртимизда қисқа фурсатларда бартараф этилиши бўйича кўрилаётган ­кескин чора-тадбирлар таҳсинга лойиқдир.
Маълумки, Хитойда хавфли коронавирус инфекциясининг тарқалгани сабабли 2020 йилнинг февраль ойида Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев ташаббуси билан мазкур давлатда яшаётган Ўзбекис­тон фуқароларининг 294 нафари, Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонасининг 42 нафар оила аъзолари, март ойида Корея давлатидан олиб келинган 181 нафар юртдошимиз «Бўстон санаторийси»га жойлаштирилди. Ҳар икки гуруҳ икки ҳафта давомида карантин муддатини ўташди. Уларга карантин давомида барча шароитлар муҳайё қилинди ва бу ишларга малакали шифокорлар ва ходимлар жалб этилди.

– Ижтимоий тармоқларда карантин ўтилаётган жойлардаги шарт-шароитларнинг яхши эмаслигидан нолиб айтилаётган фикр-мулоҳазалар, кўрсатилаётган лавҳаларга ҳам кўзимиз тушяпти. Шу ўринда «Бўстон санаторийси»да аҳвол қандай?
– 2017-2019 йиллар давомида дам олувчиларга қулайлик яратиш мақсадида санаторийда эски маъмурият биноси қайта таъмирланиб, оилавий коттежга айлантирилган ва яна қўшимча 29 ўрин қўшилганди. Шунингдек, амфитеатр ишга туширилди, мавжуд ҳовуз қайта таъмирланиб, замонавий сув ҳавзасига айлантирилди. Даволанувчиларга қўшимча шарт-шароит яратиш мақсадида «турк ҳаммоми» ишга туширилди, 2 та янги рангли фаввора ва тренажёр зали қурилди. Санаторий ҳовлиси тўлиқ ободонлаштирилиб, 4 мингдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Сиҳатгоҳнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида ёрдамчи хўжалик (кичик чорвачилик фермаси ва иссиқхона) ташкил этилди. Бугунги кунда мазкур ёрдамчи хўжалик самарали фаолият юритиб келмоқда. Шу билан бир қаторда, санаторий базаси замонавий техник асбоб-ускуналар билан тўлдирилди. Ҳозирги кунда BTL-лимфостим ва BTL-магнитотерапия аппаратлари мижозларга хизмат кўрсатмоқда. Лаборатория­­га замонавий биокимёвий анализатор ўрнатилган ва бир қатор янги таҳлилларни олиш йўлга қўйилган. Қисқаси, санаторийда соғлиғини тикловчилар учун барча шароитлар яратилган. Шу сабаб бу борада муаммо умуман йўқ…

– Эшитишимизга қараганда, шахсан ўзингиз ва сиз раҳбарлик қилаётган санаторийнинг шифокор ва ходимлари карантин давомида анча вақтдан буён уйларига ҳам боришмаган экан…
– Катта масъулият ва Ватан манфаати бор жойда шахсий ташвиш­ларни бир чеккага суриб қўйиш керак, деб ўйлайман. Давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз юртдошларимизнинг тақдири, хавфсизлиги ва саломатлиги ҳақида қайғуриб турган пайтда биз нега соатга, иш вақтига қараб иш тутишимиз керак?..

– Сиз ва жамоангиз фаолият давомида инсонлар тақдирини ҳам кузатмоқдасиз. Аввал «Меҳр» амалиётларида жафокаш ҳамюртлар, кейин эса таҳлика инканжасидаги инсонлар карантинда бўлди. Улар билан суҳбатда англаганларингиз ҳақида сўрамоқчи эдим?
– Мен Сурия ва Ироқдан, Хитой ва Жанубий Кореядан олиб келинган юртдошларимизнинг кўпи билан суҳбатлашиб, шунга амин бўлдимки, уларнинг она Ватанга ва Президентимизга бўлган ҳурмати ва миннатдорлиги чексиз. Улар ғамхўрлик ва эътибордан беҳад миннатдор бўлиб, яқин келажакда шу замин, шу юрт, шу халқ учун муносиб фарзанд бўлишга, эл-юрт учун камарбаста бўлиб хизмат қилишга бел боғлашган. Бизнинг вазифамиз эса синовли кунларда кунни-кун, тунни-тун демай, уларнинг ёнида ҳаммаслак, ҳамфикр, ҳамдард бўлиб, уларни юксак мақсадлар сари ундашдан иборат.
– Самимий суҳбатингиз учун ташаккур! Сизга ва Сиз орқали жамоангизга бугунги синовли кунлардаги фидокорона ишларингизда Аллоҳ мададкор бўлишини тилаймиз!

Фарида АКБАРОВА

Суҳбатдош:
Алижон АБДУРАҲМОНОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар