МАНГУ ҲАЁТ ҚЎШИҒИ

162

   “Мен дунёни кезиб, дунёни англадим ва дунё топдим” деб ёзганида шоир моддийликни эмас, айнан маънавий бойликни кўзда тутган албатта. Умрини илм ва ёшлар истиқболига бахшида этган Ортиқбой Эшонқулов ҳам ана шундай бадавлат устозлардан бири.

Яқинда ёш кимёгарларнинг жаҳон олимпиадасидан қайтган Ортиқбой ака “Мамлакатимиз терма жамоаси Париждан тўртта медаль билан қайтишди, шундан иккита кумуш ва битта бронза медали академик лицейимиз ўқувчиларга тегишли. Шундай қилиб, умумий олтин, кумуш ва бронза медалларимиз сони 58 тага етди”, дейди олам-олам завқ билан ўз шодлигини ичига сиғдиролмай. Ана шу ҳаяжонли хушхабарда устозларга хос мамнунлик, оталарга хос ғурур, раҳбарларга хос ботиний мушоҳада мужассам эди.

Ортиқбой аканинг шакл-шамойилида ҳам, юриш-туриши, гап-сўзида ҳам сохталикни кўрмайсиз. Ваҳоланки, бу инсон дастлаб талаба, кейин аспирант, сўнг тиббиёт фанлари номзоди, доцент, кейин эса биология фанлари доктори, профессор сифатида танилган бўлса-да, жуда самимий ва камтар инсон. У киши билан гурунглашсангиз Жиззах тоғларининг салобатини, зилол сувларининг шаффофлигини, уфқларга туташ кўз илғамас кенгликлар ҳавосини туясиз.  Бу инсон ҳақида жуда кўп ва хўп айтиш мумкин.

Тошкент Педиатрия тиббиёт институти қошидаги академик лицей жамоаси Ортиқбой ака раҳбарлигида оламшумул ютуқларни қўлга киритмоқда. 2008 йилда республикамизда илк марта кимё фани бўйича Менделеев халқаро фан олимпиадасининг ўтказилиши айнан ушбу ўқув маскани ҳаётида туб бурилиш ясади. Мамлакатимиз таълими тизими ҳаётида илк бор олтин медаль қўлга киритилди. Бу медални эса айнан ана шу академик лицейнинг ўқувчиси олишга муваффақ бўлди. Бу муваффақият педагогик жамоада ўзгача кўтаринки руҳ яратиш билан бирга уларда эртанги кунга даъват ва ишонч уйғотди. Кейинчалик бу таълим даргоҳининг ўқувчилари мазкур халқаро олимпиаданинг бошқа мамлакатларда бўлиб ўтган беллашувларида ҳам фаол иштирок этиб, медаллар шодасини қўлга киритди. Педагогик жамоанинг изланувчан раҳбари Ортиқбой Эшонқулов бу ютуқлар кўламини кенгайтиришга астойдил бел боғлади. Изланувчан олим ва фидойи раҳбар дастлаб кимё фани бўйича  жаҳон фан олимпиадасида кузатувчи сифатида иштирок этди. Дунё бўйича йиғилган ёш кимёгарларнинг баҳсини кузатиб, ўзига тегишли  хулоса чиқарган Ортиқбой ака аста-секинлик билан мамлакатимиз ёшларининг ушбу жаҳоншумул билимлар беллашувида иштирокини таъминлашга эришди.  Дастлабки олимпиаданинг ўзидаёқ юртимиз ёшлари ўз истеъдоди ва салоҳиятини амалда намоён этиб, олтин медални қўлга киритишди. Бундай кишини қувонтирадиган ва ҳайратга соладиган ютуқлар академик лицей раҳбари ва ўқувчилари ҳаётида анчагина. Масалан, сўнги 10 йилда фанлар бўйича ўтказилган халқаро олимпиадаларда республикамиз ўқувчилари жами 98 та медал олган бўлса, шундан 58 та медал лицей ўқувчилари ҳисобига тўғри келади. Жорий йилги халқаро олимпиадаларда республика бўйича 13 та медал қўлга киритилган бўлса, шундан 9 таси лицей ўқувчилари бўйнига тақилган. Бу улкан натижадан ҳар қанча фахрланса арзийди.

   Академик лицей ва унинг фидойи директори Ортиқбой Эшонқулов фаолиятидаги ютуқлар ҳақида яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Ўзининг ҳаёт мазмунини  ёшлар эртасида кўраётган устоз бугун муборак 70 баҳорни қаршилаб турибди. Кимлардир она-Ватанга фидойилик  ҳақида соатлаб маъруза ўқиши мумкин, устоз эса ўзининг камтарона меҳнатлари билан юртимиз истиқболига баҳоли қудрат ҳисса қўшиб келмоқда. Эндиликда ушбу таълим даргоҳида таҳсил олиш жараёнида жаҳон ва халқаро фан олимпиадаларининг олтин, кумуш ва бронза медаллари шодасини қўлга киритган илк қалдирғочлар олий ўқув юртларида ҳам пешқадамлик қилаётгани алоҳида эътиборга молик. Илк бор олтин медал соҳиби бўлган шогирди ҳозирги кунда малакали шифокор ва илм соҳиби сифатида фаолият юритмоқда. Ана шу мулоҳазаларни қоғозга туширар эканман, хаёлан Ортиқбой аканинг умр йўлини мангулик қўшиғига ўхшатаман. Чунки маърифат ёғдусидан куч олган ва илмга йўғрилган  ҳаёт қўшиғи шогирдлар фаолиятида бардавом яшайди. Шундай экан, устоз меҳнати натижасида яралган бу қўшиқ ҳам унинг ҳаёт зарварақларига мангуликка муҳрланган.

   Алижон АБДУРАҲМОНОВ

Бошқа хабарлар