Ҳақ-ҳуқуқлар тенглаштирилди

1,207

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Респуб­ликасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида» ги Фармонининг 10-банди билан вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган фуқароларни ишга қабул қилишга бўлган тақиқ, шунингдек, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилганлик учун иш берувчининг жавобгарлиги бекор қилинди.
Фармонда қайд этилган қоиданинг аҳамияти ва унинг ижросини таъминлаш борасида мутасадди ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида мухбиримиз Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Фурқат Тожиевга мурожаат қилди.

— Тўлиқ ишонч билан айтишимиз мумкинки, Президентимизнинг ушбу Фармони фуқароларимизга жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублигидан қатъи назар, хоҳишига кўра мамлакатимиз ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш ва у ерда таълим олиш, меҳнатга оид муносабатларга кириш ҳуқуқини беради, — деди суҳбатдошимиз. — Бунга қадар Тошкент шаҳрида ишга кираётган ҳар бир шахс вақтинча ёки дои­мий пропискаси бўлган тақдирдагина пойтахтдаги ташкилотларга ишга кириши мумкин эди. Эндиликда бунга барҳам берилди.

— Фармоннинг ушбу банди ижросини таъминлаш борасида биринчи навбатда нима ишлар қилинди?
— Давлат дастурининг 56-бандида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш мақсадида доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш (ҳисобга олиш) тартибини соддалаштириш белгиланган ва бу Фармоннинг 10-банди ижросини таъминлашга қаратилган. Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг тўлақонли аъзосидир. Мамлакатимизда қабул қилинаётган қонун ва бош­­қа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар, Конс­титуциямизнинг муқаддимасида қайд этилганидек, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда жорий этилади. Шуни ҳисобга олган ҳолда, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари кафолатлатларини таъминлашга қаратилган вақтинча рўйхатга олиш тартиби борасидаги хорижий мамлакатлар тажрибасини ҳам ўрганиб чиқдик. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, кўпчилик давлатларда вақтинча ёки доимий прописка асосида ёхуд яшаш жойида рўйхатда турмаган фуқароларни ишга қабул қилганлик учун жавобгарлик масаласи йўқ.
Адлия вазирлиги томонидан ­тўпланган маълумотлар, тегишли мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда Паспорт тизими ва прописка масалалари бўйича Қонун, Президент Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Қарори ­лойиҳалари ишлаб чиқилди.

— Асосан қайси қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга қўшимчалар киритилмоқда ва улар нималардан иборат?
— Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Меҳнат кодекслари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 5 январдаги ПФ–4262-сонли Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Респуб­ликасида паспорт тизими тўғрисидаги Низом, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги ПҚ–3149-сон қарори билан тасдиқланган Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида Низом ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сон қарори билан тасдиқланган Давлат божи ставкалари, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 февралдаги 41-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Респуб­ликаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2232 -моддасида паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан фуқароларни, шунингдек, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи ­бўйича ҳисобда турмасдан яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилиш — мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрорланса, йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилган. Лойиҳада ушбу моддани чиқариб ташлаш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон ­Республикаси Меҳнат кодексининг 80-моддасида ҳам ишга кираётган шахснинг паспорти ҳақиқий бўлмаса, худди шунингдек, ишга кираётган шахс вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйи­­ча ҳисобда турмаган бўлса, ишга қабул қилиш рад этилиши мумкин, деб белгиланган. Киритилаётган ўзгартиришга кўра, фақатгина ишга кираётган шахснинг ­паспорти ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжати бўлмаса ишга қабул қилиш рад этилиши мумкинлиги тўғрисидаги норма сақланиб қолмоқда.
Ўз навбатида, иш берувчилар вақтинча ёки доимий пропискаси бўлмаган ёхуд турар жойи бўйича ҳисобдан ўтмаган фуқароларни ишга олганликлари учун жавобгарликдан озод этилади.

— Фармон ва Дастурнинг тегишли бандлари ижросини таъминлаш сиёсий, ижтимоий, ҳуқуқий ва иқтисодий аҳамиятга эга. Айниқса, мазкур меъёрларнинг ҳаётга татбиқ этилиши Тошкент ва пойтахт вилояти учун ўта муҳим. Шу ҳақда ҳам фикр билдирсангиз?
— Албатта, Фармон ва Дастурнинг тегишли бандлари ижроси аҳолига катта қулайликлар яратади. Қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши ҳамда уларга ўзгартиришлар киритилиши фуқароларимизга мамлакатимизнинг исталган ҳудудида, айниқса, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ишга жойлашишларида ҳеч бир чеклов бўлмаслигини таъминлайди. Бундан ташқари, фуқарони Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш фуқарони доимий яшаш ­жойидан пропискадан чиқармасдан 10 кундан бир йилгача муддатга (ўқиш учун таълим муассасасига келган шахслар учун — ўқиш даврига) амалга оширилади.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига 10 кундан кўп бўлмаган муддатга келган фуқаролар ҳисобга олинмайди.
Келган вақтини қайд қилиш белгиси вақтинча яшаш жойи ­бўйича профилактика инспектори имзоси билан тасдиқланади ва 10 кундан кўп бўлмаган муддатни ҳисоб­лаш учун қўлланилади.
Мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудларидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига келиб, ҳеч қандай пропискасиз норасмий ишлаб юрганлар кўплаб топилади. Айниқса, қурилиш, транспорт ва умумий овқатланиш соҳасида буни кўпроқ кузатиш мумкин. Бу эса, ўз навбатида, хуфиёна иқтисодиётнинг тегирмонига сув қуйиш ва фуқароларимиз манфаатларининг топталишига олиб келаётган эди.
Иш берувчи ҳеч қандай расмий шартномасиз фуқарони ишга қабул қилади. Бундан ташқари, иш кунининг давомийлиги, дам олиш кунлари, байрамлар, таътиллар, маош миқдори, касаллик варақаси бўйи­­ча ҳақ тўлаш каби меҳнат муносабатлари тегишли ҳужжатлар билан расмийлаштирилмайди. Маош нақд ­шаклда берилади. Давлатга ҳеч қандай солиқлар тўланмайди. Меҳнат муҳофазаси учун ҳам жавобгарлик белгиланмайди. Бир сўз билан айтганда, фуқаронинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқлари расмий ташкилот ёки бирор-бир ҳужжат билан ҳимоя қилинмайди.
Санаб ўтилган ҳужжатларнинг қабул қилиниши истиқболда мана шу камчиликларни бартараф этиш учун ҳуқуқий омил бўлади ва тез орада ўзининг ижобий самарасини беришига шубҳа йўқ.

— Ҳозирги кунда ҳам пойтахтдаги ташкилот ва муассасаларга ишга қабул қилишда чекловлар мавжудлиги ва Президент Фармонининг 10-банди бажарилмаётгани тўғрисидаги гап-сўзлар қулоққа чалиниб турибди. Буни қандай изоҳлаш мумкин?
— Бундай ҳолатларга алоҳида ёндашув лозим. Президент Фармони қабул қилинган ва у амалда қўлланилиши талаб этилади. Шу билан бирга, баъзи бир Қонунларимиздаги чекловлар ҳали олиб ташланмади. Адлия вазирлиги томонидан тайёрланган Қонун, Президент Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг Қарор лойиҳалари ушбу масалани ҳал қилишга қаратилган ва кўпчилик манфаатларига зид бўлиб келаётган ушбу муаммо, албатта, узил-кесил ижобий ечимини топишини таъминлайди.

Суҳбатдош:  

Ирисмуҳаммад  АБДУКАРИМОВ

Бошқа хабарлар