Афсонавий майя ўлкаси
Ҳозир қалин чакалакзорлар бағрига сингиб кетган бу гўшани туб аҳоли қачон ва не сабабдан тарк этганди?
Нигоҳи кўкка қадалган ҳайкаллар
Майялар (уларни ахкехлар ёки юкатеклар деб ҳам аташади) – Лотин Америкасида яшовчи индейс халқи. Авлодлари жануби-шарқий Мексика, Гондурас, Гватемала ҳудудларида мавжуд бўлган энг қадимги Америка маданиятини яратганлар сирасига киради.
Ривоятларга қараганда, узоқ ўтмишда яшаган йўлбарсимон махлуқ – Қоплон инсон наслидан бўлмиш гўзал қизга уйланади. Бу ғайритабиий никоҳдан юксак салоҳиятли ярим илоҳий фарзандлар туғилади. Улар ўсиб-улғайиб, камолотга етгач, фалакиёт, риёзиёт ва тиббиёт фанларини жадал ривожлантирадилар. Эрамиздан аввалги III асрда эса ўзларининг бир сўз, бўғин ёки товушни ифодаловчи шартли белгиларга асосланган иероглиф ёзувини кашф этадилар. Мукаммал Қуёш тақвимини яратиб, ундан деҳқончилик ишларини юритишда, диний маросимлар саналарини белгилашда, юлдузлар ҳаракатини, сайёраларнинг қуёш атрофида айланиш вақтини ҳисоблашда, офтоб ва ой қачон тутилишини олдиндан башорат қилишда фойдаланадилар.
Шунинг баробарида улар меъморчилик ва бунёдкорлик масалаларига катта масъулият билан ёндашганлар. Натижада тошлардан ҳамда вулқонлар отилиши асноси ҳосил бўлган қорамтир-бўзранг, шаффоф шишасимон базальтдан юлдузлар туркумига монанд обод-кўркам шаҳарлар барпо этилган. Йўлларга тарошланган тошлар ётқизилган. Ўзига хос мураккаб меъморий ечимга эга биноларнинг деразаси бўлмаган, уларга ёруғлик дарвозалар тирқишидан тушиб турган. Деворлари эса бўртма нақш, сурат ва маъбудалар ҳайкаллари билан безатилган.
Моҳир усталар қўлида сайқал топган ҳайкалларда кўпинча майялар аждоди – Қоплоннинг сиймоси акс эттирилган. Бундай ёдгорликлар мамлакат пойтахти ла-Ванта шаҳрида деярли ҳар қадамда учраган. Қимматбаҳо тошлар воситасида ўта нозик дид билан жило берилгани боис улар сутдек ойдин кечаларда тирик одамдек кўринган.
Кишини, айниқса, Қоплоннинг боши тасвирланган тўртта улкан обида беҳад ҳайратга солади. Яна бир муҳим жиҳати, улардан учтасининг нигоҳи самога қадалган. Бошларига эса ҳозирги фазогирлар шлёмига ўхшаш товуш ва сув ўтказмайдиган қалпоқ кийдирилган.
Олти қиррали базальт устунлардан тикланган деворлар иккинчи ажойибот ҳисобланади. Турли тасвир-белгилар туширилган устунлардан ҳар бирининг вазни икки тоннага яқин бўлган.
Ғойиб бўлган Кукульканга эътиқод
Майя аҳли Қоплондан ташқари, қанотли аждаҳога ҳам эътиқод қўйиб, уни илоҳийлаштирган. Бу бежиз эмас, албатта. Нақл қилинишича, Чичен-Ица шаҳрига жанубдан улкан Кукулькан учиб келган. У беқиёс фазилатлар ва куч-қудрат соҳиби бўлган. Масалан, заррача қийналмай тошдан ҳаво тўрлари тўқиган ва шамолни банди этиб, ўз измига бўйсундирган. Ёки катта маҳорат билан қуш қанотларига ўхшаш ажабтовур қайиқ ясаган. Сўнгра унга ўтириб, сувда сайр қилган. Иттифоқо, қаттиқ шамол қўзғалгану у кўкка кўтарилиб, бадар кетган.
Ҳа, айтганча, Кукулькан “қанотли илон” маъносини билдирган ҳамда яхшилик ва ёвузликни англатган. Майялар уни олов, ер, ҳаво ва сув каби бебаҳо неъматлар худосига менгзашган. Бу унсурларнинг ҳар бирини илоҳийлаштирилган қайсидир ҳайвон ёки ўсимликка қиёслашган. Чунончи, ҳавони бургут, ерни маккажўхори, оловни калтакесак, сувни балиқ рамзига айлантиришган.
Майяларнинг кейинги авлодлари Кукульканни Зуҳра сайёраси, ёмғир ва шамол маъбудаси, бир қатор шоҳлар сулоласи ва йирик шаҳарлар асосчиси сифатида улуғлашган. Уни боши одамникига ўхшаш илон кўринишида тасвирлашган.
Туб аҳоли тўқиган асотирларга қараганда, бу дунё икки тангри – Кукулькан ва Хуракон томонидан яратилган. Жамики табиий кучлар, ер ости бойликлари, ғорлар, зилзилалар, вулқонлар, олов, совуқ ҳаво, муз, зулмат, осмон ва юлдузлар Хуракон тасарруфида бўлган. Шунингдек, у мардлик тимсоли саналган. Ёш жангчилар маҳоратини синаб кўриш учун кечаси ягуар қиёфасига кириб, уларни жангга чорлаган.
Орадан кўп ўтмай, ўлкада Кукулькан шарафига меъморий жиҳатдан ўта серҳашам Панелка шаҳрини барпо этиш ишлари бошлаб юборилади. Шаҳар марказида поғонама-поғона юқорига кўтарилувчи тўрт эҳромли ва расадхонали сарой қад ростлайди. Коҳинлар унинг тепасида туриб, самовий жисмлар ҳаракатини кузатишга киришадилар.
Юкатан ярим оролида эса Цибильчатун шаҳри чирой очган. У ҳудуддаги бошқа шаҳарларга нисбатан каттароқ майдонни эгаллаган. Афсуски, кейинчалик ярим оролга ҳам бало-қазо ёпирилади. Ундаги гуллаб-яшнаган гўшалар ногоҳоний кучли пўртана туфайли кунпаякун бўлади.
Ҳайратомуз қурилишлар
Қадимги майялар баланд чўққиларни забт этишган. Тоғлар бағрида қудуқлар қазишган. Бу обиҳаёт манбаларидан баъзиларининг чуқурлиги 60 метргача етган. Қоялардан биридаги тош супачага кузатув дурбини жойлаштирилган. Унинг фокуси ўртасига кўзгу ўрнатилган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Чангалзорларни узунлиги бир неча ўн чақиримлик талай йўллар кесиб ўтган. Аксариятининг эни 20 метрдан ошган, устига эса шишасимон тахтачалар ётқизилган.
Майялар қурилиш ишларида асқатган яхлит базальтларни 100 километрча наридан, бир вақтлар ўт-олов янглиғ отилиб чиққан, сўнгра тош қотган Синтепеко вулқонининг қоқ марказидан ташиб келтиришган. Бу бинокорлик ашёларининг ҳар бири 40 тоннагача оғирликда бўлган. Ҳали не-не қабила ва элатлар ибтидоий жамоа тузумида яшаётган шароитда маҳаллий усталар шундай йирик ва вазмин базальтларни олис-олислардан нималар ёрдамида ва қай йўсинда олиб келишгани, бу қадар мустаҳкам иншоотларни мураккаб техникалар ва махсус темир-бетон қурилмаларсиз қандай тиклашгани аҳли башарга ҳамон мавҳумлигича қолмоқда.
Бугунги кунда қадимий юрт харобаларини самолётдан кузатсангиз, ғалати манзаранинг шоҳиди бўласиз. Бир қарасангиз, у ғоят баҳайбат калтакесакка ўхшаб кўринади, бошқа сафар саккиз оёқли денгиз жониворини ёхуд қанотларини ёйиб, парвозга чоғланаётган баҳайбат қушни эслатади. Базальт қопламали узун ва ўқдек тўғри йўллар шаҳарларни бир-бирига чамбарчас боғловчи занжир вазифасини ўтайди. Айримлари қалин чакалаклар исканжасида қолиб кетгани туфайли кўзга кўринмайди.
Майя подшолигига яқин ҳудуддаги Наска водийси ҳақида ҳам шундай фикрлар билдириш мумкин. Фақат битта фарқи шундаки, у Майя сингари чангалзорлар ўртасида жойлашмаган.
Шомонларнинг уқтиришларича, майялар қандайдир усулларни қўллаб коинотдан катта куч-қувват олишган. Инчунин, тошларни бамисоли ҳалимдай юмшатиб, ўзлари хоҳлаган шаклга ва ҳажмга келтиришган. Ва яна, улкан ва яхлит базальтларни сезилмайдиган қилиб, бир-бирига улашнинг уддасидан чиқишган.
Майя ўлкаси шаҳарлари лойиҳалари, афтидан, инсон ақл-заковатининг маҳсули эмас. Уларнинг тарҳини осмони фалакни макон тутган илоҳий кучлар тайёрлаб, мукаммал ҳолатга келтиришган. Сўнгра замин фарзандларига тортиқ қилишган.
Яна бир гап. Ҳозирги ҳиндулар аждодлари сингари ҳашаматли иморатлар қурмайдилар, билъакс, оддий кулбаларда тиқилиб яшайдилар, фақирона ҳаёт кечирадилар. Асосан деҳқончилик билан шуғулланадилар. Маккажўхори унидан тайёрланган нон ва нон маҳсулотларини тановул қиладилар. Овга ибтидоий қуроллар – ўқ-ёй билан борадилар. Ўзлари учун сирли туюлган 13 рақамига ихлос қўядилар. Энг муҳими, улар ҳам муқаддас Қоплонга сидқидилдан сиғинадилар ва бир кунмас-бир кун у ерга қайтишига ишонадилар.
Йиллар ўтаверади, сирлар очилаверади...
Сўнгги маълумотларга қараганда, майя тамаддуни ҳозирги Мексика, Гватемала ва Гондурас мамлакатлари ҳудудида тахминан 3500 йил давом этган. Геологлар лазерли радарлар ёрдамида ўтказган тадқиқотлар жараёнида биргина Гватемала шимоли-шарқидаги икки минг квадрат километрлик жойдан ўша даврларга тааллуқли, бироқ шу пайтгача жунглилар бағрида яшириниб ётган 60 мингдан ортиқ иншоот излари аниқланди. Беҳисоб суғориш каналлари, йўллар, қалъа ва ибодатхоналар муқаддам бу ҳудудда ўнлаб йирик шаҳарлар мавжуд бўлганидан далолат беради.
Тадқиқотчилар хулосасига биноан, майялар қўним топган Куэйо, Ламанай, Кахал Печ, Копан сингари дастлабки гўшалар эрамиздан аввалги 2500-2000 йилларда пайдо бўлган. Бундан 25-30 аср муқаддам майяларга ольмек, аниқроғи, ҳозирги Мексиканинг Веракрус ва Таваско штатлари ҳудудида яшаган номаълум ҳинду халқининг маданияти кучли таъсир кўрсатган. Ўша кезлар Теотиуакан шаҳри Марказий Американинг маданий-маърифий, диний ва савдо-сотиқ маркази мақомини олади. Милодий 500-йилда унинг ўрнини Тикал шаҳри эгаллайди. VII асрдан эътиборан Юкатан ярим оролида майя маданияти гуллаб-яшнаб, шаҳар-давлатлар ташкил топади. VIII асрда майя аҳолиси сони 15 миллиондан ошади. Аммо орадан 200 йилча ўтгач, улар қурган шаҳарларнинг катта қисми тольтеклар бошчилигидаги индейс қабилалари истилоси оқибатида завол топади. Боз устига, ўша кезлар туб аҳоли негадир ўз масканларини бирин-сирин тарк эта бошлайди. Х аср ўрталарига келганда у ерларда умуман одам қолмайди.
Бу ҳолатнинг асл сабаби ҳалигача номаълум. Айрим олимлар уни иқлим ўзгариши, зилзилалар кўпайиши, ҳосилдорлик пасайиши ва босқинчилар зуғуми кучайиши билан боғлашади, лекин аниқ илмий далиллар келтиришмайди. Майяларнинг ўрта асрлардаги ҳаёти, анъаналари ва урф-одатлари, давлатчилик тузумига тааллуқли маълумотлар эса жуда кам. Ўша даврни тошбитиклардаги, деворий сурат ва чинни идишлардаги ёзувлар, испан истилочилари ҳамда насронийлик динини тарғиб қилган руҳонийлар ҳисоботлари орқалигина ўрганиш мумкин.
Умуман олганда, ўтган асрнинг 80-йилларига қадар майялар маданиятига оид мингга яқин шаҳар, уч мингдан зиёд қишлоқ харобалари топилди. Уларнинг аксарияти умумжаҳон меросининг ноёб намунаси сифатида ЮНЕСКО рўйхатига киритилди. Қолаверса, ҳозиргача майя алифбоси шартли белгиларидан 800 тасининг ёки салкам етмиш беш фоизининг маъноси ойдинлаштирилиб, ушбу ёзувдаги талай тошбитиклар, 7 мингга яқин махсус усулда тайёрланган қўлёзмалар аниқланди. Милодий I асрга мансуб энг машҳур 4 та ёдгорлик эса Дрезден, Париж, Мадрид ва Нью-Йорк шаҳарларида сақланмоқда.
Афсонавий майя ўлкаси тарихини ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Абдунаби ҲАЙДАРОВ
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0