Муҳим анжуман бўсағасида

979

Аввал хабар берганимиздек, Касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан 24-26 апрель кунлари Тошкентда «Ҳаракатлар стратегияси ва кучли ижтимоий сиёсат: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси» мавзусида Халқаро конференция бўлиб ўтади. Ушбу нуфузли анжуманда қатнашиш учун ташриф буюрган халқаро ташкилотлар ҳамда касаба уюшмалари марказлари вакилларининг мазкур анжуман ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.

— Ўзбекистонда ўтказилаётган ўта муҳим ва нуфузли тадбирда илк бор иштирок этиш имкониятига эга бўлиб турганимдан хурсандман. Кези келганда таъкидлашни истардимки, мана бир неча йиллардан бери меҳнаткашлар фаолия­ти бўйича ХМТ Бюроси билан ҳамкорлик қилаётган ушбу давлат биз учун устувор мамлакатлар рўйхатидан жой олиб келмоқда. Бу юртингизда аҳоли фаровонлигини ошириш, бандлик, муносиб меҳнат ­шарои­ти ҳамда меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишларида амалга оширилган катта ишлар самарасидир. Эътиборли жиҳати, касаба уюшмалари ўзининг асосий вазифалари билан бир қаторда, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаёти ҳамда ижтимоий соҳада қонун ижодкорлиги фаолияти билан ҳам жиддий шуғулланаётир. Конференцияда долзарб масалаларни атрофлича муҳокама қиламиз ва тўпланган тажрибаларимиз билан ўртоқлашамиз, бу эса барчамиз учун фақат наф келтиришига ишончим комил.

Мария Хелена АНДРЕ,
Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнаткашлар фаолияти бўйича Бюроси (ACTRAV) директори:

 

— Бу менинг ушбу мамлакатга биринчи ташрифим эмас. Биз етарли даражада ҳамкорлик қилиб келаётирмиз. Анъанавий давра суҳбатлари, семинар ва тренингларда мунтазам қатнашамиз. Шу билан бирга, таъкид­лашим лозимки, мазкур конференция ўзининг кўлами ва қатнашчиларнинг сонига кўра тарихий аҳамият касб этмоқда. Анжуманда Марказий Осиё минтақасидаги барча касаба уюшма марказлари илк бор иштирок этаётгани эса янада қувонарлидир. Шубҳа йўқки, Тошкент анжумани ўзининг самарали натижалари билан барчамиз учун фойдали бўлади.

Сергиус
ГЛОВАЦКАС,
ХМТнинг меҳнаткашлар
фаолияти бўйича
Бюроси (ACTRAV)нинг
Европа ва Марказий Осиё сектори мудири:

— Биз делегациямиз аъзолари билан Ўзбекистонга автомобилда келдик. Биласизми, икки давлат чегарасида одамлар гавжум, уларнинг юзидаги миннатдорликни кўрмаслик мумкин эмас. Қарийб чорак асрдан буён масофа нуқтаи назаридан ёнма-ён яшаб келган бўлса-да дийдорлашиш имконидан маҳрум бўлган қариндош­лар, оға-инилар учун мамлакатларимиз ўртасидаги инқилобий муносабатлар ўзгариши оламшумул янгилик сифатида қабул қилинмоқда. Ахир бу инсонлар тақдирига дахлдор хурсандчилик. Икки давлат раҳбарлари хоҳиш-иродаси билан қўйилган эзгу қадамлар «икки тилда сўзлашувчи бир халқ»нинг бир-бирига беқиёс меҳрини уйғотганини сўз билан таърифлаш қийин. Ўзбекистонга кириб келар эканмиз, бизни йўллардаги тиғиз транспорт оқими чин маънода ҳайратга солди. Буни халқнинг фаровонлиги белгиси, бир сўз билан айтганда, унинг яхши яшаётганидан бир далолат сифатида баҳоладик.
Қолаверса, бугун Ўзбекистон ва Тожикистон касаба уюшмалари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликда ишлаш ­бўйича Меморандумни имзолаганимиз, ўйлаймизки, муносабатларимизда муҳим қадам, изчил ҳамкорлик йўлида мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистон касаба уюшмаларининг глобал муаммолар юзасидан ўзига хос мулоқот майдони яратиб, халқаро конференция ташкил этаётгани янада қувонарли. Анжуман ишига улкан муваффақият тилаб қоламиз.

Қосим Қодирий,
Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси:

 

— Ўзбек ва қозоқ халқларини дунёдаги энг яқин қардош эллар десам муболаға қилмаган бўламан. Ўзим тарихчи бўлганим учун ҳам бизнинг ўтмишимиз бир-бирига узвий туташиб кетганини алоҳида таъкидлагим келади. Сизларнинг муваффақиятингизни ўз халқимнинг ютуғи сифатида баҳолайман. Бугун Ўзбекистон дунёга шиддат билан уйғунлашувни бошлади, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган улуғвор ва эзгу ғоялар, истиқболли, ҳар икки давлат учун ниҳоятда юксак аҳамиятга эга бўлган ташаббусларни Қозоғистоннинг ҳар бир фуқароси мамнуният билан кутиб олмоқда. Биз ҳамжиҳатлик тарафдоримиз. Халқаро конференция кун тартибига қўйилган масалалар биз учун ҳам муҳим ва аҳамиятли. Биз унда фаол иштирок этиб, илгари сурилаётган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ниятидамиз.

Марат Тогжанов,
Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг ўринбосари:

— Биз Ўзбекистоннинг барча йўналишлардаги очиқ ва прагматик сиёсатини тўла қўллаб-қувватлаган ҳолда, бундан буён изчил ҳамкорлик таклиф этилаётганидан бағоят хурсандмиз. Халқларимиз ўртасидаги азалий яқинлик ҳам бунга ҳамоҳангдир. Айнан шунга кўра ҳам Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг яқин қўшни мамлакатлар касаба уюшмалари билан ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш ниятида эканлиги бизни беҳад қувонтиради. Чунки биргаликда муҳокама қиладиган, ҳамжиҳатликда ечим излайдиган масалаларимиз оз эмас. Ўйлаймизки, эртага бошланажак халқаро конференция бу фикрлашувлар учун ўзига хос платформа вазифасини ўтайди.

Рисгул Бабаева,
Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг ўринбосари:

 

 

Ўз мухбирларимиз.

 

Бошқа хабарлар