Жаҳон кинобозорига йўл

258

«Ўзбеккино» Миллий агентлигининг «Респуб­лика кинопрокат маркази» 14 майдан 25 майгача бўлиб ўтаётган 72-Халқаро Канн кинофестивали доирасида очилган «Marche du Film» кинобозорига 50 та турли жанр ва йўналишлардаги бадиий, ҳужжатли ва анимацион фильмларни тақдим этмоқда.

Булар ичида «Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий», «Исломхўжа», «Берлин-Оққўрғон», «Иссиқ нон», «Элпарвар», «Тинчлик ортида», «Сарвқомат дилбарим», «Ҳаёт», «Барон» каби фильмлар бор. «Республика кино прокат маркази» стенди ер юзининг турли бурчакларидан келган кино дистрибьюторлари, продюсерлар ҳамда тадбиркорлар билан гавжум.
Юртимиз киносининг истиқболи учун манфаатли бўлган музокаралар ўтказилиб, қатор ҳамкорлик шартномалари имзоланмоқда. Америка, Ҳиндистон, Германия, Корея каби давлатлар кинотадбиркорлари билан тузилган шартномалар шулар жумласидандир.
Мўғулистоннинг «Дижител Контент» фирмаси Марказий Осиё бўйлаб ўзбек фильмларининг дистрибьюциясини ўз зиммасига олган. Фирма Канн кинобозорида ташкил қилган стендини ўзбек фильмларининг постерлари билан безаган, тақдим этаётган фильмлар каталогида ўзбек киноси маҳсулотлари учун алоҳида саҳифалар ажратган.
«Marche du Film» кинобозори давом этмоқда. Унда ўзбек киноси жаҳон кино экранлари сари бир қадам ташлади.

Шоира РАУФБОЕВА,
«Республика кинопрокат маркази»
жамоатчилик ва ОАВ билан ишлаш бўлими бошлиғи

Бошқа хабарлар