Блогерликнинг журналистикадан қандай фарқи бор?

56

Талабаликнинг илк кунлари, курсдошлар билан танишаётган пайтимиз эди. Ким нимага қизиқади, ким қайдан келган, ким нима билан шуғулланган? Бир қиз: «Блогерлик билан шуғулланаман», деб қолди. Дунёда шундай касб бор экан-да! «Блогерлик чемпионатига қатнашганман», деганида бу ҳам жиддий машғулот эканига иқрор бўлдим. Бир лаҳзалик ҳайрат унинг: «Энг машҳур постим гўзаллик салонига қанча харажат кетиши ҳақида» деган сўзидан кейин якун топди.

Бу атама жамиятимизга кириб келганига кўп бўлмади. Аввал унда-бунда кўзга ташланадиган кўнгилочар мавзуларни муҳокама қилиб юрган «азаматлар» аста-секин ижтимоий масалаларга даъво қила бошлашди. Буни жамоатчилик назорати, фуқаролик журналистикаси деб ҳам таърифлашади.

«Сўзчи ҳолин боқма, боқ сўз ҳолини…»

«Мен сизнинг фикрингизга қўшилмаслигим мумкин, лекин уни айтишингиз учун жонимни беришга тайёрман» деган эди ғарб дунёсининг ҳақпарастларидан бири. Демократик жамиятда ҳар ким фикр айтиш ҳуқуқига эга.

Интернет оламида бир хабар лоп этиб пайдо бўлган чоғ унга турли муносабатлар ёғилади. Блогерлардан тортиб, оддий интернет фойдаланувчилари бири олиб, бири қўйиб мавжуд ҳодисани ё инкор этади, ё олқишлайди. Уларнинг фикрича эса, бу оламда анча-мунча обрўга эга блогерлар таъсир этади. Бу ҳодисалар ҳақида чуқур мулоҳаза ва аниқ таклифлар пайдо бўлганда, воқелик бошқа шов-шувлар орасида кўринмай кетган, интернет тили билан айтганда, «тренддан тушган» бўлади. Хўш, бундай вазиятда нима қилишимиз керак?

Машҳур бўлишни ким истамайди, дейсиз. Ана шунча майдон турибди, одамларга ёқадиган фикр айт-да, қаҳрамон бўл. Мана, шу жойда «блогерлик синдроми»нинг бир белгиси ойдинлашади. Яъни, ўз шахсий қарашлари ва илғор фикрларга эга блогерлар қатори шов-шув кўтариб, ўз номини эл аро достон қилишга урингичлар учраб турибди.

Блогерлар воқеалар жараёни булоқдек қайнаб ётган, мутасаддилар тайинли изоҳ бермаётган, зиёлилар эса мумтоз сукутни афзал кўраётган шароитда пайдо бўлади. Ундан «беминнат» обиҳаёт олиб «ташна»ларга узатади. Мана сизга жамоатчилик назорати ва фуқаролик журналистикаси. Аслида ҳам шундай бўлиши керакми? Жамоатчилик назоратини амалга оширувчи, бутун фаолияти шундан иборат бўлган шахслар ҳам бор-ку! Депутатлар, журналистлар, ёзувчи-шоирлар…

Давлат раҳбарининг турткилашларидан сўнг озгина жонланган депутатлар ҳали «ўз позицияси»ни эгаллаб улгурмади. Аммо баъзи блогерлардан кўра, тезкорроқ ишлаётган депутатларнинг борлиги қувонарли.

Журналистларга келсак… биз жуда одоблимиз. Халққа тўғри маълумот етказиш, давлат ва жамоатчиликни муросага келтирувчи ахборотлар билан ишлаш бизнинг асосий касбий йўналишимизга айланиб қолмоқда. Бир зумда билдирилган, бир зумдан кейин бошқа йўналишга бурилиб кетаётган фикрлар пўртанасида ўзимизнинг тезкор, мулоҳазали ва рад этиб бўлмас таҳлилларимизни бериб бориш вазифасини уддалаш оғир кечмоқда. Аммо бу иш бизнинг гарданимизда. Токи, биз муаммо ҳақида гапирмас эканмиз, бошқалар бизнинг ишимиз билан шуғуллана бошлайдилар. Аммо уларнинг жазавага ўчлиги, ахборот билан ишлаш маданиятининг йўқлиги асоратлари бизнинг фаолиятимизга ўз салбий таъсирини кўрсатиши эҳтимоли бор. Айтмоқчимизки, ҳозир блогерлар от суриб юрган майдон юқорида тилга олинган соҳа вакилларининг асл ўрнидир. Токи, улар ўз ўрнида маҳкам турмас экан, ўртамиёна фикр соҳиблари жамоатчилик фикрини шакллантирувчилар бўлиб қолаверади.

Ҳазрат Навоийнинг «Вале ҳар бир рост ҳам дегулик эмас» деган огоҳлантиришини бугунги ахборот оламининг бир аспекти сифатида белгилаб олиш мақсадга мувофиқ бўларди. Бугунги блогерларимиз ҳақиқатнинг беомон жарчилари сифатида халққа берилган ахборот унинг ҳаловатини ўғирлаши, уни бундан ҳам жиддий бўлган муаммолардан чалғитиши мумкинлиги, бу орқали эса кимларнингдир тегирмонига сув қуйиши мумкинлигини унутмасликлари керак.

Одамлар нима дейди?

Хўш, ахборот оламидаги номутаносибликларни қандай қилиб ўз ўрнига қўйиш мумкин? Мутасаддилар томонидан таклиф этилаётган чора блогерлик фаолиятини лицензиялаш бўлиб турибди. Бу нимани англатади ва қандай натижалар бериши кутилмоқда? Соҳа мутахассисларининг фикри билан қизиқдик.

— Аксарият блогерлар томонидан кўтарилаётган ижтимоий муаммоларга мутасадди раҳбарлар ўз эътиборини қаратиб, улар ечимини топаётир, — дейди журналист, филология фанлари номзоди, доцент Наргис Қосимова. — Ҳаттоки, журналистикада тўрт йил ўқишнинг кераги йўқ, журналистлар уддалай олмаган ишни эндиликда блогерлар уддалашяпти, деган гаплар ҳам юрибди. Журналистлар бўлмаса, блогерлар аудиторияга сифатли ахборот етказиб бера олишадими? Журналист маълум муаммони кўтарганида, уни ҳар томонлама ўрганиб, бир нечта манба орқали мавжуд фактларни текшириб, мутасадди раҳбарлар, воқеа иштирокчиларидан интервью олиб, муаммога таҳлилий ёндашади. Бу орқали журналистиканинг асосий тамойилларидан бўлган холислик (объективлик) ва ишончлилик таъминланади.

Блогерлар мазкур масала бўйича ўзларининг субъектив фикрларини билдиришади. Аксарият ҳолатда муаммо бир томонлама ёритилади. Албатта, журналистика асосларидан хабардор бўлган блогерлар бундан мустасно. Аммо улар жуда камчилик. Агарда мамлакатимизда журналистика бўйича таълим берадиган йўналишлар ёпилиб, содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни ёритиш фақатгина блогерларга қолса, тасаввур қилаверинг, журналистика сифатининг қай даражага тушишини?! Бугун «YouTube»даги машҳур россиялик ва бошқа хорижлик блогерларни, ўзимизнинг блогерларни кузатсангиз, баъзида даҳшатга тушасиз. Интернетдан фойдаланувчиларнинг аксарияти ёшлар бўлганлиги сабабли уларнинг мутлақо адабий тил меъёрларига тўғри келмайдиган нутқи, номақбул хатти-ҳаракатлари кишини ҳам таажжублантиради (тарбия маъносида), ҳам зиёли одамнинг жаҳлини чиқаради. Аввало, уларнинг мақсади кўпроқ ўз постларига лайк йиғиш. Бу орқали мўмайгина даромадга эга бўлиш мумкин.

Ўзбекистонда ўта оммалашган телеграмм месенжеридаги машҳур блогерларнинг аксарияти журналистика факультетларини битиришган. Шу сабабли улар ахборот олиш ва узатишнинг қонун-қоидалари, муаллифлик ҳуқуқи каби тушунчаларга эгадирлар. Аммо мазкур қоидаларни қўпол равишда бузаётган, фақатгина кўчирмакашлик, плагиат билан шуғулланаётганлар ҳам йўқ эмас. Демак, блогерлик фаолиятини лицензиялаш, аввало, улар журналистларнинг ўрнини босади, дегани эмас. Балки бугунги кундаги ахборот майдонидаги мавжуд информацияни узатишни тартибга солиш, блогерлар фаолиятини назорат қилиш, аудиторияга сифатли, сохта ва ёлғондан ҳоли хабарларни етказишга шароит яратиш, демакдир.

Дард борки, даво истар

Уйга меҳмон келса, уйнинг саришталиги, оила аъзоларининг муомала маданияти, уларнинг бир-бирларини тинглай олишига қараб ушбу хонадон ҳақида муайян хулоса чиқарилади. Эрамизнинг иккинчи минг йиллигида меҳмонлар дарвозамиздан эмас, энг аввало, виртуал остонамиздан ҳатлаб кирадиган бўлишди. Шу сабабдан ҳам бугун интернет орқали Ўзбекистон имижини ошириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Фақат бир нарсани унутмайлик. Муаммосиз уй бўлмайди. Ҳамманинг ўз муаммоси бор. Бизнинг савиямиз муаммомиз бор-йўқлиги билан эмас, шу муаммони қандай ҳал этаётганимиз билан белгиланади. Блогерлик фаолиятини чеклашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу «синдром»га чалинган виртуал олам вакилларига бутун бошли халқ номидан ҳеч нарсага ҳукм чиқаришга ҳақлари йўқлигини эслатиб қўйишнинг ўзи кифоя. Фикр айтувчи ўз фикрига бошқаларни тарғиб қилар экан, бу фикрнинг тўғрилиги учун ҳам жавоб бериши керак. Шуни эслатиб қўймоқчимизки, фикрнинг масъулияти оғир, аммо унинг ортидан келаётган омма фикрини чалғитишнинг жавоби ундан ҳам оғир бўлади.

Маълумот учун:

Биринчи блог links.net — 1994 йилда коллеж талабаси Жастин Холл томонидан яратилган. Аммо у буни блог деб атамаган. «Блог» сўзи «веб-саҳифага кириш» маъносини билдирувчи «веб» ва «лог» сўзларининг бирикишидан ҳосил бўлган. Бу сўз 1999  йилда дастурчи Питер Мерхолз томонидан атама сифатида қўлланган. 1999 йил тузилган рўйхатга кўра, интернет тизимида 23 та блог мавжуд эди.  2006 йил бу кўрсаткич 50 миллионга етди.

Блогерлик фаолиятининг ривожланиб кетишига АҚШ сиёсий ҳаёти имкон яратиб бергани айтилади. 2001 йилда «мета блоглар» — блог юритиш ҳақида тушунтирувчи блоглар оммалашиб кетди. 2003 йилда ишга тушган АДСенс реклама платформаси ишга тушиши билан блоггерлар ўз блогларидан пул ишлай бошладилар. Микроблоглар ҳам мавжуд бўлиб унга биз билган ёрқин мисол — Twitter. Facebook платформаси ҳам микроблог учун қулай майдон.

Қисқагина ривожланиш тарихи давомида блогерлик фаолияти сиёсатга таъсир эта олувчи кучга айлана олди. Аммо унинг оммавий ахборот манбаси сифатидаги тараққиётидан кўра кишиларнинг интернет муҳитидаги онлайн персонаси тарғиботчиси сифатида ривожланиши тахмин қилинмоқда.

Суҳроб ЗИЁ

«Mahalla» газетаси

(45-сон, 17 октябрь 2019 йил)

Бошқа хабарлар