УЙГА ВАЗИФА

194

Расм ўқитувчиси болаларга ҳар ким ўз уйини чизиб келишни вазифа қилиб берди. Эртаси куни устоз расмларни кузата туриб, кулиб юборди. Ва:

– Бу қанақа расм? – деб Султонбойга қаради. – Ахир, ҳеч замонда, уйнинг томига симёғоч ўрнатиладими? Қаердан ўйлаб топдинг бу манзарани?
– Ўйлаб топилмаган, ҳақиқатан ҳам уйимиз томида ана шундай электр симлар бор.
– Бу ахир инсон ҳаётига хавфли-ку? – деди муаллим таажжубга тушиб. – Бунинг олдини олиш керак. Ахир…
– Хавфлилигини ўзимиз ҳам яхши биламиз. Уй ичига кириб, то кўчага чиқиб кетгунимизча ҳадикда бўламиз. Айниқса, шамол кўтарилган, ёмғир ёғиб, момақалдироқ чаққан пайтларда бува-бувижонларимиз Аллоҳга нола қилиб, ҳар хил офатлардан ўзинг асра, деб ўтиришади.
– Энди, Султонбой, чўпчакни ҳам роса қийвординг. Ўйлаб гапир, қайси замонда яшаяпмиз. Бугунги кунда мамлакат бўйлаб катта қурилишлар авж олиб, осмонўпар бинолар қад ростлаётган бир пайтда…
– Кўз билан кўрмагунча ҳеч ким ишонмайди. Эртага суратга тушириб келаман, устоз.
Султонбой эртасига бир неча фотосурат олиб келиб, устозининг олдига қўйди. Ҳамма ҳайратдан ёқа ушлади. Ҳақиқатдан ҳам кеча Султобой қўлда чизиб келган расм фотосуратда акс этиб турарди.
Устози унга «5» баҳо қўйди, аммо Султонбой яшаётган Зангиота тумани, Бўзсув қишлоғи, «Деҳқонобод» МФЙ, Амир Темур кўчасида истиқомат қилаётган аҳоли, маҳалла раиси, туман ҳокимлиги ва туман электр тармоқлари корхонаси раҳбарларига неча баҳо қўйишни билмай ўйланиб қолди…

Сирожиддин ЮСУПОВ

Бошқа хабарлар