TОSHKENT CITY

424

(Репо-Достон)

МУҚАДДИМА

Улуғ офтоб билан
келдик рўбарў,
Ҳур нур ила бирдек ташладик қадам.
Қучди оламий шон,
мартаба, обрў,
Олам аро Олам – Ватан муаззам!
Бугунги лаҳзалар
ўлчови чексиз,
Вақт ҳисоб-китобда адашгай ҳатто.
Уй-жой, иншоотлар,
йўллар мислсиз,
Ақл-у фан, тафаккур эрур раҳнамо!
Қайдаким озодлик ва
тинчлик – ҳикмат,
Қайда эркин меҳнат, устувор илҳом.
О, ўша жойдадир
инсоний қиммат,
О, ўша жойдадир иззат, эҳтиром!
Туғдона дарахтин
томири пайдор,
Метин қояларнинг ҳаёти боис.
Шундай, Ўзбекистон,
халқим бунёдкор,
Теран кенгликларни бўйлайди олис!
Дунёда ҳеч бир халқ –
айтаман очиқ, –
Нонни қадрламас халқимдек менинг.
Шу учун, энг аввал,
қудрати холиқ
Бахтин дондай азиз қилсин халқимнинг!
Бу кун заковати –
бу кун шиддати
Олдида Фарҳодлар келтиролмас шак.
Янги кўприкларнинг
янги талъати,
Кўнгилларга сурур бағишлар бешак!
Шимолдан Жанубга
ва Шарқдан Ғарбга
Қизилқум, Қорақум – уфқлар оша,
Овин қувлаётган
йўлбарсдек зарбда –
«Афросиёб» манзил томонлар шошар!
Булут орасидан
учганча келиб,
Темир йўллар узра бургутдек гўё,
Қамчиқни қоқ ёриб,
Водийга елиб
Поездлар учади, айланар дунё!
Уч тулпор!
Беҳиштни оралаб кетар,
Юлдуз гулларини сочмишдир осмон.
Шоир шеърларини
ҳикматдек битар:
Фавворалар кўкка отилган туғён!
Оналар сандиғин
сепини ёйиб
Кўрсатгани каби қуда-андага,
Жавзо шамоллари
эсдилар ғолиб,
Оқсарой сирларин очди дунёга!
Устюрт кенгликлари…
бу саҳро эмас,
Саноатимиз қурч хазиналари.
Зарбдор мажмуалар
келажакка хос,
Шу ерларда бунёд бўлгайдир бари!
Собит йўлда толмас
собитсўз Сардор,
Унинг билан боқий жон пайваста халқ.
Унинг йўлларида
не эрур пойдор,
Давлатбоши ила камарбаста халқ!
Ватан ўғлонлари,
қайроқ қизлари,
Спорт мактабларин ёш туғдорлари,
Кўрсатмоқда асл,
алп ўзбегин,
Бугун улар Ватан ифтихорлари!
Баҳор такрор-такрор,
бетакрор лекин,
Одам юрган йўллар янги ҳар қачон.
Ватан эртасининг
чин ҳақиқатин
Башар кўз олдида этар намоён!
Ҳаво лайнерлари
шиддат-ла учар,
Вақт учар шиддат-ла бамисли чақин.
«Ким эдиг-у ким бўлдик» –
ўй опқочар, –
Шўр ўтмиш баъзида келади яқин!
Мустабид тузумнинг
тўр ёлғонлари
Ўраб-чирмаб олган эди ҳар ённи.
Қизил шиорларнинг
кир алвонлари
«Безаб» турар эди ҳатто ёбонни!
Бир бошдан сўзламоқ
эмасдир пайти,
Ўтган у кунлардан сабоқ олсак, бас.
Авлодларим, қалқинг,
баралла айтинг:
Мустақиллик боқий бўлсин ҳар нафас!

ШАРАФНОМА

Сени шарафлайман
Замондош авлод,
Сени шарафлайман Замондош наслим.
Турфа гуллар тутиб
турибди ҳаёт,
Дуогўйдир улуғ аждодим – аслим.
Мағрибий Тёншон
соф ҳавосининг
Биллурий йўллари-оқими аро
Tоshkent City тикка
кўтармоқда қад,
Менинг Осиёмда бугун ягона!
Азалий қонида
эрур Ўзбекнинг,
Эмиш, у бойиса қурар иморат.
Кўрингким, ҳаттоки
сўми-пулида
Қўш-қўш иморатлар – танга ҳарорат.
Кўҳна «Регистон»-у
«Темур музейи»,
«Олий Мажлис», «Сенат» бинолари жам.
Уларни бағрига
босиб юради
Дунёнинг у бурчи, бу бурчида ҳам.
Бахт – сандиқда, калит –
осмонда эмас,
Бугунги лаҳза, кун, ойлар гувоҳдир.
Ким вақти, умрини
ўтказса зое,
Вақт – унинг душмани, умри гумроҳдир.
Улуғ ҳодисотлар
юз бермас ҳар кун,

2018. Етилди фурсат.
Замон – ҳамроҳ
олға кетган инсонга,
Юртбоши қалбида меъморий шиддат!
«Tоshkent City»
шаҳар ичида шаҳар,
Бошланди, қурмоқлик – яратмоқ демак.
Бир шаҳар бўлгайки,
кеча-кундузи
Кўкдан тушиб муқим қолгай камалак.
Соҳибқирон Темур –
буюк бинокор
Бобомнинг руҳлари миннатдор бугун.
Оқ-оппоқ булутлар
ичинда кезар,
У азиз халқимга мададкор бугун.
Сени шарафлайман
Замондош авлод,
Сени шарафлайман Замондош наслим.
Турфа гуллар тутиб
турибди ҳаёт,
Дуогўйдир улуғ аждодим – аслим!

2018 ЙИЛ, НОЯБРЬ
ТАНИШУВ

«Tоshkent City» пойтахтимиз
марказидаги 80 гектар майдонни
эгаллайди. Фақат бинолар қуриладиган
ер сатҳининг ўзи 1 миллион
400 минг квадрат метр.

(Матбуот хабаридан).

Йигирманчи аср,
Ундан ҳам нари,
Маҳалла ерлари
эди бу ерлар.
Йиқилиб кетгудай,
нураб битгудай,
бетартиб қурилган
уйлар, деворлар.
Кўчалар бурама,
тор, эгри-бугри,
ўйдим-у чуқурлар
лой куз-у қишда.
Дуч келиб қолишса
икки арава,
бири кутар эди
бир муюлишда.
Камина «Ўқчи»да
яшадим уч йил.
Ижара. Кундуз иш.
Ўқиш кечқурун.
…Кириб бормоқдаман
«Tоshkent City»га.
Ўзимча бир достон
битмоқлик учун.
Оҳ-ҳ!..
Тўрт томон қайноқ,
ҳаммаёқда иш.
Иш деган ҳам шундай
бўлурми, ҳайҳот!
Ҳар ёнда пойдевор,
турлик қурилиш.
Бир бино бўлибди,
мана, ўн қават!
Яқинлаб бораман,
Бир қиз крандан
Шошилмай, оҳиста
келмоқда тушиб.
Этларим бижирлаб
кетди, ишонинг,
қолдим ихтиёрсиз
ёқамни ушлаб.
Боиси, ўзбек қиз,
ёш, истарали.
Наҳотки, кранчи
бўлса-я шу қиз?!
Танишдик.
Наргиза.
Тушлик қилмоққа
тушмоқда экан у.
Ҳа, кранчи қиз.

КРАНЧИ ҚИЗ

Одам эрсанг ташқи суратга берма зеб,
Она Юртингни ҳамиша айла зеб.

Анбар Отин

Ер-у кўк айланар
ўз теграсида,
Ҳеч қачон, ҳеч кимга
бермайди ҳисоб.
Лекин Инсоният
харитасида
Ўз уйи – Ер шари
ҳисобли боб-боб.
Ватан деб аталмиш
макон китоби
Ўқилур бетма-бет,
варақма-варақ.
Ёшгина кранчи
қизнинг моҳтоби,
Меҳнат-у ҳунардан
чақмоқдай ярақ.
Ҳар куни юксакка
кўтарилар у,
Юлдузга айланар
ердан узилиб.
Йўқ! Ердан узилмас,
унда юмуш мўл
Ва қанча ташвишлар
турар тизилиб.
Барига улгурар…
У осмон қизи.
Уни шундай атар
бутун жамоа.
Ваҳмкор, ҳайбатли –
сариқ крани
Тонналаб юкларни
ташир бир йўла!
Кимга бетон керак,
кимгадир темир,
Ғиштларни басма-бас
етказмоқ керак.
Қўрқув нималигин
билмайди қурғур,
Тўрт ён назарида,
ҳар лаҳза сергак!
Наргиза дедики:
«Мен ўзлигимни,
Тўғриси, ахтариб
юрардим кўпдан,
Йўл йўлни топади,
тополдим уни,
Самовий маскандан,
шу кенглик – Кўкдан!
Чирчиқ водий бўйлаб
чиқади офтоб,
Эпкин, шуълаларга
юзим тутаман.
У меҳнат қилгайдир
биз билан обдан,
Шомда хайрлашар…
мен ҳам қайтаман».
Ўз пайти келганда
гуллайди дарахт,
Наргиза дарахти
гуллаган қийғос.
Унинг тенгқурлари,
бўлмангиз карахт,
Арзигай сиз унга
қилсангиз ҳавас!
Баъзи адашганлар…
шаҳарма шаҳар,
Сарсон-у саргардон
юргувчилар бор.
Уларга бегона
меҳнат-у ҳунар,
Саёқ умидлар-у
орзулари ёр.
Алҳазар, улардан!
Туққан ерингда
Туғинг тик ҳамиша,
ёниқ чироғинг.
Унутма, сақлагил,
қалб-кўкайингда,
Ватанда бўлгайдир
бардавом боғинг!
Наргиза! Пишган гил
чиннисисан Сен,
Чинниким, биллурий,
покиза, тоза.
Аср XXI.
Ўзбекистонга
Очилган, очилгай
ойдин дарвоза!

«Tоshkent City» – «АҚЛЛИ ШАҲАР»

Ҳеч иш ўлмас айру Холиқ амридин.
Алишер Навоий,
«Бадоеъ ул-васат»дан

«Tоshkent City» – бу –
«Ақлли шаҳар».
Қандай шаҳар у –
Ақлли шаҳар?
Ҳар иморатда
аниқ қиёфа.
Қўноқ адашиб
қолмас бир дафъа.
Мана, бу бино
доирасимон.
Тепадан боқсанг
зангор кўлсимон.
Мана, буниси
очиқ китобдир.
Ўқийман, десанг,
қават, боб-бобдир.
Мана, бу «Бобил
минораси» – тик.
Асрлар ошиб
Бу Шошда «тирик».
Анов, бинога,
бир дам қара-чи,
Очилаётган
гул ғунчаси у!
Пирамида, ё,
Куб, ҳалқа янглиғ
биноларга, боқ,
бари нақллик.
Манов, бинолар
подъезд – маҳалла.
Фалакка қараб,
тик урар калла!
Ҳар бири барпо
бўлгай пўлатдан
рангдор шишалар
мустаҳкам, қат-қат.
«Smart» шаҳарда
4G мобиль
интернетига
эга бўлмоқ шарт.
Wi-Fi билан у
алоқаларга
чақмоқ тезлиги
ила боғланар.
Электр қувват
манбаи тоза,
онлайн зумда
соз ярақланар…
Авто сақланар
Smart parkingда.
Ижараларга
берилар осон.
Бундай шароит
тараққиётга
муносиб бўлмоқ
керакдир Инсон!
Ҳар бино ичи
Фаслларга хос.
Қиш чоғи иссиқ,
Ёзда салқин мос.
Хоналар тоза,
Ҳаво мўътадил.
Қуёш тик тушмас,
Кўз қамашмас, бил.
Ҳар бир қаватда
Осма боғ, гуллар.
Росмана дарахт
Росмана гуллар.
Эртакми, дейсан,
Ногоҳ-баногоҳ,
Отилиб ётар,
Фавворалар, оҳ…
Қаватма-қават
бурам-бурам йўл.
Пиёда чиқ, ё
Лифтда кўтарил.
«Офис»лар 45-
50 қаватли.
Тегрангни қуршар
Оп-п-оқ булутлар.
Меҳмонхоналар
5 та юлдузли.
Қулф урар боғлар
кеча-кундузи.
Ресторан, кафе
Таомли хил-хил.
Қиш, кўклам, ёзин
мевалар сархил.
Бунда Оврўпа,
Осиё бунда.
…Ҳозирча, мана,
У қурилмоқда!

ПОЙДЕВОР

«Tоshkent City» лойиҳачилари йирик бир муаммога дуч келишди. Замин, ернинг мураккаб геологик структураси, геотехтоник хусусиятлари…
(Матбуот хабаридан).

Осмоний ва Заминий
ҳодисотлар тўқнашар.
Улар таг-замирида
муаммолар қалашар.
Ва лекин Инсон ақли –
тафаккури – Етакчи,
Ечилмас муаммони,
Қани, менга кўрсат-чи?!.
Пармалар ишга тушди,
Ишга тушди бурғулар.
Заминнинг қат-қатлами
Илондайин буралар.
Ўлжасини кўрганда
жимқириб қанотларин,
Ҳавони ўқдай тилиб
шундоқ отилар лочин.
Ҳа, қирқ беш газ, тағин қаз,
Эллик газ, мана, етар.
Бундайин қурилмада
Бинолар осмонўпар!
Бир минор пештоқида
Ўқигандим шундай гап:
«Пойдевор тагин ишла,
Иморат умри абад!»
Боқ, пойдеворлар тайёр,
Пойдеворлар метиндек.
Улар таг-саботига
Сарҳад йўқдир, йўқдир чек!
Боис, бирлашдилар фан,
Тажриба-ю тафаккур.
Инсон заковатига
олам-олам ташаккур!
Кун чиқар мамлакати
Япониядан келди Дўст!
Зилзилашунос олим,
Ўз касбида йўқ кам-кўст!
Тупроқдаги оддий гил
сири унинг қўлида.
Ҳар муаммо ечилур
Онг-шуурин йўлида!
Амриқолик муҳандис
Ўзбекка бўлди қўрдош.
Россиялик инженер
Азал-азалий йўлдош.
Расамадинг ёнингда –
Отинг йўлда қолмагай.
Чин дўстлик, биродарлик
Тулпорлари толмагай!
Қанча иморат бўлса
Кўтарар Ўзбек Замин.
Чин-мочин ерларидан
Йўқ, Тошкент Ерин ками!!!
Копенгаген, Сингапур.
Стокгольм, Токио,
Сан-Франциско, Цюрих
ерлари наҳот аъло?
Амстердам, Женева,
Мельбурн ёки Бостон,
«City»лар қуриб бугун
Ахир, тилларда достон.
О, йўқ!.. Ўзбек Замини
Аллоҳ назаридадир.
Ҳар қаричи дуода,
Назаркардадир Хизр!

ҚОРАТОШИЙ САҒАНАСИ

Маълумотларга кўра Ҳожа Аҳмад ибн Мир Али Шоший Қоратоший 1788-1889 йилларда яшаган. Халқ орасида «Аҳмад Маъдум» номи билан машҳур бўлган. Аҳмад Маъдум томонидан Жиззах, Зомин шаҳри, Ўратепа шаҳар (Тожикистон Республикаси) ва Шайҳонтоҳур туманида 4 та масжид қурилган. Ушбу зот исломий рисолалар ва шеърлар ёзган.

«Tоshkent City» аро
турар сағана,
Ҳўш, нима қилмоқлик керакдир уни?
У ён-бу ён суриб
ташламоқ мумкин,
Лекин қандоқ сурмоқ… унинг Руҳини?
Тошкент айланмоқда
Мегаполисга,
Қадим обидалар не бўлар бироқ?
Теварак айлана
улкан бинолар,
Улар ўртасида қабрлар чатоқ…
Йўқ! Йўқ! Улар қолсин!
Эслатиб турсин
Тошкентнинг кечасин, аждодлар ёдин!
Хотира, ўтмиш бу,
Хотира бугун,
Хотира – келажак, тик қадри, қадди!
Табаррук азлар бу!
Улар ҳеч кимни
Ҳеч қачон ва асло қилмас безовта!
Бугун кабутардай
тозадир руҳи,
«Tоshkent City» аро эрур эъзозда!
Чироқ кўтарганга
қай бир халқ, миллат,
сафининг олдидан жой берса агар,
Ўша халқ йўллари
донғил, серҳикмат,
Келажаги эрур ойдин, босамар!

ПАЙВАНДЧИ БУНЁД

Эй дўст!
Не мол-дунё ўтмас даврон илкидан,
Булут соясидир ҳар ганжи аъло.
Кўрдим, ота-онанг мерос мулкидан
Қўлингдаги ҳунар давлати авло!

«Эй дўст» китобидан

Қадим бинолар
девори синчли.
Пойдеворлари
бўйрама – тўшам.
Ўтди замонлар,
Келди давронлар,
Ўзгариб кетди
бу ашёлар ҳам.
Арматуралар,
пўлатли симлар,
ҳарки оғочни
қолдирар ортда.
Ҳар қандай юмуш,
темирли ҳар иш,
Моҳир усталар
қилган пайвандда!
Кўкка бўй чўзган
темир устунлар,
Нигоҳингизни
қилмаганми лол?
…Пайвандчи Бунёд –
Наргиза дўсти.
Унга бир куни
айладим савол:
Қани, ёш дўстим,
Нима, бу пайванд?
Нимада эрур
Пайвандлаш сири?
Қоришмаларни
тутади қандай? –
Уларни тортар
магнит сингари?
Бунёд бир кулиб:
Шоир бобо, – дер, –
ҳеч қандай сир йўқ,
Бор сири Меҳнат!
Боғбон дарахтга
қаламчаларни
пайванд қилгандай
одатий ҳикмат!
Тоғда олқорнинг,
Кийикнинг ёки
оёғи синса
қилар давосин.
Машаққат чекиб,
Чўққига чиқиб,
топиб ейишар
тоғ мўъмиёсин!
Қарабсиз, синган
суяклар бутун.
Чопқир оёқлар
ўқдайин елар.
Бизнинг ишимиз,
пайвандлаш иши,
мўъмиёлашдир
худди шу йўла!
Ёш бир ишчининг
бундай жавоби,
мени ҳайратга
солганлиги рост!
Офарин, дедим,
Тасанно, дедим.
Дедим, шоирлар
Сендан олсин Дарс!
…Сўнг Бунёд ишга
киришиб кетди.
Наргиз томонга
қўйди бир қараб.
Наргиз ёқдан ҳам
кутиб тургандай,
қизил рўмолча
қолди ҳилпираб.
Темирпайванддан
таралар учқун,
гўё Бунёднинг
қалб ўт-қўрлари.
Мағрибий тоғдан
худди шу янглиғ
ҳар тонг ёйилар
қуёш нурлари.

КАМОЛОТ ЙЎЛИДА

Йўқ эдилар ҳар неки – бор айладинг.
Алишер Навоий

Чексиз коинотнинг
изми йўлида
Қачондир Ер шари
эди бус-бутун.
Сирли-синоатлар
ўнги-сўлида
Ерда жараёнлар
бошланди бир кун.
Ажралди Замин-Шар
қитъа-қитъага,
Уммонлар, денгизлар
бағрига кирди.
Япроқлар сузгандай
сувлар сатҳида
Суздилар… жараён
ҳукмин ўткарди!
Қавмлар, элатлар,
миллатлар пайдо,
Ҳарки Ер, уларни
айлади Ватан.
Ҳарки халқ, ўзининг
Юртига шайдо,
Уни обод, гўзал
қилди дафъатан!
Отамзамон гапи:
Қай халқ ё миллат
Камолот кўкига
интилмаса гар,
Унинг келажаги
шубҳали албат,
Унинг келажаги
девордай нурар!
Бу учун аввало,
миллатни миллат
Қилгувчи Бурч,
Давлат мақоми асос.
Бу илм-фан эрур,
бу маданият,
Бу маърифатдир, чин
эътиқод, ихлос!
Собит инсонпарвар
ҳар бир жамият,
Адолат илдизин
қилолса пойдор,
Боқий зафар қучгай
ўша салтанат,
Юзин қалби ёруғ,
кимки, ҳукмдор!
Отлиғ, серғайрат халқ
пок руҳ, вужудин
Пайванд қила олса
Аллоҳ ишқига,
Ориф, гўзал ҳулқ-у
ирфон-у, ҳикмат,
Бахт-шавқ-завқ бергайдир
ўшал кишига!
Ҳаққи эрур ҳақи –
ҳур Ўзбекистон,
Уни обод қилмоқ
барчамизга бурч.
Азим Tоshkent City –
меҳнат – жараён,
Уни бунёд қилмоқ
улуғвор севинч!
Ўзбекистон кўкси
Тошкент бўлса гар,
«Tоshkent City»
унда юрак муқаррар!

Менинг азиз халқим,
азамат халқим,
Жўн ва қуроқ, бадфеъл
халқ эмасдир бу!
Қадим Турон халқим,
Туркистон халқим,
Қадим Туркий тилим,
Онам тили у!
Буюк Амир Темур
жаҳонгирлиги,
Буюк Улуғбекнинг
маърифати ёр.
Буюк Хожа Аҳрор
кашф-каромати,
Буюк Мир Алишер
руҳи барқарор!
Ҳа, ҳа! Шундай халқ бу,
бугун бунёдкор!
Интилмоқда Камолот
асрори сари!
Туғдона дарахт у, –
илдизли залвор.
Бўрон-тўфонларда
ўқ томирлари!
Бунёдкор миллатим,
ободкор халқим,
Бинокор миллатим,
халқим Сардори
Кўтариб ўн икки
юлдузли туғин
Бошлаб бормоқдадир
фақат илгари!
Қайдаким элпарвар,
юртпарвар Инсон,
Бағрикенг, адолатпеша бўлса У.
Унинг мамлакати ҳур,
жаннатмакон,
Унинг мамлакати
фаровон мангу!

2019 ЙИЛ, МАРТ – ИЮНЬ.
ЖАРАЁН

Ҳамал шамоллари,
Еллар, эпкинлар,
Ҳар ёнда Наврўзий олам нафаси.
Бошлаб юборилган
экин-тикинлар,
Кўкдан чалинади турналар саси.
Мамлакат тинч, обод,
Халқим фаровон,
Юрт бўйлаб қандайдир парвозий сурур.
Тўлиб-тошиб оқар
Заргар Зарафшон,
Аму сувларида сирли бир ғулу.
Гул-гул очилгандир
Тошкент жамоли,
олқишлар бўлсин-ай Ўзбек юртига.
«City» ишчиларин
табриклаш учун
Кириб бормоқдаман «Tоshkent City»га!
Мана, беш ойдирки,
уларнинг кўпи,
Шоир бобоси ила дўст, қадрдон.
Ана, шу қадрли
дўстлик ҳурмати
Улар достонимда эрур қаҳрамон!

«HILTON»

Дунё етакчи
брендлари кўп,
5 юлдуз – «Hilton»
уларнинг бири.
Кўзим олдида
«Hilton» Тошканди
турар ростланган
Семурғ сингари.
О, «Hilton», «Hilton».
Ичкари томон
йўл олдим секин
кўз солиб ҳар ён!
Ҳар бир хонада
барча қулайлик.
Таърифларига
сўз уяларлик.
Эшикларида
йўқдир калит-қулф.
Улар ўрнида
смартфон аниқ.
Барча хонада
махсус кўрсатгич.
Уни атарлар
ақлли датчик.
Датчик бирорта
нохушлик сезса,
етказар хабар
керакли ерга!
Қайда юрибман,
«Paris City»ми?
Ва ёки Хитой
«Синт» кентларими?
Бунда мажлислар
сарой, заллари.
Рестаран, салон,
бассейнлари,
Дизайнларида
ёрқин ранглар мўл.
Гоҳ тоғлар акси,
гоҳи денгиз, кўл.
Меҳмонхонада
ким бўлса қўноқ,
Умрин ёдида
сақланар узоқ…

CONGRESS HALL

«Hilton» ёнида
Бунда бўлгайдир
Йирик саммитлар.
Саммитларки,
эрур халқаро.
Залига тўрт минг
киши бўлур жо!
Жаҳон мезони
ҳар хонасида.
Наки, хонаси,
ҳар ашёсида!
Давлатбошимиз,
муҳтарам Инсон,
Кўрсатма берди
аниқ ва лўнда:
«Биринчи қават,
албатта, бўлсин,
Замонавий, соз
дизайнларда.
Иккинчи қават
классик услуб
жилоларини
этсин жамулжам.
Йўлаклар эса
Рассомларимиз
ижодларидан
безансин кўркам!..»
Ҳар ташрифида
назарларидан
бирорта нуқта
четта қолмагай.
Адолат билан
юритар амрин
шунда ҳеч киши
доғда қолмагай!

«БИЗНЕС МАРКАЗИ»

«Дунё тижорат ила ободдир…»
Амир Темур

…Ў-ў!.. Эллик қаватли
«Бизнес маркази»,
Офарин! Тасанно! Кўтармоқда қад!
Тошкент Жамолунгма
чўққи мисоли
Кўҳна Ипак йўлда бўлгай сарбаланд!
Атрофин ўраган
каркас нарвонлар,
Бунда ғишт терувчи, бунда пайвандчи.
Бетон қуйгувчилар,
электриклар,
барчаси бинокор, бари қурувчи!
Барчаси касбининг
моҳирларидир,
Олти мингдан ошиқ ишчи Ситида.
Улар бугун тарих
яратмоқдадир,
турли халқ бирлиги – биродарликда!
Бунда қозоқ, тожик,
қирғиз, туркманим,
қорақалпоқ, озор, турк орқадошим.
Шижоат соҳиби,
оқил-у ориф,
муҳандис-у меъмор азиз қўлдошим!
Ёдга тушиб кетди
мустабид замон,
Мустамлака замон ёвузликлари.
Давлат машинасин
Шахс эркига
қаттол зуғум тажовузликлари.
Кишиким, иморат
қурмоқлик учун
Бир-икки арава ғишт топса агар,
Булғанди балчиққа
инсоний шаъни,
ҳатто қамоқ жазо эди муқаррар.
Бари ўтди, лекин
эслаб турмоқлик,
Авлодлар ёдига хок-поки жоиз.
Буюк истиқлолнинг
англасин қадрин,
Ҳаққа илм, тафаккур идроки жоиз!
Мана, кўз олдимда
қайноқ жараён,
Эркин меҳнат завқи, яратиш ишқи!
Дин, ирқ, миллат, мазҳаб
тушунчасидан
Баланд Инсон қадди, юксалиш ишқи!

БУЛЬВАР

Юраверсанг гар
қаватма-қават,
Ҳайратларданким
лопиллар юрак.
Оҳиста чиқдим
кўча – майдонга.
Йўлимни бурдим
Бульвар томонга.
Сенсор тизими
кўчалар бўйлаб,
чироқлар ёнар,
гўёки ўйлаб.
Ям-яшил чимзор,
пўрим тўшамлар.
Йўлак четлари
фасона тошлар,
Ҳар ёнда гуллар,
чечаклар қийғос.
Миллионлаб шам
ёқилгандай хос.
Ё денгиз маржон
қояларида
турли ранг балиқ
сузар гўёки.
Бренд дўкони,
унда қоровул
турмайди энди
мисли қирғовул.
Ё навбатчи кас…
Улар ўрнида,
Бас, «голограмма
аппарати» бас.
7 чи – Лотда,
Сайлгоҳ аро,
қаҳвахоналар,
ресторанлар хос.
Қўноқхоналар,
офис ва савдо
мажмуалари
боғ сайрига мос!
Бунда фаввора
камалак рангли,
нақ йигирма газ
кўтарилар у,
Куйлар эшилар
раққоса мисол,
ишқий жилолар
айлайди висол…

«Tоshkent City»ДА
КИМЛАР ЯШАЙДИ?

1994 йил 18-20 май.
Ўзбекистон Президентининг
Япония мамлакатига
расмий-амалий ташрифи делегацияси
сафида Токиода бўлдим. Бизга
ажратилган олий «New Otani»
меҳмонхонасида туришим
керак бўлган хонамнинг эшигини
очишни эплай олмадим…

«Кундалик»имдан

Ҳа, ҳаммаси тўғри,
ҳа, ҳаммаси рост,
Эшикни очолмай бўлганман мулзам.
Техник тараққиёт
уқувларини
билмаган эканмиз, ўйлаб қарасам.
Қайдан ҳам билардик,
замона бошқа,
биз пахта даласин билардик чандон…
…Ў, бугун шиддатли
Вақтнинг йўриғи,
Тараққиёт йўриғ – алп тегирмон!
Вақтдан ортда қолмоқ,
чироқ кўтарган
қаҳрамон ортидан қолгандай бир гап.
Инновацион
янгиликлардан
бохабар кишилар ҳаёти шараф!
Демак, аён «Tоshkent –
City»да ҳаёт
Сўнгги тараққиёт зарурияти.
Энг аввало, шунга
Муносиб бўлмоқ,
ҳар қандай инсоннинг қулфин калити.
Бунда инвесторлар,
яшар меҳмонлар,
хорижий сайёҳлар бўлгайдир қўноқ.
Ситида халқимнинг
яшамоқ тарзи
шакллангай ва бўлгай умрзоқ…

«GARDENS RESIDENCE»

Махсус «Gardens
Residence»си,
Яъни турар жой,
бу мажмуалар,
кўп хонадонли
оилага хос.
Серфарзанд элим
уларда яшар.
Ота-онага
кексайган маҳал
хотиржам яшаш
зарур ҳаводай.
Уларга бунда
алоҳида, мос
ажратилгандир
қулай хоналар.
Ўзбекнинг, нима,
кўпдир меҳмони,
меҳмонга ҳурмат
қони-жонида,
Кириб келишар
куни-тун демай
истаган пайти
ҳар бир онида.
Шу сабаб-боис,
меҳмонлар учун
ажратилган жой –
хоналар бутун.

СУРУР

Сени шарафлайман,
азиз бинокор,
Маҳкам сиқадирман қадоқ қўлингни.
Сен асл қурувчи,
асл бунёдкор,
Шарафлайман, осмон сари йўлингни.
Иморатда керак
адл бунёди,
Ҳар битта ғишт-таянч жойига жоиз.
Магарким ўрнидан
оғса сал нари
Йўлидан адашгай осмонўпар из!
Лой-у қоришмалар
қайишдай беллик,
Ҳамоғуш бўлмоғи лозим ҳар ғиштга.
Иморат барполик
эрур таг-туглик,
Умр фидо бўлса арзир бу ишга!
Азиз бунёдкорим,
бирингиз ишчи,
бирингиз сувоқчи, бирингиз ғиштсоз,
бирингиз дурадгор,
кимдир пардозчи,
Сим – таранг эшдирки, жаранглайди соз!
Шер ўлжасин бунда
тортмас чумоли
Фил юки юкланмас бунда пашшага.
Ҳар битта кўнгилда
руҳпарвар насим,
Муносиб жой ҳозир ҳар сариштага!
Ҳеч қандай қора иш
йўқдир жаҳонда,
У гўзал ва тўғри якун топса гар!
Ҳатто фаррошларнинг,
ушбу майдонда,
Ботартиб ишлари қадрланадир!
Бахт – халақит бермас
Бурч ҳикматига,
Дўстлик-биродарлик иншоати бу!
Замин, қойил қолгил
Эл ҳимматига,
Ҳимматлар қимматин салтанати бу!
Ҳар тоғнинг энг юксак
зирваси бўлгай,
Қўрғон-қалъанинг Бош-қош меъмори.
Пойдор «Tоshkent City»
Кошонасининг
Бош меъмори эрур Юртим Сардори!
Ҳикмат бор: бир одам
қургайдир кўприк,
ўтгайдир минг-минглаб одамлар ундан.
Ҳикмат бор: бир одам
қазигай ариқ,
сон-минг одам ичар унинг сувидан!
Ровий дер: Тан кучин
кўтаргай пок руҳ,
Ҳаққос рост! Туганмас Сўзим қайроғи.
Мамлакат томири
қонида сурур,
Ситида ҳилпирар Ватан байроғи!
Ўзбекистон йўли,
шарафли йўл бу,
Ҳидоятлик йўл бу, орифли йўл бу!
Бу йўлларнинг асло
адоғи йўқдир,
Адолатлик йўл бу, бу йўллар мангу!
Сени шарафлайман
Замондош авлод,
Сени шарафлайман Замондош наслим.
Турфа гуллар тутиб
турибди ҳаёт,
Дуогўйдир улуғ аждодим – аслим!

ХОТИМА

Айни Ўзбекистон
кечаги эмас,
Кечаги эмасдир бугунги офтоб.
Айри бир эврилиш,
қадамлар гурас,
Бу мега дунёда ҳур, эркин авлод!
Қарашлар ўзгача,
нигоҳлар теран,
Ҳар иш эртасига эътимод назар.
Эл-юрт хизматига
тайёр даъфатан,
Ватан тақдирини тақдири безар!
Қурилиш… қурилиш…
Иннавацион
Янгилик қадамда, амалиётда.
Фақатгина «Tоshkent –
City»да эмас,
Бинолар қад ростлар тараф-тарафда!
Олмазор, Бешоғоч
кўчаларининг
кесишмаси аро «Humo Arena».
Ҳозиргина келиб
тўхтаган янглиғ
Уммон кўрфазида муҳташам Кема!
Ислом тараққиёт
биноси гўзал,
Шарқона жилолар – гумбазлар мовий.
Унинг қоқ нуқтаси
сипозарҳал зал,
Унга қўйилгайдир «Усмон Қуръони»
Марказий бинода
анжуманлар-у
Кутубхона зали, кўргазма заллар.
Уларда сақлангай
тарихий манба,
Осори-атиқа ва ашёлар.
Муқаддас исломнинг
моҳиятини,
Шу ерда уққайдир навқирон авлод.
Чин – иймон ҳидоят,
барокотини,
Адолат қонунин айлагай бунёд!
Мен сафар кишиси,
Ватаним бўйлаб,
Юкхалтам елкамда, кезганим-кезган.
Бугун Нукусдаман,
эртан Термизда,
Индинга Водийга ошгум ғизиллаб!
Ҳар жойда қурилиш…
бамисли кўзгу…
Одамлар қалбида бир фаровон руҳ.
Улар қадди, юз –
кўзида ғурур,
Идрок шуурида мусаффо шукуҳ!
Ижод мактаблари…
Мунаввар гўша,
Илм-маърифатнинг ўт-ўчоқлари
Улардан таралгай
Кишварлар оша
Асл адабиёт ҳур сабоқлари!!!

         * * *

Астронавт борар
Кўкдан Ер томон,
Кундузи ҳеч нарса
кўринмас унда.
Ва лекин кечаси
боққанда кўрар
миллиардлаб чироқ
порлар Заминда!
Чироқлар… чироқлар…
серюлдуз уммон,
уммонки, туб-туби
зим-зиё, зулмат.
Шу зулмат ичида
машъала ҳар ён,
Гўё Прометей
яратган ҳилқат.
Марказий Осиё,
қайдасан, қайда?
Ана у, ана у,
Мана, бу Тошканд.
Тошканд ўртасида,
ушлайсан ёқа,
Порлар «Tоshkent City»,
нақ қандилмонанд!

Азим СУЮН

Бошқа хабарлар