Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўладими?

65
Фото: Xabar.uz

Бир неча кундирки, кенг жамоатчилик ва эксперт доираларида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га аъзо бўлиш-бўлмаслик масаласи қизғин муҳокама қилиняпти.
Қарашлар икки хил: тарафдорлар ҳам, қаршилар ҳам ўз фикрларига далиллар келтиришмоқда.

Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенконинг мамлакатимизга ташрифи якунларига бағишланган матбуот анжуманида Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бугунги кунда Ўзбекистон томони ушбу ташкилотга қўшилиш имкониятларини чуқур таҳлил қилган ҳолда кўриб чиқаётгани, ЕОИИнинг барча мамлакатлари билан маслаҳатлашув олиб борилаётгани, ҳозирча бу борада ҳеч қандай қарор йўқлигини айтди.

Хўш, Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлишнинг қандай ижобий ва салбий жиҳатлари бор? Аъзолик Ўзбекистонга қандай имкониятларни тақдим этади?

Ўзбекистон учун катта бозор эшиклари очилади   

Таъкидлаш ўринлики, ЕОИИга аъзолик биз учун, энг аввало, 185 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қилувчи, қиймати эса 1 триллион 587 миллиард АҚШ долларига тенг бозорга кириш имконини беради. Ўзбекистон бу бозорга ўзининг нисбатан арзон маҳсулотларини экспорт қилиб, катта миқёсда фойда кўриши мумкин.

Ўзбекистон ташкилотга кирадиган бўлса, ўз қоидаларини иттифоқ стандартлари билан мувофиқлаштириб боради ва тадбиркорларимиз учун катта имкониятлар вужудга келади. Бунинг натижасида ЕОИИ бозорини кўзлаган хорижий инвестициялар оқими юзага келиши мумкин.

Зеро, шу пайтгача 33 миллионлик бозор учун ишлаб келинган бўлса, ҳамжамиятга кириш натижасида салкам 200 миллион кишилик бозорга ҳеч қандай божларсиз кириш имкони пайдо бўлади. Бу эса Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини оширади.
Ҳозиргача ҳам ЕОИИ биз учун энг катта ташқи савдо ҳамкорларидан бири бўлиб турибди. ЕОИИга кириш, бу кўрсаткични шак-шубҳасиз юқорилатади. Бундан ташқари, ЕОИИга аъзо давлатларнинг маҳсулотлари бозоримизга кириб келиши рақобатнинг кучайишига хизмат қилади. Бундай рақобат эса истеъмолчи манфаатларига мосдир.

Ўзбекистон ташкилотга кириши унга аъзо 5 давлат билан стандартларни бирлаштириш орқали чегаралардаги ортиқча текширув ва улардан келиб чиқадиган вақт исрофининг олдини олиши мумкин. Экспорт қилувчиларимиз маҳсулотларини ЕОИИ ҳудудига анча эркин чиқариши мумкин бўлади.

Меҳнат қилиш учун тенг шароитлар яратилади

Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиши меҳнат мигрантлари, яъни Россия ва Қозоғистонда ишлайдиган ватандошларимизга патент олмасдан ишлаш имконини беради.

Улар бу давлатлар меҳнат қонунчилиги билан ҳимояланади. Шунингдек, уларнинг иттифоққа аъзо давлатлар ҳудудида тўлаган солиғи ўз юртида ҳам тан олинади. Бу эса пенсия ва солиқлар, ижтимоий ҳимоя борасида уларга катта енгиллик туғдиради.
ЕОИИга аъзо мамлакатлар меҳнат мигрантлари учун лицензия ва рухсат олиш талабларини ўзаро жиддий камайтирган.
Агар мигрант расмий равишда ишга ёлланган бўлса, унда унинг фарзандлари ўша мамлакатдаги боғча ва мактабларда ўқиши мумкин бўлади, шунингдек, унинг барча оила аъзолари мажбурий тиббий суғурта билан қамраб олинади.

Барча (фармацевтика, тиббиёт, ҳуқуқ ва педагогика соҳаларидан ташқари) дипломлар ўзаро тан олинади. Демак, Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлса, дейлик, муҳандислик соҳасида университетни тамомлаган Ўзбекистон фуқароси Россия ёки Қозоғистонга бориб, у ердаги фуқаролар билан тенг шароитларда ишлаш ҳуқуқига эга бўлади.

Пенсия таъминоти каби ҳал этилмаган муаммолар мавжуд бўлса-да, умумий меҳнат бозорининг ЕОИИда бирмунча шаклланганини тан олиш зарур.

Шунингдек, Россия ва Қозоғистон каби иқтисодий жиҳатдан қудратли давлатлар билан икки томонлама эмас, балки институтлашган-ҳуқуқий меъёрлар орқали алоқаларимизни қайтадан тартибга солиш имконига эга бўламиз.

Яна бир муҳим омил, бу — давлат институтлари ишлашининг яхшиланиши. Россия, Беларусь ва Қозоғистон каби давлатлар билан яқиндан ишлаш давлат хизматчиларининг даражаси юксалишига ва давлат институтлари томонидан ишлаб чиқиладиган лойиҳа ва хизматлар сифати яхшиланишига олиб келади.

Сайёҳлик соҳасида ҳам жиддий, туб ўзгаришларга йўл очилади. Россия ва ЕОИИ мамлакатлари билан визасиз режим сайёҳлар оқимининг кўпайишига хизмат қилиши тайин.

Бошқа давлатлар билан тўғридан-тўғри савдо битими тузолмаймиз 

Хўш, иттифоққа аъзоликнинг қандай салбий жиҳатлари бўлиши мумкин? Қайд этиш ўринлики, ташкилот амалда бир томонлама эркин бозор ҳудуди бўлиб, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлган тақдиримизда ҳам Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистон каби божларни кўтаришга мажбур бўламиз. Бу эса юртимизга келадиган техника ва технологиялар нархи қимматлашувига сабаб бўлади.
Илмий таҳлиллар орасида, айниқса, Арманистон ва Қозоғистоннинг ЕОИИга кириши уларнинг иқтисодига салбий таъсир кўрсатгани борасида таҳлиллар мавжуд.

Ҳозирда савдо урушлари, ҳатто ЕОИИ ичида тез-тез кузатилмоқда. Мисол учун, Россиянинг Европа Иттифоқи, Грузия ва Молдовага нисбатан бир томонлама киритган санкциялари натижасида ЕИга аъзо давлатлардан кириб келадиган маҳсулот ва хизматларнинг бошқа ЕОИИ давлатларига ўтиши қийинлашмоқда.

Бундан ташқари, Россия ва Қозоғистон ўртасидаги гўшт, майонез, шоколад, қовун ва сут ёки Қозоғистоннинг Қирғизистондан келадиган картошка маҳсулотлари бўйича қўйилган чекловлар ички бозорнинг нормал фаолиятига тўсиқ бўляпти.

Гўшт ва сут маҳсулотлари бўйича Россия ва Беларусь ўртасидаги савдо уруши ҳаммага маълум. Натижада шу кунгача Арманистондан ташқари деярли барча иттифоқ аъзолари бир-бирлари билан савдо урушларини бошларидан ўтказишга улгуришди.

ЕОИИ ўзининг ҳар бир аъзосини ташқи бож сиёсатини шакллантиришга оид суверен ҳуқуқини чеклайди. Натижада икки давлат тўғридан-тўғри икки томонлама савдо битими туза олмай қолади.

Ўрнига ЕОИИ комиссияси музокара ўтказади. Ҳар доим учинчи давлат билан битим тузишда ташкилотга аъзо давлатлар розилиги керак. Бу эса ташқи иқтисодий сиёсатда эркинликнинг катта қисмини қўлдан чиқариш, деганидир. ЕОИИнинг учинчи давлатлар билан тузилиши мўлжалланаётган эркин савдо битимлари эса юртимиз учун келажакда фойдали бўладими, йўқми, буни ҳам билмаймиз.

Иттифоқ айрим ҳолатларда ташкилий тузилма сифатида заиф

Интеграциядан кейин шубҳасиз, Россия товарларининг республикамизга оқими ошади.

Олайлик, 4 миллиард АҚШ долларидан зиёд савдо айланмасининг атиги 1 миллиарддан кўпроғини Ўзбекистондан Россияга экспорт ташкил қилади. Қолган сумма Россия маҳсулотининг импортидир.
Россия билан ўзаро савдода улкан дисбаланс бор. ЕОИИнинг яна бир мамлакати Қозоғистон билан ҳам савдода салбий сальдо сақланиб турибди. Ташкилотга кириш дастлабки пайтда бу жараёнларни кучайтириб юборади.

Гарчи бошида Европа иттифоқи тузилмаси ўрнак қилиб олинган бўлса-да, ЕОИИ давлатлари ташқи савдо сиёсатини етарлича мувофиқлаштириш қувватига эга эмаслиги кўриниб қоляпти. Мисол учун, аъзо давлатлар Евроосиё комиссиясига, хусусан, иттифоқ қоидаларини бузган давлатни иттифоқ судига бериш каби ўта муҳим ваколатни тақдим этишмаган. Натижада ЕОИИ аъзо мамлакатлар ўртасида юзага келадиган низоларни бартараф эта олмайди.

Евроосиё комиссияси ЕОИИ битими қоидаларининг қандай ижро этилаётгани ҳақида умумий назоратни амалга оширгани ҳолда қоида бузилишлари бўйича аъзо давлатларни хабардор қилади, холос.
Модомики, Ўзбекистон ЕОИИга кирадиган бўлса, ташқи савдо сиёсатимизда катта ўзгариш юз беришини, ҳам ички, ҳам ташқи ишлаб чиқарувчиларга таъсир этишини ҳисобга олиб, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тадбиркорларга ва умуман, аҳолига ЕОИИга киришнинг ижобий ва салбий томонлари ҳақида етарлича маълумот бериши, мавзу соҳа мутахассислари ўртасида муҳокама этилишини таъминлаши зарур.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ташқи савдо алоқалари қайси траектория бўйича ривожланади, деган саволга имкон қадар тез ва аниқ жавоб бериш зарур.

Шубҳа йўқки, ҳукуматимиздан бундай аниқ сигнални ишлаб чиқарувчилар ва инвесторлар кутмоқда. Мамлакатимиз раҳбарияти уч йилдан бери ташкилотга аъзоликдан кўриладиган фойда ва зарарларни, плюс ва минус жиҳатларни синчковлик билан ўрганиб чиқаётгани бежиз эмас. Зеро, танловнинг оқилона, рационал, эмоциялардан холи бўлгани яхши.

Дарвоқе:

Евроосиё иқтисодий иттифоқи қандай ташкилот?
Евроосиё иқтисодий иттифоқи — 2015 йил 1 январдан Россия ташаббуси билан расман фаолият бошлаган халқаро ташкилот ҳисобланади.

Бугунги кунда иттифоққа Россия, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Беларусь аъзо. Шунингдек, иттифоқ ва Вьетнам ўртасида эркин савдо шартномаси имзоланган. Молдова, Сурия иттифоққа аъзо бўлиш хоҳишини билдирган.

Евроосиё иқтисодий интеграцияси марказида маҳсулотлар, хизматлар, капитал ва меҳнат кучи учун ягона бозорни ташкил этиш ғояси ётади. Ташкилотнинг низоларни ҳал этувчи алоҳида суди, Евроосиё тараққиёт банки, шунингдек, Барқарорлик ва ривожланиш жамғармаси мавжуд.

Абдували СОИБНАЗАРОВ,

сиёсий шарҳловчи.

“Mahalla” газетаси

(2019 йил 10 – 17 октябрь, 44-сон)

Бошқа хабарлар