Қувватбахшми ёхуд энергетик ичимликлар саломатликка фойдалими ёки зарарли?

2,231

Телевизорда кишига тетиклик бағишловчи (энергетик) салқин ичимликларнинг ёрқин рангларда рекламаси тез-тез намойиш этилади. Ёзнинг иссиғи, устига-устак киши ҳолсиз бўлган бир пайтда реклама қилинаётган маҳсулотни истеъмол қилишга мойиллик уйғониши табиий. Бугун нафақат ўсмирлар, балки барча ёшдаги инсонларнинг ҳам қўлида ушбу ичимликни учратиш мумкин. Бироқ унинг фойдасидан кўра, саломатлигингизга зарари юқори эканини ҳамма ҳам биладими?

Маҳсулот таркиби…

Австралиялик олимлар томонидан ўтказилган «Ўсмирларнинг энергетик ичимлик­ларга нисбатан қарашлари ва ҳиссиётлари» номли тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, ўсмирлар энергетик ичимликлар таркибида қандай моддалар мавжудлиги ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмас.
Албатта, моддалар таркибида ижобий хусусиятлар ҳам йўқ эмас. Хусусан, кофеин мия фаолиятини кучайтиради ва юракнинг чидамлилигини оширади. Бироқ чарчоқ нималигини сезмаслик учун инсон организми камида 3 та идишдаги қувватбахш ичимлик ичишни талаб қилади. Ичимлик таркибидаги гуаран эса кучли жисмоний зўриқиш чоғида оғриқларни камайтиради, жигарни тозалайди, атеросклерознинг олдини олади. Қолаверса, бу каби ичимликлардаги меҳригиёҳ чарчоқ ва тушкунликни камайтиради, организмнинг ишлашга бўлган иштиёқини оширади. Бундан ташқари, ичимликлар таркибида юракнинг ишчанлигини оширувчи таурин, организм тўқималаридаги ёғли кислоталар парчаланиши ва моддалар алмашинувини яхшиловчи карнитин, очликка қарши курашувчи матеин ва инсоннинг кунлик ритмини мўътадиллаштирувчи мелатонин каби қўшимчалар ҳам бор. Лекин бу ичимликлар таркибида қувват берувчи моддалар билан бир қаторда инсон саломатлигига хавф солувчи кофеин, гуарана, таурин каби моддалар ҳам мавжуд.
Шу сабабли мутахассислар бундай ичимликни кунига 2 банкадан ортиқ ичиш мумкин эмаслигини тавсия қилишган. Акс ҳолда уларнинг артериал босим ва қондаги қанд миқдорини ошириб, депрессия ва асабийликни келтириб чиқариш эҳтимоли юқори. Спорт машғулотларидан сўнг ичилганда организмдаги фойдали суюқликни чиқариб юбориши ҳам аниқланган. Қолаверса, кофеин моддаси асаб тизимининг бузилишига сабаб бўлиши мумкин.

Саломатлик кушандаси

Қувват ичимликларнинг салбий таъсирлари оқибатида қуйидаги касалликларнинг келиб чиқиши илмий исботланди:
Юрак хуружи: Қувват ичимлиги таркибида кофеиннинг юқори миқдорда бўлиши бора-бора юрак фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. У юракнинг қисқаришига олиб келади. Спорт билан шуғулланмайдиган ва жисмоний фаол бўлмайдиган одамларнинг ичимликдан кунига 250 мл.дан ортиқ ичиши юрак фаолиятининг ишдан чиқишига сабаб бўлади.
Бош оғриғи ва мигрен: Тана қувват ичимлиги орқали озиқланадиган юқори миқдордаги кофеинга ўрганиб қолгач, унга эҳтиёж сезилиши билан бош оғрий бошлайди ва тобора кучаяди. Бу гўё гиёҳванд моддага ўрганиб қолишга ўхшайди. Агар кеча ичилганидан 50 мл. кам ичимлик ичилса ҳам бош оғриги орқали тана бундан норози бўлади.
Бетоқатланиш ва асабийлашиш: Ортиқча кофеин инсон миясида безовталикни келтириб чиқаради. Энергетик ичимликка муккасидан кетиш юқори даражадаги саросималикни келтириб чиқаради.
Уйқусизлик: Танага юқори миқдорда қувват киргач, одам қандай қилиб ухлаши мумкин? Уйқусизлик эса асаб тизимига салбий таъсир қилади, модда алмашинувини издан чиқаради, тушкунликка сабаб бўлади.
Инсулинга боғлиқ бўлмаган (2-тур) қандли диабет: Қувват ичимлиги таркиби шакарга ҳам бой. Ичимлик ошқозоности безининг инсулин ишлаб чиқарувчи тўқималарини зарарлайди ва ўлдиради.
Тобелик: Айниқса, моддий жиҳатдан қийналганда бу ичимликка қарам бўлиб қолганларнинг ҳоли оғирлашади. Улар банги каби ўзларини билмай қолади.
Юқори қон босими: Кофеинга бой маҳсулотлар қон босимини оширади. Қон босими кўтарилиб турувчи одамлар бу ичимликка боғланиб қолса, ҳаётларини хавфга қўйган бўлади.
Кўнгил айниши ва бошқалар: Меъёридан ортиқ энергетик ичимлик овқат ҳазм қилишни қийинлаштириб, кўнгилни айнитади. Ичимлик тананинг сувсизланиши ва тишларнинг емирилишига сабаб бўлади. Қувват ичимлигини кўп истеъмол қилиш тери касалликларини ҳам келтириб чиқаради.

Энди сотилмайди(ми?)

Дунёнинг бирорта давлати унинг истеъмол қилинишини буткул тақиқлаган эмас. Фақат ёш тоифасига қараб ёки аҳолининг айрим қатламлари учун энергетик ичимлик­ларни истемол қилиш ёки уларга сотиш тақиқланган. Масалан, Германия, Франция, Дания, Колумбия, Қувайт, Латвия, Литва, Мексика, Норвегия, Саудия Арабистони сингари давлатларда бундай ичимликларга нисбатан бир томонлама чек­ловлар қўйилган.
Юртимизда бу маҳсулотни чекловчи қонун ҳужжатлари йўқ. Аммо Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари бу борада қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ташаббус кўрсатишмоқда. Лойиҳа бўйича «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги ва «Реклама тўғрисида»ги қонунлар ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган. Унга мувофиқ, истеъмолчи 18 ёшга тўлмаган бўлса, ичимлик сотилмайди, сотилса ва сотиб олса, энг кам ойлик иш ҳақининг 5-7 баравардан 15 бараваригача жарима солинади. Бундан ташқари, оммавий ахборот воситаларида, жумладан, телеканалларда 7:00 дан тунги 22:00 гача бундай ичимликларни реклама қилишни тақиқлаш, босма рекламада камида 10 фоиз, электронда эса камида 5 секундлик уларнинг зарари ҳақидаги маълумотларни киритиш, 18 ёшга тўлмаганлар орасида ҳар қандай тарғиботни ман қилиш, тиббиёт, спорт, таълим муассасалари, йўловчи ташиш транспортлари, жамоат жойларида ушбу ичимликларнинг рекламасини тақиқлаш каби ўзгартириш ва қўшимчалар таклиф қилинган. Ушбу қонун лойиҳаси парламент томонидан маъқулланса, халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида яна бир хайрли қадам ташланади.

Хулоса сиздан…

Маълумотлардан кўринадики, энергетик ичимликларни истеъмол қилиш бозори жаҳон миқёсида йилига 13-15 фоизга кенгайиб бормоқда. Асосий истеъмолчилар 18-35 ёшдаги аҳоли экани ташвишланарлидир. Ачинарлиси, мамлакатимизда унинг эҳтимолий истеъмолчилари аҳолининг 64 фоизини (30 ёшгача бўлганлар) ташкил этиши мумкин!
Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, инсон танаси ичимликнинг эмас, балки ўзининг энергия захирасидан фойдаланади. Жисмоний меҳнат билан шуғуллангандан сўнг бундай ичимликларни ичса, одам чарчоқ ҳиссини туймаслиги мумкин. Аммо ушбу ичимликлар вақтинчалик йўқотган чарчоқ эртанги кун учун ёки ичимлик таъсири ўтгандан сўнг икки баробар ортади. Натижада, организм чарчоқни йўқотиш учун яна қувват талаб этади.
Шундай экан, табиий ҳаракатда бўлиш учун сунъий воситалардан меъёридан ортиқ фойдаланиш ҳаёт тарзига жиддий зарар етказишини асло унутмаслик лозим.

Озода РЎЗИҚУЛОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар