Иш кунини қисқартириш бўйича судлашган ходим масаласида “Ўзбектелеком” АК муносабат билдирди
Ижтимоий тармоқлардан келиб тушаётган мурожаатлар бўйича “Ўзбектелеком” АК Ахборот хизмати томонидан доимий ўрганишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, яқинда телеграм каналларда “UZTELEKOM 3 ёшдан кичик фарзанди ва ногиронлиги бўлган онаси бор ходим билан судлашмоқда” сарлавҳали видеохабар тарқалди.
Яъни, “Ўзбектелеком” АК Марказий филиали Мамаева Элвира Игоревнанинг 2025 йил 30 июндаги аризаси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 204, 397, 407-моддалари ҳамда "Ўзбектелеком" АКнинг ягона жамоа шартномасининг 13.3.4, 13.4.8-бандларига мувофиқ, ходимнинг ижтимоий ҳолати, шу жумладан, 2 нафар вояга етмаган (шундан бир нафари 2 ёшга тўлмаган) фарзандлари борлигини инобатга олиб, Филиалнинг 2025 йилнинг 1-июлидаги буйруғи асосида қисқартирилган иш вақти белгиланиб, қўшимча равишда 2 ёшга тўлмаган фарзандини овқатлантириш учун 30 дақиқалик қўшимча 2 та танаффус берилган.
Филиал Касаба уюшмаси қўмитасининг 2025 йил 22 июлдаги Қўмита аъзолари ҳамда бевосита ходимнинг иштирокида ўтказилган йиғилишда Филиалнинг 2025 йил 1 июлдаги буйруғи билан ходимга иш берувчи томонидан белгиланган иш режими муҳокама қилиниб, тегишли тушунтиришлар берилган. Бироқ, ходим Филиалнинг 2025 йил 1 июлдаги буйруғи билан келишмасдан, Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари федерациясига шикоят қилган ва 2025 йил 6 август куни Федерация томонидан Э.Мамаеванинг манфаатларида фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судига даъво ариза берилган. Ушбу даъво аризада қуйидагилар сўралган:
— Филиалнинг 2025 йил 1 июлдаги буйруғини бекор қилиш;
— “Ўзбектелеком” АК зиммасига Э.Мамаеванинг фарзанди 2 ёшга тўлгунига қадар тўлиқсиз иш вақтини белгилаш мажбуриятини юклаш;
— “Ўзбектелеком” АКдан маънавий зарар ундириш.
Мазкур даъво бўйича август ва сентябр ойларида суд мажлислари ўтказилганлигини қайд этиб, суднинг 2025 йил 16 сентябрдаги ҳал қилув қарорига асосан Э.Мамаеванинг манфаатларида киритган даъво талабларини қаноатлантириш рад этилганлигини маълум қиламиз.
Шундан сўнг, 2025 йил 17 октябрда Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари Федерацияси ва ходим томонидан юқоридаги суд қарори устидан апелляция шикояти берилган. Шикоят бўйича Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан 2025 йил 7 ноябрь кунида биринчи суд мажлиси ўтказилган (жами 3 та суд мажлиси ўтказилган).
Жорий йилнинг 3 декабридаги суд мажлиси якуни бўйича судлов ҳайъатининг қарорига кўра, даъвогарлар Ўзбекистон Республикаси касаба уюшмалари Федерацияси ва Э.Мамаеванинг апелляция шикоятларини қаноатлантириш рад этилди.
Таъкидлаш жоизки, барча суд мажлисларида (биринчи ва апелляция инстансияларида) Компания вакиллари суд томонидан белгиланган тартиб ва вақтда иштирок этишганлигини, шунингдек, даъвогарнинг вакиллари ҳамда бевосита Э.Мамаеванинг ўзи ҳам иштирок этганлигига эътибор берилиши лозим деб ҳисоблаймиз.
Бугунги кунда, Э.Мамаева Филиалнинг 2025 йил 1 июлдаги буйруғида белгиланган қисқартирилган иш вақти режимига мутлақо риоя қилмасдан келмоқда. У бир неча бор берилган огоҳлантиришларга парво қилмай, шунингдек, Филиал Касаба уюшмаси қўмитасининг йиғилишида берилган тушунтиришларга ҳам беписанд муносабатда бўлиб келмоқда. Шунга кўра, Э.Мамаевага нисбатан жорий йилнинг 1 август ва кейинчалик такрорий хатти-ҳаракатлари учун 10 ноябрда интизомий жазо чораси қўлланилган.
Алоҳида қайд этиш лозимки, иш фаолияти давомида Э.Мамаевага Филиал томонидан қулай иш шароитлари яратилган, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент Ахборот Технологиялари Университетида олий таълим олишига шароит яратилиб, компания тавсияномаси асосида у ўқишга қабул қилинган. Ҳозирда 3-босқич талабаси. Бундан ташқари, истисно тариқасида 3 йил давомида унинг контракт тўлови филиал ҳисобидан тўлаб берилмоқда.
“Ўзбектелеком” АК матбуот хизмати




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0