“СЎНГГИ ҲУКМ”:

274


“Сиз бизнинг ошхонамизни текшириш ваколатига эга эмассиз!”

Бугунги ўқувчи эртага етук мутахассис, эл дардини елкасига оладиган фидойи, келажагимиз эгаси. Айнан шунинг учун ҳам мактабларда уларнинг таълим олишига алоҳида эътибор қаратиляпти. Хўш, шу ўринда айтиш жоизки, креатив фикрлаётган, бир қатор тилларда бурро-бурро сўзлаётган ўқувчилар қандай озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишяпти? Мактабларда шароит етарлими? Наталья БЕСЕДИНА Жиззах шаҳридаги бир нечта мактабда бўлиб бу борадаги асл ҳолатни “Jizzax haqiqati” газетасида ёритган.

Мақолани тўлиқ қуйида ўқинг.

МАКТАБ ОШХОНАЛАРИ ТАЛАБГА ЖАВОБ БЕРАДИМИ?

Маълумки, ўқувчининг янги билимларни ўзлаштириши, жисмоний фаоллиги овқатланиш билан узвий боғлиқ. Ўқишга иштиёқ, қувват соғлом тановул орқали тўпланади. Куннинг катта қисмини мактабда ўтказувчи ўқувчиларнинг таомланишга эҳтиёжи туғилиши табиий. Ахир, оч қоринга дарс қулоққа кирармиди? Бунинг учун узоққа эмас, шундоққина мактаб ошхонасига кириб қўя қоладиган болаларга қандай таомлар таклиф этилаяпти? Биз бу саволга жавоб излаб Жиззах шаҳридаги бир нечта мактабда бўлдик.

“Иттифоқ” маҳалласи ҳудудида жойлашган 17-сонли мактаб директори нима мақсадда келганимни билгач, табиийки, чиройи очилмади. Шу заҳотиёқ менинг мактаб ошхонасини текширишга ҳуқуқим йўқлиги, бунинг учун махсус рухсатнома кераклигини билдирди. Рухсатномани қаердан олишим кераклиги хусусида эса аниқ гап айтолмади. Мен яна бир бор журналист эканлигим, мақсадим мактабларда ошхоналар фаолияти қандай ташкил этилгани билан танишиш эканлигини билдиргач, директор ва хўжалик ишлари мудири ҳамроҳлигида мактаб ошхонасига кирдик. Бу ерда паловнинг ёқимли ҳиди димоққа урарди. Кострюлда пирожки учун мўлжалланган оширилган хамир, яна бир идишда эса хотдог учун сабзи салати тайёрлаб қўйилган. Пештахтада хилма-хил қандолат маҳсулотла-ри, маккажўхори қаламчалари, кириешки, чипс мактаб ўқув-қуроллари билан ёнма-ён териб қўйилган….

— Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлигининг 0288-10 сонли йўриқномасига биноан, ўқув масканларининг ошхоналарида қуйидаги маҳсулотларнинг бўлишига, улардан таом тайёрланишига йўл қўйилмайди: гамбургер, чизбургер, хотдог, сосиска, колбаса (уларнинг булочкага қўшиб пиширилиши ҳам шу жумладан), чипс, ки-риешки, газланган ичимликлар, уй шароитида тайёрланган ҳар қандай қандолат маҳсулоти, ёғда пиширилган ун маҳсулотлари (бир марта қиздирилган ёғни қайта ишлатиш зарарлиги учун) ўткир соуслар, кетчуп, майонез, консерва маҳсулотлари, маринадланган сабзавот ва мевалар, кофе, энергетик ичимликлар, сақич ва бошқалар, — дейди Жиззах шаҳар ДСЭНМ болалар ва ўсмирлар гигиенаси бўлимининг санитар врачи ёрдамчиси Шуҳрат НУМОНОВ.

Мутахассис шунингдек, Ўзбекистон давлат бош санитар врачининг 2010 йил 18 сентябрдаги қарори билан мактаб директори ва ҳамширасига мактаб ошхонасида фаолият юритувчи ижарачиларнинг фаолиятини назорат қилиш ваколати ҳамда жавобгарлик юкланганини билдирди.

Билишимча, умумтаълим мактабларининг барча раҳбарлари ҳам мазкур қоида ва меъёрлардан хабардор эмас. Бунга ўрганиш давомида амин бўлдим.

Жумладан, 25-сонли мактаб директори Ўғилой Хидирова гувоҳномамни кўриб, нима мақсадда келганимни билгач, қўл телефонидан кимларгадир телефон қилишга тушди. Узоқ кутишга тўғри келди. Ниҳоят “сўнгги ҳукм” ўқилди: “Сиз бизнинг ошхонамизни текшириш ваколатига эга эмассиз!”.

Савол туғилади: директор вилоят газетаси мухбирини нима учун мактаб ошхонасига қўймади? У нимани яширмоқчи бўлди? Ошхонанинг талабга жавоб бермаслигини ўзи ҳам билармикан? Нима бўлганда ҳам, халқнинг фарзандлари таълим олаётган давлат муас-сасасида журналистнинг маълумот олишини чеклаш нотўғри.

Кейинги манзил “Сайилжойи” маҳалласидаги 9-сонли мактаб бўлди. Мени ортиқча саволларсиз кутиб олишди ва ошхонага йўналдик. Бу ерда таом тайёрланмас, пирожки, хот-дог сотилаётган экан. Биргина ижобий жиҳат — газли ичимликлар эмас, саноат маҳсулоти бўлган мева шарбатларининг сотилаётганидир. Буфет эгаси Дилдора Собирова менинг саволимга шундай жавоб берди: “Хотдог сотиш мумкин эмаслигини биламан, лекин болалар уни жуда яхши кўришади-да”.

3-сонли умумтаълим мактаби ошхонасида ҳам шу аҳвол экан. Пештахтада чипс, пирожки, хотдог, сақич, кириешки….

16-сонли умумтаълим мактабидаги ошхона фаолиятидан қониқиш ҳосил қилиш мумкин. Деворда натюрморт, табиат пейзажи тасвирланган суратлар илинган, овқат узатиш дарчаси тепасига “Нонни увол қилманг!”, “Ёқимли иштаҳа” ёзувлари илинган. Тозалик ва шинамлик ҳар қадамда билиниб турибди. Дарча ёнига ёпиштириб қўйилган кунлик меню билан танишиб, биринчи ва иккинчи таомга нима тайёрланганини осонгина билиш мумкин. Ширинликлар усти дока билан ёпиб қўйилган.

Мана, имкон қадар шаҳримиздаги мактаб ошхоналарининг фаолияти ҳақида маълумот тўпладик. Хулоса ўзингиздан. Боласини мактабга жўнатаётиб, овқатланиб олиши учун чўнтагига пул солиб қўяётган ота-онанинг вазифаси шу билан тугайди. Улар мактаб ошхонасида пазанда, ҳалол ошпазлар ишлашига, бола саломатлигига зарар етказмайдиган сархил егуликлар тайёрлашига, мактаб раҳбарининг ошхона фаолиятини қатъий назорат қилишига ишонадилар. Аслида-чи? …

Наталья БЕСЕДИНА

2019 йил 23 февраль, 17-сон

“Jizzax haqiqati” газетаси

Бошқа хабарлар