Мажбурий меҳнатга қарши курашда ўзбекистон тажрибаси ўрганилмоқда

294

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Малайзиянинг бирламчи саноат вазирлиги делегацияси билан учрашув ўтказилди. мазкур делегация АҚШ меҳнат вазирлигининг одам савдоси жабрдийдаларини ҳимоя қилиш ваколатини қайта расмийлаштириш бўйича далолатномасида қайд этилган мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати масалаларини муваффақиятли ҳал қилишда Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш мақсадида ташриф буюрган.

Учрашувда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолияти тўғрисида батафсил маълумот берилди. Мамлакатимиздаги энг йирик жамоат ташкилотларидан бири ҳисобланган касаба уюшмалари 14 та тармоқ касаба уюшмаси ва 32,4 мингдан ортиқ бошланғич ташкилотларда 5,1 миллиондан ортиқ ишчи-ходимни бирлаштиради. Бугунги кунга қадар касаба уюшмаларининг ҳимоя функциялари асосан бандлик, иш ҳақи, меҳнат хавфсизлиги, ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя каби йўналишларда амалга оширилаётгани, ратификация қилинган халқаро қонунлар ҳамда миллий қонунчилик талабларига риоя этиш борасида амалга оширилган ишлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Таъкидланганидек, бугун Ўзбекистон касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш жараёнида фаол иштирок этмоқда.
Жумладан, «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини депутатлар маъқуллангани ҳамда Сенатга юбориш ҳақида қуйи палатанинг қарори қабул қилиниши касаба уюшмалари қонунчилигини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди.
Меҳмонларга, шунингдек, Ўзбекис­тон касаба уюшмалари томонидан мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, бунда фуқароларга бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, халқаро меҳнат стандартлари, шу жумладан, ХМТ Конвенцияларини татбиқ этиш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар тўғрисида маълумот берилди. Касаба уюшмалари Федерацияси Юридик клиникаси қошида тун-у кун фаолият кўрсатаётган «Call center»ни ўз ичига олган аҳоли билан Қайта алоқа механизми тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтилди. Касаба уюшмаларининг ижтимоий мулоқотни ривожлантириш борасидаги фаолиятини кучайтиришга йўналтирилган ишлар ва шу мақсадда жамоа музокаралари ва ­жамоа-шартномавий муносабатларни янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган тадбирлар юзасидан муфассал сўз юритилди.
– Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш масаласига жаҳон миқёсида катта эътибор қаратилади, – деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев. – Малайзия делегацияси ташриф давомида мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига чек қўйишда Ўзбекистон тажрибаси билан танишадилар. Халқаро меҳнат ташкилотининг «Учинчи томон мониторинги» вакиллари билан учрашув, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан учрашадилар. Зарурат бўлса, пахта далаларидаги ҳолат, амалга оширилаётган ишларни ўз кўзлари билан кўриб баҳо беришлари мумкин.
Шундан сўнг делегация вакиллари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши қошидаги Юридик клиника фаолияти билан яқиндан танишдилар. Мурожаат йўлланганидан кейин ҳудудларда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатлари қайд этилганида кўриладиган чоралар, ташкил этилган ишчи гуруҳлар мониторинги ҳамда муаммони ҳал этишда эътибор қаратиладиган жиҳатлар меҳмонларда қизиқиш уйғотди. Бу борада ўзларини қизиқтирган амалиётга оид саволларга жавоб олишди.
– Ўзбекистоннинг мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига чек қўйишдаги фаолияти халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда, – дейди Малайзия бирламчи саноат вазирлиги бош вазири ўринбосари Тоисин Гантор. – Хусусан, юртингизда бу борадаги илк қадамлар 2010 йилда бошланган бўлса, бугунги кунга келиб тўлиқ барҳам топишига эришилди. Бу жуда катта ютуқ. Биз бу тажрибани ўрганиб, маълумотларни таҳлил қилиб, ўзимизга мослаштириш мумкин бўлган жиҳатларни Малайзияда амалга татбиқ иш ниятидамиз. Айни чоғда олган маълумотларимиздаги ўхшаш ва фарқли жиҳатларни белгилаб оляпмиз. Масалан, Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати асосан пахта йиғим-терими билан боғлиқ бўлса, бизда бироз бошқачароқ. Бу ҳолат, хусусан, палма ёғи етиштириш, ишлаб чиқариш ва бошқа йўналишларда учрайди. Ҳамма йўналишларни белгилаб, чегаралаш бироз қийин. Шу боис, ҳамкорликни йўлга қўйганимиздан мамнунмиз. Келгусида ҳам тажриба алмашишни давом эттириш умидидамиз.

Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар