Жамоа манфаати рўёби

46

«Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамиятида 895 нафар касаба уюшма аъзоси меҳнат қилмоқда.

Уларнинг меҳнат муносабатлари борасида ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат қонунчилигига қатъий амал қилинишини таъминлаш, ишчи-ходимларни меҳнатига яраша тақдирлаш, моддий-маънавий ёрдам кўрсатиш, турли тадбирларни ташкил этиш касаба уюшма қўмитасининг асосий вазифалари ҳисоб­ланади.
Шу йилда кам таъминланган ва бахт­сиз ҳодисалар туфайли боқувчисини йўқотган оилаларга байрамлар арафасида 4 миллион 500 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари беминнат туҳфа этилди. Бундан ташқари, корхонада узоқ йиллар давомида самарали меҳнат қилиб, кексалик нафақасига чиққан собиқ ишчи-ходимларга соғлик­ларини тиклаш учун 14 миллион 300 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.
Наврўз байрами муносабати билан корхонада хизмат қилаётган эллик нафар ходим Хоразм вилоятининг диққатга сазовор жойларига саёҳатга бориб келган бўлса, мустақиллик байрами олдидан 47 нафар вакилимиз Қашқадарё вилоятига саёҳат қилишди. 52 нафар ишчимиз касаба уюшма қўмитаси маблағи ҳисобидан мамлакатимиздаги турли санаторийларда дам олиб келган бўлса, яна икки нафар вакилимизга Ялта шаҳридаги «Ўзбекис­тон» санаторийсида дам олиш учун имтиёзли йўлланма берилди. 45 нафар бола сўлим «Ишонч» ёзги болалар дам олиш оромгоҳида ҳордиқ чиқаришди.
Жисмоний тарбия ва спортнинг шахмат-шашка, волейбол, мини-футбол, арқон тортиш, югуриш каби саккизта тури бўйича корхона ва унинг туманларда жойлашган қуйи тизимлари хизматчилари ўртасида қизиқарли мусобақалар ўтказиш ҳам анъанага айланган. Қувонарлиси шуки, жорий йилнинг биринчи чорагида корхонамизнинг аҳил жамоаси учун замонавий мини-футбол майдончаси қуриб битказилди. Бу эса жамоа аъзоларига жуда манзур бўлди.

Шавкат ТУРСУНОВ,
«Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ касаба уюшма
қўмитаси раиси

Бошқа хабарлар