“БУЛАРДА ҲАЛИЯМ ХАТО БОР, ТОПИНГЛАР-ЧИ?”

320


ёхуд ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир

Жиззах шаҳридаги Шароф Рашидов ёдгорлик музейи, Ҳамид Олимжон ва Зулфия музейларида кузатилган камчиликлар, ҳолатлар, имловий ва услубий хатолар ҳақида “Уялмасдан уялтираётган “индамаслар” ёхуд “айбсиз айбдорлар”нинг саводи ва ишга муносабати ҳақида” мақола ёзилган, бироқ у “Ishonch” газетасида чоп этилмасдан таҳририят томонидан Маданият вазирлиги ва Жиззах вилояти ҳокимлигига муносабат билдириш учун жўнатилган эди. Мазкур мақола юзасидан “Маданият” газетасининг шу йилги 4-сонида Наргиза Сафарованинг “Танқидми ёки туҳмат?” номли мақоласи эълон қилинди. Туҳмат қандай бўлади? Айниқса, у самимий бўлса?! Чоп этилмаган мақола муаллифи Алижон АБДУРАҲМОНОВ бу саволга жавоб излаб Наргиза Сафаровага ёзган очиқ хати “Маданият” газетасида чоп этилди.

Раддияни тўлиқ қуйида ўқинг.

САМИМИЙ ТУҲМАТ ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?

Ёхуд чоп этилмаган мақола ҳақидаги мақола муаллифи

Наргиза Сафаровага очиқ хат

Ҳурматли Наргизахон!

Маданият вазирлиги ҳамда “Дилшод медиа” масъулияти чекланган жамияти ҳаммуассислигида чоп этилаётган “Маданият” газетасининг шу йилги 4-сонида эълон қилинган “Танқидми ёки туҳмат?” номли мақолангизни ўқидим.

У “Маълумки, 2018 йилнинг 12 декабрида “Ishonch” газетасининг Жиззах вилояти бўйича мухбири Алижон Абдураҳмоновнинг “Уялтирмасдан уялтираётган ёхуд айбсиз айбдорларнинг саводи ва ишга муносабати ҳақида” номли мақоласи чоп этилган эди” деб бошланади.

Дарвоқе, Жиззах шаҳридаги Шароф Рашидов ёдгорлик музейи, Ҳамид Олимжон ва Зулфия музейларида кузатилган камчиликлар, ҳолатлар, имловий ва услубий хатолар ҳақида  “Уялмасдан уялтираётган “индамаслар” ёхуд “айбсиз айбдорлар”нинг саводи ва ишга муносабати ҳақида” сарлавҳали мақола ёзганим рост. Бироқ у газетада чоп этилмаган. Мақолани таҳририят 2018 йил 12 декабрда 219-рақамли хат билан Маданият вазирлиги ва Жиззах вилояти ҳокимлигига муносабат билдириш учун жўнатган. Унга асосан, вазирлик Жиззах шаҳридаги музейларга икки нафар мутахассисни хизмат сафарига юборган. Улар текшириш асносида музей ходимларига ўзларининг керакли тавсия ва маслаҳатларини беришган. “Танқидми ёки туҳмат?” номли мақолангизда “барча хато ва камчиликлар бартараф этилмоқда” дегансиз ва бажарилаётган ишларни санаб ўтгансиз. Шунингдек, “Текширувлар ва кузатувлар натижасида музей атрофи ҳеч қандай чиқиндилар билан тўлиб тошмагани, у ерда бундай ҳолатга шароит ҳам йўқлигини кўриб, тўғриси, ажабландик”, деган иддаони ҳам қайд этгансиз.

Эҳтимол, чиқиндилар ҳозир йиғиштирилган бўлиши мумкин, лекин ўша куни улар бор эди.

Жорий йилнинг 5 январъ куни Маданият вазирлиги таҳририятга 01-12-10-38-сонли жавоб хати жўнатган. Унда сиз мақолада “санаб ўтган” бажарилган ишлар юзасидан маълумотлар берилган. Жавоб хатида кўрсатилган маълумотлар билан танишиш мақсадида, таҳририят топшириғи билан яна музейда бўлдим. Музей директори Садоқат Исмоилова ва ходимлар билан музейларни бирга айландик. Директор ва ходимларга янгиланган, тузатилган ёрлиқларни кўрсатиб, “Буларда ҳалиям хато бор, топинглар-чи?” деганимда, қанчалар мулзам бўлганини билсангиз эди…

Наргизахон, халқимизда, “Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир” деган нақл бор. Сиз билан телефонда боғланиб, ўзимни таништирганимдан сўнг “Э, у мақола самимий ёзилган-ку…” дедингиз ва “хулоса” фақат чиқиндиларга тегишли эканини таъкидладингиз. Бироқ мен “самимий” туҳмат қанақа бўлишини барибир тушунмадим. Шу боис, сизга очиқ хат ёзишга қарор қилдим.

Алижон АБДУРАҲМОНОВ,

“Ishonch” мухбири

2019 йил 14 февраль, 7-сон

“Маданият” газетаси

Бошқа хабарлар