Ёлғон ваъдаларга учманг чунки энди таълим тизимида коррупцияга йўл йўқ

660

Абитуриентлар ва ота-оналар диққатига!

Бугун юртимизда олий ўқув юртларига қабул жараёнлари шаффофлигини таъминлаш, таълимдаги коррупция ва порахўрликнинг олдини олиш борасида қатор чора-тадбирларга қарамай, ҳали-ҳануз «ўқишга киритиб қўяман», «тестни ҳал қилиб бераман», «Х-вариант топиб бераман» деган ёлғон ваъдалар билан мўмай пул ишлаб олиш илинжида юрган фирибгарлар ва уларнинг тузоғига тушиб қолаётганлар учраб турибди.

Ҳар йили олий ўқув юртига кириш имтиҳонлари бошланиши арафасида осон йўл билан талаба бўлиш истагидаги абитуриентлар ва уларга «беминнат хизмат» кўрсатишни таклиф қилувчилар кўпаяди. Шу боис таълимдаги коррупцияни йўқ қилишга қаратилган дастлабки қадам тест имтиҳонларини топшириш жараёнини тартибга солиш билан бошланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро А.Тўлаганова ва Г.Тошпўлатова Тошкент педиатрия тиббиёт институти ректори ёрдамчиси лавозимида ишловчи Умид исмли таниши орқали мазкур институтга ўқишга киритиб қўямиз, деб фуқаро Н.Мирзаабдуллаевадан нақд 15 000 АҚШ долларини «қуртдай» санаб олаётган вақтида қўлга олинди.
Шу каби ҳолат Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида ҳам содир бўлди. Ушбу олий ўқув юртида лаборант вазифасида ишлаб келган Ш.Бабаев фуқаро У.Нуруллаевни университетнинг жисмоний тарбия факультетига ўқишга киритишни ваъда қилиб, ундан 8 минг АҚШ доллари олаётган вақтида ушланди.
Департамент ходимлари томонидан ўтказилган яна бир тадбирда фуқаро Ф.Хўжақулова К.Камолиддиновни Тошкент давлат техника университетининг иқтисод факультетига давлат гранти асосида ўқишга киритаман, деб алдаб, ундан 8 минг АҚШ долларини олиш чоғида қўлга тушди.
Бундай ҳолатлар нафақат олий таълим даргоҳларида, балки лицей ва коллежларда, ҳаттоки, умумтаълим мактабларида ҳам кўзга ташланмоқда. Маълумотларга қараганда, ўқишга киришдаги коррупция ҳолатлари бўйича олий ўқув юртларида 27 та, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида 21 та ҳамда умумтаълим мактаб­ларида 5 та жиноят содир этилгани аниқланган. Демак, ўрта махсус, касб ҳунар таълими ва мактаблардаги ҳолат ҳам қувонарли эмас.
Мисол учун, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Юнусобод тумани ХТБга қарашли 247-умумтаълим мактаби директори С.Туламетова фуқаро С.Алмасовадан фарзандини мактабнинг 1-синфига ўқишга қабул қилиши эвазига 500 минг сўм пора олаётган вақтида қўлга олинди.
Тошкент миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежи директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Д.Вахобова эса ўқишини оилавий ­шароитлар туфайли тамомлай олмаган Ў.Корабоевга мазкур коллежни битирганлик тўғрисидаги дипломни расмийлаштириб бериш эвазига ундан 400 минг сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Жамиятда ҳалоллик, коррупциядан холилик, ҳаққонийлик ҳамда адолатнинг юзага чиқишида ҳар биримизнинг ўз ўрнимиз бор. Юқоридаги каби ҳолатларнинг олдини олиш, порахўр ва фирибгар кимсаларнинг «хўраги»­­га айланиб, жиноятга шерик бўлиб қолмаслик учун онгли равишда фуқаролик бурчимизни бажарсак, шунинг ўзи кифоя.

Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,
«Ishonch» мухбири
Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси
Бош прокуратураси ҳузуридаги
Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази маълумотлари
асосида тайёрланди.

Бошқа хабарлар