ТАЪЛИМДА ЭГАМАНЛИК АКСИOМAСИ Биз кўзлаган мақсадга элтувчи йўлдир

388

Ҳар қандай миллатнинг интеллектуал-маънавий қиёфаси педагогика орқали шаклланади. Шу маънода, юртимизда таълим тизими ҳам мазмун-моҳияти, ҳам шаклан тамомила янгиланаётгани айни муддаодир. Ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатдан қутқарилгани, ортиқча қоғозбозликлар қисқартирилгани, иш ҳақининг оширилиши таълим сифати ўзгаришига ижобий таъсир қилади, албатта. Лекин йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар борки, бу тўғрида очиқ-ойдин сўзлаб, уларни бартараф этиш йўлларини топ­мас эканмиз, кўзланган мақсадга эришишимиз қийин кечади.

Мактаб, аввало, шахсни тайёрлаши керак

Бизнингча, биринчи нав­батда, умумий мажбурий ўрта таълимдан мақсад нима экани аниқ белгилаб берилиши зарур.
Миллий умумий ўрта таълим тизими ҳозирча барча ўқувчини истисносиз олий мактабга тайёрлайди. Ота-­оналар, маҳалла-кўй, ўқитувчилар, педагогик маъмурият ўрта мактаб ҳар бир болани университет ёки институтга тайёрлаши керак, деб ҳисоб­­лайди. Ҳолбуки, дунёнинг ҳеч қаерида умумтаълим мактабларининг барча битирувчилари олий ўқув юртларига кириб ўқимайдилар. Мамлакатимизда ҳам яқингача ҳар йили ўрта маълумот олган ёшларнинг олти-етти фоизи олий мактабларга кирар эди. 2018 йилда бу кўрсаткич тўққиз фоизга кўтарилди. Бу йилдан бошлаб, олий ўқув юртларига қабул қилинадиган ёшлар сони янада кўпаяди. Лекин барибир, жуда катта миқдордаги ёшлар олий мактабдан ташқарида қолаверади. Аслида, шундай бўлиши мутлақо табиийдир.

Шу ҳолни кўра-била туриб ҳам барча ўқувчилар фақат университет ва институтларда ўқишга чорлайверилади. Бу борадаги ҳолат шу даражага етдики, ўқувчилар орасида олий мактабга энг юқори даражада билим олинадиган даргоҳ эмас, балки олий маълумотлилик тўғрисида дипломга эга бўлинадиган маскан деб қараш томир ёйди. Ўқимасдан бўлса-да, диплом олишга интиладиган, ҳатто бунинг уддасидан чиқадиганлар қатлами ҳам пайдо бўлди. Ва бундайлар сони тобора кўпайиб бормоқда. Натижада, олий ўқув юрти берадиган билим эмас, балки у берадиган диплом муҳимроқ саналадиган бўлди.
Ҳолбуки, ўқувчиларга мактабга келган кундан эътиборан дунёдаги барча касблар бир-биридан қолишмайдиган даражада муҳим экани, фаррошлик, қассоблик ёки қурувчилик ҳунари ўқитувчилик, ҳуқуқшунослик ёки дипломатлик касбидан кам эмаслиги сингдирилиши лозим. Лекин ўқувчилар билишлари керакки, фаррош, қассоб, қурувчи бўлиш учун ҳам мактабдаги барча ўқув фанларини ўзлаштириш зарур. Негаки, у ёки бу касбни эгаллаган киши фақат ўша касбнинг ичида қолиб кетмайди. У одам сифатида ёлғиз яшай олмайди, кимгадир ўғил ёки қиз, оға ё ини, опа ё сингил, келин, куёв, ота ёки она, қуда, қўшни бўлишга маҳкум. Бинобарин, атрофдагилар билан улар даражасида муносабатга киришиш учун бугун мактабдаги барча фанларни яхши ўзлаштириши лозим бўлади. Таълим мажбурийлигининг маъноси ҳам шунда.
Мактаб таълимига бундай ёндашув чинакам касбга йўналтиришни юзага келтиради. Шундай бўлганда болалар мактабда олий ўқув юртига эмас, ҳаётга тайёрланади. Ўшанда ўқувчиларда у ёки бу фаннинг менга нима кераги бор, мен келажакда математик, физик ё тарихчи бўлмайман-ку тарзидаги тушунмовчилик­лар юзага келмайди. Мактабда мутахассис бўлиш учун эмас, жамият талаби даражасидаги одам бўлиш учун ўқилиши англаб етилади.
Ўрта таълимнинг мақсади ўқувчиларни олий мактабга тайёрлаш деб қаралмаса, ўқитиш кечимига муқобил дас­тур ва дарсликлар жорий қилиниши мумкин бўлади. Ҳозирги ҳолатда эса шундай дастур ва дарслик тузиб ҳам, ундан фойдаланиб ҳам бўлмайди. Чунки умумий ўрта таълим мактабида ўқишдан асосий мақсад бўлмиш олий ўқув юртига кириш учун тест ечиш керак. Тест ечишга тайёрланиш учун эса, таълимнинг мазмуни бир хил бўлиши керак. Тестлаштириладиган бир хил мазмун дастур ва дарсликларнинг ҳам бир хил бўлишини тақозо қилади. Бу ҳол ўз-ўзидан таълимнинг қамровини торайтириб, муқобил таълим йўлини тўсади. Муқобил дарслик­лар олам ҳодисаларини ҳар хил назар билан кўриб, баҳолайдиган шахсларни шакллантиришга хизмат қилади.

Таълим сифати қандай белгиланади?

Таълим тизимининг фаолиятига баҳо беришда, унинг самарадорлигини ўлчашда фақат кўз билан кўриладиган, ҳужжатларда қайд этиш осон бўлган кўрсаткичлар ҳисобга олинаётгани ҳам ўқитиш сифатининг ўсишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Чунончи, ҳозирда қайси таълим муассасасининг битирувчилари олий мактабга кўпроқ кирган бўлса, ўша педагогик жамоа яхши ишлаган ҳисоб­ланади. Ҳолбуки, олий мактабга кириш – ҳар бир ўқувчининг шахсий юмуши. Мактаб олий ўқув юртларига талабгор тайёрлайдиган маскан сифатида эмас, балки ҳаётда қийналмай яшаб кетишга қодир одам тайёрлайдиган даргоҳ деб қаралиши керак. Демак, нуқтаи назар, ўрта таълим тизимига ёндашув ракурси бутунлай ўзгартирилиши зарур.
Шунингдек, фан ўқитувчиларининг болаларга бўлажак мутахассислар сифатида ёндашуви ҳам бутунлай ўзгартирилиши керак. Ҳозирда ҳар бир фан ўқитувчиси ўқувчиларга ўз фанини ўзлаштириши шарт бўлган объектлар, бўлажак физик, математик, филолог, тарихчи, ҳуқуқшунос деб қарайди. Ҳолбуки, ўқувчи – биринчи навбатда, бетакрор шахс. Таълим тизимидаги ўқитиладиган ҳар бир фан ўқувчиларда мутахассислик кўникмаларини эмас, балки унда шахс­лик сифатларининг муайян қирраларини шакллантиришга йўналтирган бўлиши керак. Ўқувчи муайян миқдордаги фан ҳақиқатларини ўзлаштириб оладиган объект эмас, одам-у оламда рўй берадиган ҳар қандай воқеа-ҳодиса ва ҳолатга ўз нуқтаи назари билан соғлом муносабатда бўла оладиган шахс сифатида шакллантирилиши керак.
Айниқса, мусиқа, расм, жисмоний маданият, адабиёт сингари фанларда ўша соҳаларнинг бўлажак мутахассисларини эмас, балки бу тезкор ва шиддатли замонда одамга муносиб яшаш кўникмасига эга, мусиқани тинглай оладиган, тас­вирий санъат асарини кўра биладиган, бадиий асарни ўқиб, тушуниб, завқланадиган, саломатлиги учун фойдали эканини билганидан жисмоний машқларни ихтиёрий бажарадиган маданиятли киши – шахсни тайёрлашга йўналтирилиши зарур. Ҳозиргидай ўқувчиларни чойнакнинг расмини чизиш ёки «Пахта» қўшиғини айтишга ўргатишга уриниш билан уларнинг эстетик ривожида заррача ижобий натижага эришиб бўлмайди.

Таълим тизимининг фаолиятига баҳо беришда, унинг самарадорлигини ўлчашда фақат кўз билан кўриладиган, ҳужжатларда қайд этиш осон бўлган кўрсаткичлар ҳисобга олинаётгани ҳам ўқитиш сифатининг ўсишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Чунончи, ҳозирда қайси таълим муассасасининг битирувчилари олий мактабга кўпроқ кирган бўлса, ўша педагогик жамоа яхши ишлаган ҳисоб­ланади. Ҳолбуки, олий мактабга кириш – ҳар бир ўқувчининг шахсий юмуши. Мактаб олий ўқув юртларига талабгор тайёрлайдиган маскан сифатида эмас, балки ҳаётда қийналмай яшаб кетишга қодир одам тайёрлайдиган даргоҳ деб қаралиши керак. Демак, нуқтаи назар, ўрта таълим тизимига ёндашув ракурси бутунлай ўзгартирилиши зарур.
Шунингдек, фан ўқитувчиларининг болаларга бўлажак мутахассислар сифатида ёндашуви ҳам бутунлай ўзгартирилиши керак. Ҳозирда ҳар бир фан ўқитувчиси ўқувчиларга ўз фанини ўзлаштириши шарт бўлган объектлар, бўлажак физик, математик, филолог, тарихчи, ҳуқуқшунос деб қарайди. Ҳолбуки, ўқувчи – биринчи навбатда, бетакрор шахс. Таълим тизимидаги ўқитиладиган ҳар бир фан ўқувчиларда мутахассислик кўникмаларини эмас, балки унда шахс­лик сифатларининг муайян қирраларини шакллантиришга йўналтирган бўлиши керак. Ўқувчи муайян миқдордаги фан ҳақиқатларини ўзлаштириб оладиган объект эмас, одам-у оламда рўй берадиган ҳар қандай воқеа-ҳодиса ва ҳолатга ўз нуқтаи назари билан соғлом муносабатда бўла оладиган шахс сифатида шакллантирилиши керак.
Айниқса, мусиқа, расм, жисмоний маданият, адабиёт сингари фанларда ўша соҳаларнинг бўлажак мутахассисларини эмас, балки бу тезкор ва шиддатли замонда одамга муносиб яшаш кўникмасига эга, мусиқани тинглай оладиган, тас­вирий санъат асарини кўра биладиган, бадиий асарни ўқиб, тушуниб, завқланадиган, саломатлиги учун фойдали эканини билганидан жисмоний машқларни ихтиёрий бажарадиган маданиятли киши – шахсни тайёрлашга йўналтирилиши зарур. Ҳозиргидай ўқувчиларни чойнакнинг расмини чизиш ёки «Пахта» қўшиғини айтишга ўргатишга уриниш билан уларнинг эстетик ривожида заррача ижобий натижага эришиб бўлмайди.

Шакл эмас, мазмун муҳим

Бундай ўйлаб қаралса, кейинги ўттиз йил мобайнида миллий таълим тизими бир неча сидра янгиланди. Педагогик инновациялар тинимсиз жорий этилмоқда. Лекин шу вақт орасида бирорта ўқитувчининг илғор тажрибаси оммалаштирилгани кузатилмади. Наҳотки, мамлакатда бирорта ҳам истеъдодли, ижодкор, ташаб­бускор ўқитувчи қолмаган бўлса? Таълим тизимига киритилаётган шунча янгиликлар керагидай самара беряптими? Педагогик инновация таълимнинг моҳиятига ўзгариш киритиши керакми ёки ташқи кўринишига?
Миллий таълимда педагогик инновация кўпроқ кўринишда, шаклда намоён бўлмоқда. Ҳолбуки, педагогика фани ва амалиёти кўрсатадики, инновация деган тушунчанинг ҳеч ўзгармас олтин қоидасига кўра янгилик ҳамиша пастдан, яъни амалиётдан бошқариш босқичига чиққандагина самара беради. Бизда яқин ўттиз йилдирки, барча дидактик янгиликлар юқоридан – бошқарув органларидан пастга тушириляпти. Яъни бевосита мактабда ишламаётганлар мактаб фаолиятини самарали қилиш йўлларини мактабда ишлаётганларга ўргатишмоқда. Ачинарлиси шундаки, бу хил ўргатишлар таклиф, тавсия йўсинида эмас, балки бажарилиши шарт бўлган қатъий талаб кўринишини олмоқда.
Кўп минг йиллик таълим амалиёти кўрсатадики, бирорта педагогик тадбир, усул, янгилик ҳамма жойда ёппасига бирдай самара бериши мумкин эмас. Чунки таълимнинг объекти турлича миназ (табиат)га эга тирик одамлардир. Негадир, биздаги педагогик «чиновник»лар ўзлари керакли янгилик деб ҳисоблаган тутумларни барча мактаблардаги барча ўқув фанларини ўқитишга бирданига ва бир хилда татбиқ этилишини истайдилар. Таълимдаги инновациялар четники бўлгани учун эмас, балки самарали бўлгани учун ўқитиш амалиётида қўлланиши керак. Ҳозирда инновацион ёндашувларнинг самара беришидан кўра қўлланиш фактининг ўзи муҳимдай бўлиб турибди.
Таълим тизимини ташкил этишда моҳиятдан кўра кўринишга, мазмунга қараганда шаклга кўпроқ диққат қаратилмоқда. Таълим кечимидаги барча босқичларни имкон қадар юқоридан туриб бошқаришга ружу қўйилди. Бош­қариш осон бўлиши учун эса бир хиллик лозим бўлади. Ўқитишдай жонли кечимни бир хиллаштириш амалда уни самарасиз қилиш демакдир. Педагогларда профессионал эрк қолмади. Унинг қаерда нимани, қандай бажариши кераклиги қатъий белгилаб қўйилган ва ундан салгина бўлса-да, ташқари чиқишга йўл қўйилмайди. Ўқитувчида фақат чекловларни айланиб ўтиш, чекловчиларни чалғитишга уриниш эркигина қолди. Маълумки, эрки йўқ одамда шавқ, ижодкорлик, бугун расм бўлганидай айтилса, креативлик бўлмайди. У ўз меҳнати ва эмгак объектига қул сингари муносабатда бўлади. Қул ўз ишига ижодий ёндашишни эмас, балки ундан тезроқ қутулишни ўйлайди. Чегарасиз чекловлар педагоглардаги ижодкорлиг-у изланишнинг йўқолиб кетишига сабаб бўлади.

Ўқитувчи сабоқ эгаси бўлиши даркор

Чинакам эгаманлик «эгаман» шахс­лар бўлганда, улар томонидан амалга оширилади. Бундай бутун шахслар эса, энг камида иш вақтида, ўз иш фаолияти миқёсида чин маънода хўжайин бўла биладиган мутахассислар томонидан шакллантирилади.
Сабоқ, аслида, ўқитиш тизимидаги энг муқаддас, худди намоз каби бузиб бўлмайдиган тадбирдир. Унга шундай эҳтиромли муносабатни қайта тиклаш зарур. Ҳозирги кунда на ўрта, на олий таълим ва на малака ошириш тизимида дарс ўз мавқеига яраша рутбага эга. У ҳар қандай катта-кичик эринмаган одам, истаган вақтда бузиб кираверадиган, истаган одамни киритиб ёки чиқариб юбориши, хоҳлаганча тўхтатилиши мумкин бўлган жараён саналади. Ҳолбуки, таълим тизими атрофидаги барча уриниш-у изланишлар сабоқлар самарадорлигини ошириш учун қилинади. Ана шундай қимматли ва зарур жараёнга нописанд муносабат шаклланган. Таълим жараёни кўпинча тадбир ва тадбирбозликка, сабоқ машғулотлари эса хўжакўрсинга қилинадиган тақдимотга айлантирилгани ўқитиш кечимидаги барча уринишларни самарасиз қилади.

Педагогик мантиқ – долзарб масала

Эгаманлик даври миллий таълим тизимини тубдан янгилаш учун ҳар қандай ўқув фани бўйича дастур ва дарсликлар яратишда фақат фан мантиғидан келиб чиқиб иш кўришга барҳам бериш керак. Таълим жараёнини йўлга қўйишда педагогик мантиққа устуворлик берилиши керак. Дейлик, ўқувчи математикани азбаройи математика бўлгани ёки келажакда математикага алоқадор мутахассис бўлиш учун эмас, балки у ҳақдаги муайян билимларсиз тўла маънодаги шахс бўлиш мумкин эмаслиги учун ўрганиши керак. Ҳар қандай фанни ўқитишда ҳам худди шундай ёндашув лозим. Мактаб адабиёти учун адиб ёки асарнинг мавқеи ёки машҳурлиги эмас, балки ўқувчи маънавиятида шакллантирилиши лозим бўлган эзгу ахлоқий сифатни юзага келтиришга хизмат қилиш даражаси муҳим бўлиши керак.
Эгаманлик таълими самарадорлигини оширишда ўқитишга доир замон талаблари даражасидаги ашёларни тайёрлаш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Дастур ва дарслик яратишда анчадан буён қарор топ­ган аврал режимдан бутунлай воз кечиш, бу хил юмушларнинг мунтазам, изчил, режали ва шошилтирилмай бажарилишини йўлга қўйишга эришиш керак.
Таълим тизими мунтазам ва узлуксиз ишлаб туриши учун унинг фаолиятини текшириб туриш зарур. Лекин текшириш амалиётчи педагогларга ёрдам бериш, йўл кўрсатиш ниятида амалга оширилиши керак. Ҳозирда текшириш кўпроқ айб топиш, ишларнинг фақат текширувчи истаганидай бўлишига эришишга қаратилгандай таассурот қолдиради. Бизнингча, таълим сифатини яхшилаш учун текширувчилар сонини, айниқса, текширишга доир қоғозлар миқдорини кескин камайтириш керак. Бунинг учун, биринчи навбатда, бошқарув аппаратидаги «чиновник»лар сони қисқартирилиши зарур. Парадокс шундаки, аппарат қанча катта бўлса, амалий иш шунча кам бўлади. Чунки аппаратчи таълим кечимининг ўзи билан эмас, у ҳақдаги маълумот қайд этилган қоғоз билан иш кўришга маҳкум.
Ўқитиш сифатини текшириш чин маънодаги текшириш бўлиши, текширувчи учиб-қўниб, одам санаш, мажбурий қоғозларни кўриш билан эмас, балки таълимнинг чинакам сифати билан қизиқиши, синф ва ундан ташқаридаги машғулотларни бошдан охиригача сабр билан кўриб, хулоса чиқариши керак. Бунинг учун ўтириб дарс кузатиш, кузатилган сабоқларни ўқитувчилар билан биргаликда таҳлил қилиш лозим. Ҳозирча текширувчилар учун сўраганда кўрсатиладиган қоғозлар муҳим бўлиб қоляпти. Ўқитувчининг қанчалик сифатли сабоқ ўтгани эмас, қанчалик сифатли қоғоз тайёрлагани ҳал қилувчи кўрсаткич саналмоқда. Кейинги чорак аср давомида чинакам сабоқ беришдан жуда узоқлаштириб юборилган ўқитувчилар ўқувчилар қошига, бевосита дарс жараёнига чинакамига қайтарилиши керак.

Эгаманлик таълими ўқувчиларнинг рутбасини ҳам бир қадар ўзгартиради. Яъни уларга ўқитиш кечимининг ўқитиладиган объектигина эмас, балки шу жараённи амалга оширишда бевосита қатнашадиган субъектлар тарзида қарала бошланади. Бу ҳол ўқувчиларда мустақил фикрлаш, ташаббускорлик, изланувчанлик сингари сифатлар шаклланишига хизмат қилади.
Ўз кўзқарашига эга шахслар шакллантиришга қаратилган эгаманлик таълими мавжуд камчиликлардан қутулиб, ўқитиш кечимини ўқувчиларнинг ёш ва руҳий хусусиятларига мослаб ташкил эта билса ва бу жараённи муваффақиятли уюштиришга оптимал даражада хизмат қиладиган дидактик ашёлар тайёрлай олса, шубҳасиз, ўз олдида турган улуғвор вазифаларни бажара олади.

Қозоқбой ЙЎЛДОШ,
педагогика фанлари доктори,
профессор.

Бошқа хабарлар