МУВАФФАҚИЯТ ДЕГАНИ – МАҲРУМИЯТ…МИ?

558


Филология фанлари доктори, куюнчак устоз, тенгсиз ижодкор Иброҳим Ҳаққул хислатларининг санаб адоғига етиш мушкул. Уни санъатнинг чинакам ҳимоячиси сифатида эътироф этиш мумкин. Олимнинг сермаҳсул ижодида ўз аксини топган чуқур мушоҳадага ундовчи мулоҳазаларини ўқиган борки, тафаккур қилади. Ҳаётдан, яшашдан асл мақсадни англайди…

Шундай фикрларни қуйида ўқийсиз.

 

Иброҳим ҲАҚҚУЛ: “ЎҚИМАСАМ, ЎЛИБ ҚОЛАМАН!”

Беназир ижодкор, фидойи устоз, чинакам санъат муҳофизи…

Бундай сўзгар нисбатларни ҳеч иккиланмасдан учга-тўртга кўпайтирсангиз ҳам, Иброҳим Ҳаққул ҳақидаги муносабатингиз камтардек туюлаверади.

Серғайрат олим, филология фанлари доктори Иброҳим Ҳаққулнинг ижод йўлига назар ташлар экансиз, турли суронли даврлар, фарахбахш онлар ва машаққатли изланишлар – бари-барисида ички бир юксак феномен барқ уриб туради. Қатъий, ўткир, куюнчак, жонфидоликка йўғрилган самимий ва аччиқ мулоҳазалари эса шу қадар тиниқлик ифода этадики, улар йиллар сайин тобора маънавий қувватга кира бормоқда.

Биз муштарийларимизнинг севимли рукнида бу гал ижодкорнинг ана шу руҳдаги изланишлари ҳосиласи, адабий-бадиий тадқиқи ўлароқ унган сара фикрларининг айримларини қисқа сатрларда эътиборингизга ҳавола қилмоқни лозим топдик.

***

Ёзувчининг таянадиган тоғи, ишонадиган боғи уни сўзлашга, ўйлаш ва дунёни англашга ўргатган она тилидир. Миллий тилининг гўзаллигини идрок қилолмаган ижодкор бошқа ҳеч бир гўзалликни теран идрок этолмайди. Нафосат туйғуси – тил туйғусидан бошланади. Она тилининг табиатини яхши билган киши ўз миллатининг табиати, миллий завқини ҳам яхши англайди. Тилнинг руҳи – халқнинг руҳи экани буюк боболаримиз томонидан бежиз таъкидланмаган. Ижодкорни саёз фикрлаш, бачкана ҳис-туйғуларни қоғозга кўчиришдан энг аввало тил муҳофаза қилади. Тилга жавобгарлик – сўз, тасвир, услубга жавобгарлик демак. Бир маънода истеъдод – сўзга жон бағишлаш, ўлик сўзни ҳам тирилтиришдир. Истеъдодсизлик эса бунинг акси – ҳатто тирик сўзни ҳам ўлдириш.

***

Миллат фаровонлиги, давлат равнақини таъминлайдиган икки буюк куч ва асос мавжуд: бири – шахсияти бутун ҳукмдор, иккинчиси – маъмурлик манбаи бўлмиш иқтисод. Ҳукмдор иродали, серғайрат бўлмаса, иқтисод ўнгланмайди. Иқтисоди ночор мамлакатда ҳеч бир соҳа, илм-фан, маданият ва санъат ҳам тараққий топмайди.

***

Жадидларнинг бир қаноти публицис­тика, бир қаноти сиёсат эди, адабиёт эса восита бўлган.

***

Маълумки, илм-фан, маърифат нури сўнган мамлакатда чин зиёли эмас, балки чала зиёли ёки зиёлинамолар кўпа­йиб кетади. Улуғ шоиримиз Чўлпон уларни зиёли эмас, зиёнлилар деб атаган. “Бизда бир хил кишилар бор, – деган эди Абдулла Қодирий, – яъни зиёлинамолар. Ўзлари амалда бир пуллик иш қилмайдилар, аммо оғизда кўча саситиб, ҳасратланиб” юрадилар. Ўз шахсий роҳатини кўзлаб, қайғусиз, ғоясиз кун кечирувчи ночор, ношуд ва ўлгудай қўрқоқ зиёлинамо кишилар барча замонларда ҳам миллат манфаатини фақат оғизда ҳимоя қилган, холос.

***

Ҳаётдан адабиётга, адабиётдан ҳаётга бориш айни бир йўл эмас. Адабиётнинг бош вазифаси ва туб моҳиятини чуқур тушунмай ҳаётдан баҳс юритадиган ижодкорлар бўлганидек, ҳаётнинг асосий талаби ва боқий ҳақиқатларини теран англамай туриб адабиётга хизмат қилишни кўзлаган қалам соҳиблари ҳам кўп учрайди. Истеъдод фақат адабиётда синалмайди, уни ҳаёт ҳам синовдан ўтказади. Аслида, ижодкор куч-қуввати, шижоати ва маҳоратини намойиш айлайдиган чинакам синов шу. Инсон тақдирини ҳаёт кўзгусида, ҳаётни инсон қисмати орқали акс эттиришни эплаган ҳар бир санъаткор буни албатта ўйлайди.

***

Адабиёт тақдири юрт ва миллат тақдири билан узвий боғлиқ. Миллат руҳи бутун мураккаблиги ва зиддиятлари билан аввало адабиётда акс этмоғи лозим. Миллатнинг қалб дардларига ҳам дастлаб адабиёт малҳам топади. Чунки халқнинг яшаш завқи сусайса – ғайрати сусаяди. Маънавий-руҳий ғайрат пасайса – фикр ва ташаббус тўхтайди. Бунга биринчи навбатда адабиёт масъул. 

***

Ер юзида тараққиётнинг улкан ютуғи сифатида давлат пайдо бўлганидан буён илм ва ижод аҳли уни бошқаришда фаол иштирок этган. Ҳозир ҳам шундай. Умуман олганда, бунинг ёмон томони йўқ. Ёмон бўлса, нафс ва таъмани истеъдоди, эрки ва ижодидан афзал билган олим ёки ижодкорга ёмондир. Виждонга хилоф йўллардан юрмаса, адабиёт, санъат, илм-фан ривожига хизмат қилса, мабодо ўзи ёзишдан тўхтаса ҳам бошқаларнинг йўлини тўсмаса – нимага амалдан қочиш, мартабадан кечиш керак? Афсуски, адабиёт билан мансабнинг “бошини қовуштириш”, икки жабҳада бир зайлда илгарилаш ҳам осон эмас.

Бир мисол. ХIХ асрда яшаб ўтган Толс­той фамилияли яна бир рус адиби бор. У киборлар муҳитидан чиққан. Бой-бадавлат бўлган. Алишер Навоий Ҳусайн Бойқаронинг болалик дўсти бўлганидек, Толстой ҳам рус подшоси Александр Иккинчининг ёшлик ўртоғи эди. Александр тахтга чиққанидан сўнг ҳам улар ўртасидаги дўстлик алоқалари узилмаган. Толстой ёш ҳукмдорнинг ҳамсуҳбати ва мулозими сифатида адабиёт вакилларининг фойдасини кўзлаб анча-мунча хайрли ишларни амалга оширган. Аммо у имконият танқислигини ҳар кун ва ҳар соатда сезиб турган. 1864 йили подшоҳ ундан адабиёт соҳасида бўлаётган ишлар, ижодкорларнинг аҳволи ҳақида сўраганда, у “Чернишевскийга ноҳақ жазо берилгани учун аза тутилаётир”, дейди. Александрнинг феъли бузилиб, “Билиб қўй, Толстой, бундан буён ҳеч қачон Чернишевский тўғрисида менга оғиз очмайсан!” дейди. Шўрлик адибнинг ихлоси қайтади ва бундай дейди: “Мен санъаткор бўлиб туғилганман, бироқ ҳозирги шарт-шароит ва менинг турмуш тарзим санъаткорлик илҳомига изн бермайди. …Ҳамма ёқдан хизмат, мансаб, вицмундир, раҳбарият ва шунга ўхшаш сўзлар эшитилиб турганда санъат учун нима ҳам қила олардингиз?”

***

Адабиётнинг иродаси, сабр-бардошига балли! Ахир, унда ҳам оталик, оналик туйғуси бор. Ҳар бир истеъдод – унинг нуридийдаси, умиди ва ишончи. Йўқотишлар, ажралишлар, янги-янги мусибат адабиётга қандай таъсир ўтказган, қалбини қандоқ эзган – бу ҳақда сўзлаш ҳам қийин.

***

Бу дунёда ҳар бир ютуқ ва муваффақият ўзича қурбон талаб қилади. Нимадандир кечилса, нимагадир эришилади. Ниманидир сақлаб қолсангиз, ниманидир бой берасиз. Хуллас, муваффақият дегани – маҳрумият, маҳрумият дегани – муваффақият бўлмоғи мумкин.

***

“Ватандош бўлмаса, ватан бўлмайди”, дейди Ибн Арабий. Демак, ҳар қандай ватаннинг тарихи, бугуни ва келажаги ватандошлик туйғусининг қандай шакллангани, нечоғлиқ куч-қудратга эга эканига боғлиқ. Ҳақиқий ватандош­ликдан доимо маслакдошлик туғилади. Бундай маслакдошлик эса ўзни англаш ва ўзига ишонишга, ҳеч нарсадан чўчимай, қўрқмай яшашга руҳлантиради. Ҳар қандай ўткинчи ҳислар, ғаразли муддао ва даъволар ватандош­лик туйғуси таъсирида жуда хунук ва паст, бағоят сўник кўринади. Чинакам ватандошлик туйғусигина кўнгилдан кўнгилга йўл очади, эл-юрт дардини виждон дардига, ҳуррият ишқини ҳаёт мазмунига айлантиради. Мана шунга эришилмаса, ватандошлик ҳисси қуруқ гап бўлиб қолаверади. Натижада авомлик, нодонлик ва сохтакорликлар авж олади.

***

Ўзини қайси дин, қайси мазҳабга мансуб билмасин ва ўзини ким деб ҳисобламасин, барибир авомнинг дини, мустаҳкам эътиқоди бўлмайди. У Худодан эмас, бошида қилич қайраб турган бандасидан қўрқади. Холиқни шарафлаб, махлуқнинг пойига бош эгади. Унинг қошу қабоғи ва ҳукмига қараб югуради, елади. Мамлакат бошига босқин офати, мазлумлик кулфатлари ёғилганда, номусу ор учун майдонга чиқиш зарурати юзага келганда нодон диндор ҳам, ғофил даҳрий ҳам адолатни эмас – зулмни, одилликни эмас – золимликни, ҳақиқатни эмас – ёлғон ва қаллобликни ёқлайди. Чор босқини замонларида ҳам худди шундай бўлган. Келгиндиларга юртимизнинг қўл-оёғини боғлаб беришда пешқадамлик қилганлар кимлар? Пешво бўлганлар ким? Фақат сиёсат арбоби ва амалдорларми?..

***

Улкан ёзувчи, агар ҳақиқатан ҳам санъаткор бўлса, майда ҳиссиётларга берилмайди. Бунга жаҳон адабиётидан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Мана, буюк рус адиби Лев Толстойни олайлик. Унинг бой-бадавлат киши бўлганини ҳамма билади. Лекин ёзувчининг атрофидаги қашшоқлик, камбағаллик унга беҳад ёмон таъсир ўтказган, унинг кўнглини эзиб, руҳини янчган. Эллик ёшларида Толстой онгида кутилмаган эврилиш содир бўлади: у ҳаётидан, қилаётган ижодий ишларидан қониқмай қолади. Атроф-муҳитни ақлга сиғмас кулфат, бахтсизлик қуршаб ётган бир замонда ўтириб олиб роман ёзиш – ғирт бемаънилик, деган қарорга келади. Ва бадиий ижодни вақтинча тўхтатиб, халқнинг оғир аҳволи ҳақида оташин публицистик мақолалар ёза бошлайди. Бу мақолалар жамиятдаги ижтимоий адолатсизликка нисбатан нафрат ва ғазаб ҳисси билан тўлиқ эди.

***

Истеъдодли ижодкор истеъдодсизлик билан асло чиқиша олмайди. Чунки ҳақиқий истеъдод – адабиётнинг сергак посбони. Адабиётни истеъдодсизлар хуружидан истеъдод соҳиблари муҳофаза этмаса, бошқа ҳеч ким ҳимоя қилолмайди.

***

У ёки бу воқеа-ҳодиса тасвирланганда, бир кун улар кўпроқ тарихий хотира “мулки” сифатида эсланишини ҳеч бир шоир ё ёзувчи ўйлаб ўтирмайди. Бироқ вақт замонга таъсири ва ҳукмини ўтказганидек, давр ва замон ҳам мозий сарҳадларидан ортда қолган нарсаларни олдинга қараб судрамайди. Бевосита, инсон ва миллат қисматига боғлиқ тарих эса, қай бир даражада бўлмасин, авлодларда қизиқиш уйғотади. Акс ҳолда ўтмиш билан келажак, аждодлар билан авлодлар орасидаги ахлоқий, маданий, маънавий алоқаларда узвийлик, вобасталик бўлмас, ҳар авлод ўзи билганича яшаб, боши адашиш ва таназзулдан чиқмасди.

***

Мен ўқимасам, ўлиб қоламан.

2019 йил 4 апрель, 13-сон

XXI Asr” газетаси

Бошқа хабарлар