“Устозлар – касаба уюшмалари эъзозида” Республика танлови. Автомашиналар кимга насиб этаркин?

308

Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театрида “Устозлар – касаба уюшмалари эъзозида” танлови республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бошланмоқда. Айни дақиқаларда иштирокчилар тантанали кутиб олиняпти.

Эслатиб ўтамиз, бир муддат олдин Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан республикамиздаги умумий ўрта таълим мактабларида бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси сифатида фаолият кўрсатаётган ўқитувчилар ўртасида “Устозлар – касаба уюшмалари эъзозида” республика танлови ўтказилиши эълон қилинган эди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳузурида 2019 йилнинг 23 август куни “Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва жамиятда ўқитувчи мавқеини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги мавзуга бағишлаб кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилишда белгилаб берилган вазифаларнинг тўлақонли амалга оширилишига, хусусан, мактаб таълимини ривожлантириш, устозларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, улар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш борасидаги ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида ташкил этилиб, 3 босқичда ўтказилган мазкур танловда умумтаълим мактабларида камида 20 йиллик педагогик, бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси сифатида эса камида 10 йиллик иш стажига эга бўлган педагоглар қатнашди.

Жонкуяр, ўз касбининг фидойиси бўлиб, танловнинг республика босқичи ғолиблигига қадар босқичга етиб келган бир гуруҳ устозлар шу дамда ҳаяжонли онлар остонасида турибди. Сабаби улар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Хусусан, 1-ўринга муносиб деб топилган  соҳа ходими “Spark” автомобили, 2ўринни эгаллаган иштирокчи “Samsung” музлатгичи, 3-ўрин соҳиби “Samsung” кир ювиш машинаси эгасига айланади. Шунингдек, рағбатлантирувчи мукофот соҳибларига ноутбук топширилади.

“Spark” кимга насиб этади? Касаба уюшмалари томонидан устоз ва мураббийларга қандай эҳтиром кўрсатиляпти? Бу каби саволларга жавоб топишни истасангиз, албатта, “ishonch.uz”ни кузатиб боринг.

Салим АБДУРАҲМОНОВ,

Ishonch.uz

Бошқа хабарлар